Мансур Ғаниев (1988)

1988 йилда Шўрчи туманида туғилган. Термиз Давлат университетининг филология факулътетида таҳсил олган. Ҳозирда “Шарқ зиёси” газетасида фаолият юритади.

ЙИЛЛАР ХОТИРАСИ

Она, қорлар тушиб қолди
Йўлимизга,
Соғинчларнинг каптарлари
Кўнглимизда.

Оқ ёмғирлар ёғиб ўтди
Тушларимдан.
Қайноқ селлар келаётир
Ичларимдан…

Яна йўллар хотирамга
Чизилар дўнг,
Қари тутлар қатор-қатор
Тизилар сўнг.

Сўнгра бари эсланади
Хаёл ичра –
Хотиралар юрагимга
Бахт ичирар.

ИҚРОР

Ёлғон. Ёлғон. Ёлғон.
Йиғлаганим ёлғон –
Кўзимга, юзимга
Ёмғирлар томган.

Хаёл. Хаёл. Хаёл.
У мангу бир хаёл –
Кимнингдир умрини
Безаган Аёл.

Тонг

Бедорликка қўйиб сўнг нуқта,
Соҳир саҳар бошлар маросим.
Мана, парқу булутлар кўкда
Ёруғликка қилишар таъзим.

Қуёш нури – оппоқ тойчоқлар
Сакраб тушар фалак томидан
Ва барглари бир-бир қучоқлар
Уялишган гуллар номидан.

Гулим

Гулим, рухсорингиз бунчалар узоқ,
Товушингиз кўксим ёрмайди нега?
Биламан, бу кўзлар, алдоқчи – тузоқ,
Расмини сиз ташлаб кетгансиз менга.

Саболар кетказмас юракнинг дардин,
Ғамгин қушлар сайрар кўнгил шохида.
Кўксимга: “Севаман!” деб муштламадим,
Лек, яшадим шу бир сўз паноҳида.

Оҳларим бўлдилар тонгнинг насими,
Қалбимнинг тубидан тўкилмокда – жон.
Айтинг, айтинг, гулим менинг севгимни
Қалбингизга олиб кирасиз қачон?

Муҳаббат

Сочларингни саболар олди,
Лабларингдан ўпди булоқлар –
Ўртамизда ҳаволар қолди,
Бўсаларни ювди қирғоқлар.

Бармоқларинг эркалаб, суйиб,
Иситмоқда гулхан нафаси.
Тун бағрида юлдузлар куйиб,
Оҳ чекар, бу кеча ҳаммаси.

Шўхликларинг ютган дарёми,
Қуриб қолди меҳринг сойлари.
Бахт ҳукмида турган дунёни
Иккимизга ишқ дор айлади.

Совуқ-совуқ шамол қўзғалди,
Кўкда қора булутлар сузгай.
Икки қалбга тўкилиб қолди,
Муҳаббат – оҳ, хазонли куздай…

Улғайиш онлари

Яна бир фасл улғайдим, балки,
Юрак ўйчан тортди кун сайин.
Руҳ ўтида ёнишлар ҳаққи,
Ҳур сўзим, мен сени куйлайин!

Руҳ шамолин сойлардай шошқин
Туйғуларга бердим – оқиздим.
Қирғоқларга сиғмаган тошқин
Келаверди бир дарё бўлгим.

Қоришгунча олтин тупроққа
Боболарнинг қалб ёди каби,
Ватан, битта хонанг, ёрита
Олармикан умримнинг шами.

Умр бўйи қалбим тўридан
Кўзларимга тик боқар бир кўз.
Юрагимнинг туб-тубларида
Зилзиладай туғилмоқда сўз.

Соғиниш

Одамлар тўзғийди.
Бекатлар қолар –
Бахтин ўғирлатган бебахт кун каби.
Тонггача кўксимда жон оғрийверар,
Оҳ-воҳлар бўғзида қолган тун каби.

Ёнингизда эдим.
Осмон бор эди,
Сизнинг кўзингиздай, она, тип-тиниқ.
Мен тош ҳаволарга кўз тикиб, энди,
Осмонни соғиниб қолганим аниқ.


Хаёл торлик қилар

Хаёл торлик қилар. Келади учгим,
Юлдузни, самони кўзимга жойлаб.
Қора шаббодадай кечани – ичдим,
Ҳайратдан ўлдириб қўймагин , ё раб!

Сарғайиб осмон бир чети – ой чиқар,
Ойдинлашар олам, шуълалар иниб.
Қизарар булутлар – шафақранг сачрар
Шамол пичоғида гўё тилиниб.

Само мени чорлар… Қанотли руҳим
Майин булутларни бағрига қучиб,
Сенга бораяпман кўкдаги оҳим,
Юксак юлдузлардан баландроқ учиб!

Замину замоннинг темир уйидан
Бўшалиб,
Самовий боғлар томон мен –
Улкан бир қуш каби парвоз қиляпман,
Гўзал кеча фақат тугаб қолма, сен!