Мавсума Мансурова 1961 йили Ангрен шаҳрида туғилган. Тошкент Автомобил йўллари институтида таҳсил олган. Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, 28-умумий ўрта таълим мактабида директор ўринбосари бўлиб ишлайди.
ШЕЪР СЕҲРИ
Шеър сеҳри дилимни айлагайдир ром,
Сўзнинг оҳангидан оламан ором.
Гоҳо шеър сирини тинглайман бедор,
Гоҳо ўз сиримни айлайман изҳор.
Гоҳида дарду ғам берар юракка,
Гоҳо кўтаради мени фалакка.
Яқин дўстингдан ҳам яқин экан шеър,
Гоҳ олов, гоҳ яшин, чақин экан шеър.
Айб қилсанг, у сени хафа қилмайди,
Шеър билан сирлашсанг, ҳеч ким билмайди.
Дуч келдим яхшию ёмон сифотга,
Шундан мухлис бўлдим адабиётга.
Шеър гоҳо кўзимнинг ёшин артади,
Менинг бу ҳаётга меҳрим ортади.
ДАРАХТЛАР
Дарахтлар кўрсатиб саховат, ҳиммат,
Олтинларин сочди заминга бу дам.
Меваларин берди жонидан қиммат,
Ечиб берди яшил либосларин ҳам.
Изғирин шамоллар елди ногаҳон,
Бўронлар тун бўйи улиди узун.
Табиатнинг ўзи бўлди меҳрибон,
Дарахтлар эгнига кийдирди оқ тўн.
Боғларнинг бағрига беркинган ҳаёт,
Дарахт илдизида тириклик ниҳон.
Баҳор келиб қушлар куйлади баёт,
Барг ёзди, гуллади дарахтлар чунон.
Боғлар тўн кийдилар ям-яшил, зангор,
Қаддига ярашди нафармон қабо.
Гўзал қиз мисоли яшнади баҳор,
Гуллар ифорини таратди сабо.
СОҒИНЧ
Дунё яримта ой мисоли кемтик,
Бир кам дунё сенсиз яна ҳам камдек.
Тунлар беҳаловат кутаман бедор,
Кундуз ҳижронингдан бўламан бемор.
Кутаман неча кун, на хабар, на хат,
Соғиндим қалбимда қолмади тоқат.
Олисдасан, сенга қилурман вафо,
Наҳот вафо учун мукофот — жафо.
Кунларнинг карвони ўтмоқда оғир,
Кун сайин ўт бўлиб ёнмоқда бағир.
Шамоллар келтиргай гулнинг ифорин,
Лекин гул не қилсин соғинса ёрин?
Тонгда тушларимни сувга сўзлайми?
Оқшом дардларимни елга бўзлайми?
Дунё яримта ой мисоли кемтик,
Бир кам дунё сенсиз яна ҳам камдек.
ОРАСТА ҚИЗЛАР
Ҳақиқий гўзаллик орасталикда,
Ҳусн — ақлу закога вобасталикда.
Ораста қиз гўё пари, фаришта,
Ҳар ишда, ҳар жойда доим саришта.
Дилни шод айлайсиз ширин сўз билан,
Ҳушни ўғирлайсиз оҳу кўз билан.
Гоҳо қиличдан ҳам ўткир тилингиз,
Мўъжиза яратгай чевар қўлингиз.
Рўзғорнинг файзи сиз, уйнинг давлати,
Хотинсиз қуруқдир эрнинг савлати.
Ақл билан йўқни йўндирган ҳам сиз,
Бошга бахт қушини қўндирган ҳам сиз.
Сизда барча яхши хислат, фазилат,
Шу боис барчага ўзингиз ибрат.
Ўзбек миллатининг камоли сизда,
Ақлу ҳуши бирла жамоли сизда.