Машраб Бобоев 1941 йил Самарқанд вилоятининг Челак туманида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетида тахсил олган (1965). «Онамга хат» (1971), «Баҳор кайфияти» (1974), «Гурунг» (1975), «Кечки троллейбус» (1977), «Бағишлов» (1978), «Олисдаги чироқ» (1980), «Сўз» (1982), «Мен билган сир» (1990), «Қани менинг юлдузим?» (1991), «Номсиз юлдузлар» (1991) каби шеърий китоблари нашр этилган. Бир қатор саҳна асарлари ҳам ёзган («Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Суянч тоғлари» ва бошқа). Кўп қисмли видеофильмлар [«Ирода», «Севги нидоси» («Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида миллий балет), «Кўнгил кўчалари»] муаллифи. В. Катаевнинг «Хаёл чечаклари» романи, Муин Бсисунинг «Ташриф қоғози», О. Чиладзенинг «Рангин дунё» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
* * *
Ором оғушида дилрабо бу тун:
Ойдин зулумотда жилмаяр баҳор.
Гул бўлиб очилар баргдаги тутун,
Анҳорда салқин бир эҳтирос оқар.
Ором оғушида дилрабо бу тун:
Юксакда юлдузлар ваъда қилар бахт.
Бировга қоқилиб кетмаслик учун
Авайлаб эгасин излар муҳаббат.
Ором оғушида дилрабо бу тун:
Майсаларга алла айтади сабо.
Соҳилда – мажнунтол, қомати дуркун,
Бир боққил, дегандай қилар илтижо.
Ором оғушида дилрабо бу тун,
Ўзи ҳам билмайди – бу не ажиб сир.
Уни эҳтиётсиз шарпадан ўқтин
Чўчитиб қўймаса бўлгани кимдир…
* * *
Икки сурат:
Бири –
Оламга
Гўдакнинг
Қизиқиши,
Ажабланиши,
Ҳайрати,
Соддалиги,
Табассуми ила боқади.
Бири –
Қатъий,
Сипо,
Улуғвор.
Заҳархандага мойилроқ лаблар –
Юмилган.
Қабоқлар ҳам.
Яна:
Хотиралар, хотиралар…
Ойдин-ойдин, ширин-ширин,
аччиқ-аччиқ
хотиралар.
Яна:
Бир тоғ, зил тоғ, исми –
Армон…
Аламнинг мангу чаккаси..
Айрилиқнинг
Яна
Учиб бораётганим
тубсиз қаъри…
Яна:
Ҳар дақиқаси
«Қандай қилсам у шод бўларди?»
саволига тўлар умр…
Шуларни ташлаб кетган
Менга Онам.
* * *
Ҳаёт турли жойда турлича кечар,
Турли шаклларда бўлар намоён.
Ҳаёт – қишни ёриб чиққан бойчечак,
Ҳаёт – ушалмаган, ушалган армон.
У қайдадир меҳр-муҳаббат, ихлос,
Қайдадир – ёзилмай қолган бир варақ.
У қайдадир руҳан ва жисман парвоз,
Қайдадир руҳан ва жисман жасорат.
Ҳаёт – чол юзида ажин ва қайғу,
Зулумот бағрини тилка қилган нур.
Бола чеҳрасида мусаффо кулгу,
Ватан тақдирига тиқилган умр.
У гоҳо чирмашар кошоналарга,
Ивирсир чумоли каби ғалати.
Қўнғиздай ғувиллар майхоналарда…
У шунда… Тириклик бўлиб қолади.
* * *
Бу оқшом кўзларинг сингари теран,
Сочларинг сингари мулойим.
Бу оқшом ўзингдай эрка ва беғам,
Ҳам ўзингдай оромга мойил.
Бу оқшом нафасинг сингари илиқ,
Бўсангдай оловли, табаррук.
Бу оқшом ўзингдай суйгулик.
Симириб қўйгулик, Тасаддуқ!
Бу оқшом васлингдай ҳаётбахш, қисқа,
Ҳажрингдай беадоқ, беадад.
Бу оқшом ўзингдай оромижон ва
Ўзингдай беаёв,
Бешафқат.
Бу оқшом – кўчангда илк бор тентираб
Юрган кунимданоқ муқаррар.
Бу оқшом –
Ҳар оқшом каби сен билан…
Сенинг ёдинг билан мунаввар.
* * *
Кўнглим чорбоғига куз ҳоким бугун,
Умид япроқларин ерга тўшаган.
Шодлигим қайдадир тентирар юпун,
Шодлигимни излаб йўлга тушаман.
Ўйлардай эшилиб ётади йўллар,
Йўллар қамраб олган бутун дунёни.
Мени қайларгадир элтмоқчи улар,
Мен-чи, шодлигимни излайман ёниб.
Бугун анҳорда ҳам ҳасрат тошқини,
Куйлайди соҳилда бир қиз паришон.
У балки… У балки ўйлайди мени,
Мен-чи, шодлигимни излайман ҳамон.
Қайдадир кулгуга самовот тангдир,
Қайдадир соғинчдан ингранади най,
Қайдадир тўлиқиб йиғлайди танбур.
Мен-чи, шодлигамни излайман тинмай.
Юксақцан юлдузлар мўлтирар унсиз,
Пастрокда томчи ёш турар муаллақ.
Ой нурида музлаб қолибди, эссиз..
Мен эса, шодликни қидириб ҳалак.
Кипригин кўтарар мудраган уфқ,
Менинг киприкларим юмилар секин.
Япроқлар тўкилиб тугагани йўқ,
Шодлигимни излаб тинганим йўқ мен…
* * *
Биз одамлар –
Атомлармиз асли,
Кашфиётлар ичра нодир кашфиёт.
Йигирманчи –
Асабий аср Кайфияти бизга кайфият.
Ернинг умид кўзи билан қадалган, –
Мени ўлдирманг! – деб
Қилар илтижо.
Портлашимиз мумкин ҳар бир қадамда.
Тўқнашиб кетишдан асрасин Худо…