Манзура Эгамбердиева 1987 йилда Элликқалъа туманининг Бўстон шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Ёниқ кўзлар” шеърий китоби нашр этилган.
СЕВГИМНИ АСРАБ ПИНҲОН…
Қалбимга бир назар солдим бу оқшом,
Муҳаббатим мазмунини изладим.
Олис тунлар юлдузлардан етди пайғом,
Ҳатто сизнинг хаёлингизни сизладим.
Алмашмайман бахту баҳоримни ҳеч
Кузнинг хазон баргларига мен зинҳор.
Алмашмайман севгим туморини ҳеч,
Токи танда жоним эрур барқарор.
Қалбимдаги севгимни асраб пинҳон,
Садоқатдан кияжакман олий тож.
Севганимнинг васли менгадир эҳсон,
Тангрим этмас ошиқни ишққа муҳтож…
* * *
Кетдинг йироқлашиб, қалбимни доғлаб,
Мен эса соғинчлар бағрида ёндим.
Суюк хотирангни дилда ардоғлаб,
Дунёдан, кўнгилдан, ўзимдан тондим.
Қаерда бўлсанг ҳам қалбим туғёни,
Бошлайди сен томон, дилга султонсан.
Сен-ла тугал дейман ахир дунёни,
Юрагим бир парчаси бўлиб қолгансан.
СОҒИНЧ
Ҳижронларинг кўксимдан ўтди,
Қалбим сенинг висолинг кутди.
Фироқингда куймишам нетай,
Қалбим фарёдлари самога етди.
Олис тунлар хаёл паришон,
Сени излаб кўзларим гирён.
Висолингга етарманми, айт,
Қайлардасан суюкли инсон.
Самоларга хаёлим учиб,
Муҳаббатим дунёни қучиб,
Сени, фақат сени ахтардим,
Келақолгин қалбимга кўчиб…
* * *
Сенинг исминг ёзиб толмагай қалам,
Гарчи азобидан куйса-да дилим.
Муҳаббат ғунчаси юракка малҳам,
Соғинчлар жисмимни қилар минг тилим.
Қароғимда музлаб қолган ёш,
Кўнгил томон оқар ашки нобларим.
Садоқат бахш этар улкан бир бардош,
Арзимас туюлгай ғам-азобларим…