Машъал Хушвақт 1961 йилда туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Асака туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабида адабиёт фанидан сабоқ берган. 2021 йил 28 апрелда вафот этган.
СОАТ
Хонамда мен билан яшайди бир қуш,
Патлари забаржад, олмос тумшуғи.
Кечираётган оним – бу қушга емиш,
Яшаётган лаҳзам – унинг озиғи.
У тинмай чирқиллар, ғизо кутади,
Қадаб вужудимга юҳо кўзини.
Олдига ташласам бир-бир ютади,
Бошимдан ўтказган ҳар бир лаҳзани.
Кунларимни бир-бир ютиб юборар,
Ойларимни бир-бир ютиб юборар,
Йилларимни бир-бир ютиб юборар,
Шу тахлит, шу тахлит, шу тахлит.
Наҳотки, дунёга шу қуш деб келсам,
Наҳот, шу очкўзни вазифам боқиш?
Кўтарар бошини қачон билмасам,
Ўзи қачон тўяр бу очофат қуш?
ШАҲРИХОНСОЙ
Шаҳрихонсой,
Шаҳрихонсой,
Каноранг хаёл каби.
Муштипарсан, мунглисан,
Мен севган аёл каби.
Сойгинам, уй қурганга,
Ковуш-ковуш тош бердинг.
Тўйиб-тўйиб йиғлаганга,
Ҳовуч-ҳовуч ёш бердинг.
Хизр иши тушган сойсан,
Муҳаббати тошган сойсан.
Осмонлардан фаришталар
Чўмилгани тушган сойсан.
Ботин уйим хароб бўлиб,
Обод бўлса зоҳирим.
Ҳузурингга дарров бориб,
Нажот топдим, соҳирим.
Гуноҳдан паноҳ топдим,
Густоҳдан бўлдим огоҳ.
Қадамда гумроҳ топдим,
Топдим фақат аҳли жоҳ.
Кўнглим арзи туроб ўлди,
Титроқ – гулу райҳоним.
Ашким дуру хушоб ўлди,
Ошкор ўлди ниҳоним.
Сойгинам,
Ҳой, сойгинам,
Сув ур қобиқ-пўстимга.
Чўмилтириб жимгина,
Элт мени чин дўстимга.
КУЗ ТАШБЕҲЛАРИ
Бунчалар дардмансан,
Бунчалар сўлғин,
Бунча ҳам муштипар, кимсасизсан-а?!
Мен сени жон-жон деб, қиз қилиб олгум,
Мунисгинам, менинг кузгинам!
Қиёфангни кўриб эзилди жоним,
Бўлди мунгли-мунгли жисмимда борим,
Юзлари заъфарон, заиф беморим,
Маҳзунгинам, менинг кузгинам!
Сен арзи саробим, баҳри хубобим,
Ошиқлар рангидек ранги зардобим,
Парвона умридек умри нобобим,
Зарюзгинам, менинг кузгинам!
Тобора вужудинг совуб борар, воҳ,
Маъюс табассуминг сўниб борар, воҳ,
Метин юрагимни ҳасрат ёрар, воҳ,
Маъюсгинам, менинг кузгинам!
ҚАРЗДОРЛИК
Қарзимни биламан,
Тоғ суяк берган,
Юлдузлар кўз берган,
Яшин – кескир тил.
Тахайюлни эса олдим самодан,
Сабодан олганим – девона кўнгил.
Кундуз шодлик берди,
Ғуссани кеча,
Шижоатни сўраб оловга бордим.
То унинг ўзига керак бўлгунча,
Шу азиз тупроқдан қонни қарз олдим.
“ШОҲНОМА”НИ ЎҚИБ
Оҳангар дўкони.
Болта ясалар.
Сандондан юмалаб тушар соққа чўқ.
Ўчоқнинг нафаси тағин қисилар,
Зувола босқонга боқар кўзи лўқ.
“Тақа-туқ!” “Тақа-туқ!”
Қишлоқ ухлайди.
Зувола атрофга туфлайди учқун.
Фақат бу қўшиқни,
Бу куйи зорни,
Бироз ҳадик билан тинглайди юлғун,
Бироз қўрқув билан эшитар чинор.
Оҳангар дўкони.
Ясалар қилич.
Қишлоқда негадир менгина нотинч,
Гўё мен гуноҳкор,
Гўё мен осий.
Чўчитади мени босқон овози,
Ёшим кўзларимга югуриб келар.
Шошиб чўнтагимга қўлим беркинар,
Эгилади бошим ўзидан-ўзи.
* * *
Бирдан чопқир сувлар қолди оёқдан,
Қуёш – суворийнинг қамчиси синди.
Яланғоч дарахтлар куйди совуқдан,
Гулханида хоин шамол исинди.
Қаҳратон – сеҳргар, унинг кўз қири
Тушган нарса борки, бари – муз демак.
Ҳар олган нафаси эса – изғирин,
Кўксидаги соқол – сумалак.
Кун келиб…
Сеҳрдан атроф қутулар,
Югургилаб кетар сувлар ҳам дарҳол.
Шунда далаларда вақт қор курар,
Шунда кўчаларни супурар шамол.
Узоқлардан ҳориб келган бир қушни
Қучоғига боғ шошиб олар.
Дабдурустдан бу жоҳил қишнинг
Соқолига кимдир чанг солар.
* * *
У туфайли қанча аламлар ютдим,
Қанча ғамга тутдим у деб юракни.
Уни ойлаб кутдим, йиллаб кутдим,
Йиртдим неча-неча кўйлакни.
Не ёмғирлар ёғди,
Не қорлар ёғди,
Кўксимда яшади тоқат асирдай.
Шўрлик юрагимни умидлар боқди,
Ишонч етаклади уни басирдай.
Минг шукур,
Ҳали ҳам айланар тилим,
Ҳали ҳам ўлимни ўйлаганим йўқ.
Пешонам остида қорачиқларим
Йўллар елкасини куйдираётган чўғ.
Ҳали уни яна узоқ кутаман,
Аламлар ютаман минг бора яна.
Йиллар, шошманг, сиздан зор ўтинаман,
Йиртгани кўйлагим бор ҳали, мана.
* * *
Ёрғучоқ тошидай айланар фалак.
Аршдан макон излаб чиққан умрлар.
Эҳ, ана,
Бошқа бир оламга ўтар –
Мен ўттиз йил қидирган малак,
Сен ўттиз йил кутган баҳодир –
Бу дунёга келмаган кадар,
Бу дунёга тушмаган тақдир.