Маҳлиё Умрзоқова (1990)

Маҳлиё Умрзоқова 1990 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Тошкент Гидрометеорология касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

БАҲОР

Олис ўлкалардан шивирлаган туш,
Бутун вужудимни чулғайди хаёл.
Баҳор нафасидан кўнгиллар сархуш,
Гўёки ясанган танноз бир аёл.

Тиниқ осмонингда яйрайди қушлар,
Тошқин анҳорларда оқади шодлик.
Сенинг қучоғингда ўтган кунлaрим,
Қанчалар шириндир, қанчалар тотлик.

Баҳор – кўзларимда гуллаган илинж,
Баҳор – киприкларда қиқирлаган ёш.
Умид-ла кўкларга бўй чўзар севинч,
Бамисли борлиққа сингийди қуёш.

Энди юрагимда унгай бойчечак,
Музлаган ерларнинг юзини силаб.
Энди тупроқларда гуллайди чечак,
Меҳрибон заминнинг бахтини тилаб.

ЎТИНЧ

Кўзларимга боқмагин энди,
Киритмайман орзуларимга.
Ўйларимга айланма энди,
Айланма дил ёзувларимга.

Нигоҳимга кетмагин чўкиб,
Қўл бермайман туйғуларингга.
Кетгум дилда боримни тўкиб,
Кирмагайман уйқуларингга.

Нигоҳларинг остонасини
Банд қилмайман, энди дил беҳол.
Мужгонларнинг дилхонасида
Яшайвергин ўзинг бемалол…

АЁЛ

Ялпизларнинг ширин исидан,
Ифоридан яралганмисиз.
Осмонларнинг тиниқ кўзидан,
Виқоридан яралганмисиз.

Олис Боботоғнинг бағридек
Жозибали, осуда кўнгил.
Дарахтларнинг дилгир баргидек
Маъюс титраб туради пок дил.

Ниятлари булутлардек соф,
Оқ кемадек сузиб юради.
Юлдузларнинг кўзидек шаффоф,
Кулгулари кулиб туради.

Қўлларида игна қадоғи,
Меҳр каби гуллаб туради.
Чеҳрасида Она тимсоли
Келажакка йўллаб туради.