Мақсуда Эгамбердиева 1955 йилда Фарғона вилоятидаги Боғиш қишлоғида туғилган. 1977 йилда Тошкент Давлат Дорилфунунининг ўзбек филологияси куликётини тамомлаган. 1978 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда «Гулбарг», 1980 йилда «Ёш гвардия» нашриётида «Мактуб», 1985 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда «Насиба», 2011 йили “Осмон соҳилида” номли шеърий тўпламлари босилиб чикқан.
ШУ БАҲОР
Шу баҳор тутмади шафқатин дариғ
Мендан юз ўгирган илҳом париси.
Тўлди-да бир мушкин ёмғирга борлиқ,
Етди димоғимга раънолар иси.
Зангори кўлдайин осмон беғубор,
Навбаҳор йўлига соғинчлар сочдим.
Майса бўлиб унган умидларим бор,
Телба тўлқинларга кеча сир очдим.
Куртаклар бағрига яширган маъво,
Маҳрига етарми олам-жаҳонлар?
Лойқа изни ювди мусаффо ҳаво,
Сармаст — сумалакка етишган жонлар.
Дошқозондан тошган сумалак недир?
— Қирларга ёйилган мунис бойчечак.
Момолар қалбида ўлмаган сурур,
Болаларга тубсиз, давомли эртак.
Бодом хосиятли тушин таъбири —
Ой кўйлакни тонгдан айлайди қабул.
Шабнамлар мўлтирар — тугайди сабри,
Муаттар тугунни очсин атиргул.
Эшитиб гулдирак нидоларини,
Ўзинг-чи, тополмай жилғалар гирён.
Гуллаган ўрикнинг новдаларини
Суртиб юзларига, пичирлар осмон.
Кел — эй, кўҳна Наврўз, хўрсиниқ, наво,
Кишнаган тулпорлар, мушфиқ қалдирғоч..
Жафокаш ҳар кўнгил етишган сафо!
Муборак уйғонган ҳар гул, ҳар оғоч!
СЕНИ ЭСЛАБ
Негадир ҳаммаси бўлди тескари,
Мен сенимас, ҳа сен мени унутдинг.
Негадир, бошқача тус олди бари,
Ўзга ёр қўлини сен қандай тутдинг?
Йиллар кўпригидан ўтиб бораркан,
Тақдир ҳазилини тушунолмадим.
Бўш болишга, бериб тақдиримга тан,
Бошимни қўйдиму, кўз юмолмадим.
Дилдаги саноқсиз суратларингни
Ёқиб тугатолмас эскирмас алам,
Соғинсам меҳрибон суҳбатларингни,
Ўрнига ҳеч нима беролмас олам.
Изтироблар аро чиқмиш саводим,
Афсус, мактуб ёзсам, етмас ўтмишга.
Энди ўрганмоқдир ёлғиз муродим,
Ўз кўнглим ёнидан лоқайд ўтишга.
* * *
Ўкинчлар сеники, жуфти йўқ аёл,
Сен эса ҳеч кимнинг суянчи эмас.
Ўрик гулларидек тўкилган хаёл,
Сенинг бу файзи йўқ кулбангни севмас.
Аёлнинг беори, эрнинг номарди.
Сенга тиғ санчишда иккиланмайди.
Сенинг ҳимоясиз, юпқа соянгга —
Юқаверар қувноқ жононлар гарди.
Шафқат сўраб турган дарду дилингни
Кўзлардаги шубҳа эзиб қўяди.
Маккора саволлар қисар тилингни
Бош урганинг девор «кулиб» қўяди.
Пешонангнинг ўзи қилмагач карам,
Муҳаббатинг мулки қолгач беэга,
Онанг куяр, лекин истамасанг ҳам,
Санчилган тикансан ота уйига.
Кўзингдан тўкилган девона ёшлар,
Мадҳу сано айтар бенажотликка.
Аёвсиз нур билан ойлар, қуёшлар
Бостириб киришар мулкингга тикка.
Йўл юриб, манзилга етолмайсан ҳеч,
Кўп бор алданасан, бир шарпа кутиб.
Борасан, кўзинг — ўт, қошларинг — қилич
Сендек қайсарни Ғам қўёлмас ютиб.
ЭЛИМГА
Боғи кўкармасин сени сотганнинг,
Сени талаганлар итдан хор бўлсин.
Туҳмат тошларини сенга отганинг,
Авлоду аждоди шармисор бўлсин.
Сени алдаганлар кул бўлсин куйиб…
Ҳаёт манзаралари
Лайлаклар сув ичган Ойдинбулоққа
Булутлар термилар ойсираб.
Бир сигир оламни тутар сўроққа,
Туннинг деворига шохларин тираб.
Сукунат кўрпасин ухлар ёпиниб,
Супуриб қўйилган эшиклар таги.
Ниҳоят, тонг отар тиниқиб, тиниб,
Кимнинг куни туғар, кимнинг эрмаги?
Кабоб ҳидин сезмай ўтар гузардан
Келинчак қўлидан ош еган йигит.
Бува “инга”сидан бошлари осмон,
Бир уй тўла инсон бахт-ла бир вужуд.
Чойхона. Тўрт улфат баҳслашар тинмай,
Бузмай вақт амрига ҳеч пинагини,
Гап қизитар тинмай, ўзлари билмай,
Айлантириб ҳаёт ғилдирагини…
Яхши тушлар кўринг
Яхши тушлар кўринг, ойдин кечалар,
Термилиб турганда юзингизга бахт.
Босган изингизни сақлаб кўчалар,
Исмингиз шивирлаб айтаркан дарахт.
Яхши тушлар кўринг, уйқусиз гуллар
Сизга афсоналар тўқиётган чоғ.
Юлдузларга боқиб мудроқ довуллар
Ўзича фалсафа сўқиётган чоғ.
Яхши тушлар кўринг, ҳазрати инсон,
Яхши тушлар кўринг, эй дилбар аёл!
Яхши тушлар кўринг, она, отажон,
Ухланг мурғакларим, ширин, бемалол!
Яхши тушлар кўринг, ойдин кечалар,
Сизни ўйлаб яшар бу кўҳна олам.
Сизни ўйлаб яшар неча-нечалар,
Сиз учун тайёрдир хатарларга ҳам…
Яхши тушлар кўринг, ойдин кечалар…
Ватандошларимга
Ёнингизда турса кимдир жигархун,
Ташлаб қўйинг аста кўз қирингизни.
Жонимизга дармон шу Ватан учун
Ватандошлар асранг, бир-бирингизни.
Кам бўлади бунақа кунлар
Кам бўлади бунақа кунлар,
Қуёш гўзал, ҳаво мўътадил.
Учраганлар-одамохунлар,
Боқишлари меҳрли оқил.
Аразлама афсоналардан,
Сени улар суяйди кўпроқ.
Кўнгил узиб кошоналардан,
Ҳорғин дилга ёқа ол чироқ.
Майли, сени ёмон десалар,
Ахир, сенга аён ҳақиқат.
Ва жоҳиллар, майли, кулсалар,
Сенга Тангри қилур марҳамат.
Ахтаради шеърият дархон,
Ҳайрат билан чок-чок дилни.
Ғирромларни танлайди даврон,
Абадият танлар пок дилни.
Кам бўлади бунақа кунлар…
Болакай
Сен борсан – дунё бор, болакай,
Қутқаргил дунёни заволдан.
Дунё лол, сен берган саволдан,
Сен борсан – дунё бор, болакай.
Кулгинг – соф, бу фақат кулгидир,
Баҳорга бичилмас, бебаҳо.
Ишончинг дунёнинг мулкидир,
Яшашдан, асли, сен – муддао.
Сен борсан – дунё бор, болакай…
Келинчак
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир,
Сен – малика, куёв – шоҳ, тўйхона – қаср.
Саломлар қил, самовий нурлар қўлласин,
Момолардан қолган урф – сирлар қўлласин.
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир.
Икки дилни пайвандлар сурнай навоси,
Ёринг бўлсин бир умр ишқинг фидоси.
Тўлғанади куй-қўшиқ, силкинар танлар,
Юракларни тарк этиб учар армонлар.
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир.
Ўғил боққан унутмиш йиллар заҳматин,
Шафқат қил, кутиб яша ҳаёт шафқатин.
Назокатинг бебаҳо денгиз дуридан,
Қадамларинг нишона бахт суруридан.
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир.
Жаранглаган торларнинг энг жаранги – сен,
Оқ кўйлакда гуллаган боғлар тонги – сен.
Бўйларингда нигоҳлар қилгайлар дуо,
Шу хонадон дардига топгандай шифо.
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир.
Саломлар қил, келганинг ҳовли-маконга,
Жигарлару қўшнилар, лол хонадонга.
Саломлар қил, орзулар, оқ тилакларга,
Суйиб боққан чеҳралар, пок гўдакларга.
Ял-ял ёнган келинчак, дил сенга асир.
Тегирмон олдида
Бетакрор қарашлар, ноёб ақллар,
Айланаверади оддий парракка.
Айланаверади тегирмон – йиллар,
Узаяверади йўллар – юракка.