Маҳфуза Имомова (1989)

Маҳфуза Имомова 1989 йилда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган. Ҳиндистоннинг Бангалор университетида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукни остида “Ёруғ йўл” номли шеърий тўплами чоп этилган.

* * *

Тун негадир кўринмай қолди
Тунамоқда балки йўлакда.
Ой ёруғлик ичра йўқолди.
Қуёш чиқди…
Шаффоф кўйлакда.
Чапак чалиб қўйди чумчуқлар.
Ҳар чечакка кирди иссиқ жон.
Баҳор келди заминни йўқлаб,
Уч фаслни қилгач имтиҳон.

* * *

Оқармоқда осмоннинг рангги,
Шитирлайди…
Дарахтлар юпун.
Туш кўрарман, мен бугун янги,
Эскиларин унутмоқ учун.

Оқармоқда оқшомнинг рангги,
Бардошимни синар сукунат.
Чорлаяпман латиф бир тонгни,
Қизғалдоқлар баргида тунаб.

Оқармоқда хира кунларим,
Изтироблар, энди хайру хўш.
Сен кетарсан умримдан нари,
Мен кетарман кўргали бир туш.

Ишқ кетмайди бизлардан фақат…

* * *

Борар йўлим аниқ.
Борар йўлим чин…
Кетяпман…
Атрофда бир уюм хазон.
Ортимдан эргашиб келяпсан нечун?
Мен сенга боғланиб улгурдим қачон?
Барибир кетяпман…
Юрагим оғриб…
Кўзларинг тубига бўлмоқдаман ғарқ.
Ўртада бепоён масофа бордир.
Каттадир азизим, ўртамизда фарқ.
Оҳ, чалғиб кетяпман…
Орзуларимдан..
Менга азоб берар бу айри дунё.
Муҳаббат, охирги сўзни ўзинг айт
Кетайми,
Кетайми,
Қолайинми ё?!

ТОНГ

Оғриқ берар бу кеч  жароҳат,
Кўзларим  лиқ соғинчга тўлган.
Сен ҳам мени куттирма фақат,
Сен ҳам барвақт туришни ўрган!

ОНАМГА МАКТУБ

Супрада ун борми,
Қозончада ёғ,
Ёмғирда ҳўл бўлиб қолдими ўтин?
Кичрайиб қолгандек бугун ҳаммаёқ.
Онажон, орадан шунча йил ўтиб
Мени ҳам соғиниб кетгандир, қишлоқ?
Елкамга кўнгилнинг юкини ортиб,
Қиз бошим билан мен ҳамон сафарда.
Кўзим-ла чамалаб осмоннинг ортин.
Оёғим тупроққа тўлар, шаҳарда
Настарин гуллари тутар ёқамдан.
Кун сайин сочилиб кетар кўчалар
Қай бирин тугатай?
Айни шу дамда,
Кечирган кунларим келиб ўч олар.
О, қандай ажойиб эди мен кўрган
Тушларим, ухламоқ осон баридан.
Уйғониб излайман дунёни биркам
Дадамнинг қолдирган чопонларидан.
Сиғмайман кенгликлар бўлмаса уйда
Ҳар битта ғуссангдан кетганман озиб.
Ёшим ҳам улғайиб бормоқда ўйдан.
Хавотир қалбимни турткилар ҳозир
Уйимиз совуқми…
Эшик олдидан
Укам бир чеккага олдими қорни?
Қалинроқ ўранинг,
Иситсин чидам,
Она, уйимизда муҳаббат борми?

* * *

Келдим,
Келмасидан тонг саболари
Қуёш найзаларин санчмасдан келдим.
Елкамда йўлларнинг иддаолари,
Йиллар истибдодин янчмасдан келдим.
Келдим,
ҳар япроққа сўйламай келдим,
Ҳаддимдан ўзгага бўйламай келдим.
Нада бир тадорик, на шубҳа гумон,
Ҳаттоки бир бора ўйламай келдим.
Мен шундай мард келдим,
сержуръат келдим,
Келмасам бўлмасди, келсам бўлмасди.
Кўзлар ҳам тўларку, нечун тўлмас дил?
Мен шундай дард келдим, ложувард келдим.
Келдим,
остонангда турибман кутиб,
Шошма, эшикни тез очиб юборма.
О, донишманд зот,
Мўйсафид Ҳаёт –
Сен мени ҳавога сочиб юборма.
Ер қаттиқ, кўк баланд, умр сарсари,
Юракда кўз очсин бари шодликлар.
Гўзаллик, муҳаббат, бахтдан ташқари,
Сен мени айирма паришонликдан…
Келдим…

МУСОФИР

Кетасан, йўлларга томиб борар дил,
Кетасан, ҳеч ким-ла қилмай муроса.
Одамлар манзилга томон борадир,
Сен ҳамон ўтмишга томон борасан.
Елкангни эзгудек оғир китоблар…
Юрагинг пичирлаб алланима дер.
Имласанг, юзларин беркитиб чорлар,
Ҳайдасанг, ортингдан келаверар шеър.
Уйинг тор, қишлоқ ҳам…
Сиғмайсан кўкка,
Сени қай орзулар қамраб боради?
Кимсасиз чўлларда,
Тоғлари улкан,
Йилларнинг шамоли ямлаб боради.
Дадилроқ қадам бос, умр сўнгида
Кўринсин ҳар битта одамнинг изи.
Бошингга қор тушса, дўл тушса чидаб
Манзилга етгайсан отамнинг қизи!

МУНОЖОТ

Ё раб, қайда хато қилдим,
Ибодатда адашдимми?
Ҳар кимга бош эголмадим,
Итоатда адашдимми?

Дардлар бунча беордайин,
Фироқ нафис, озор майин.
Ёр келганда мен бормайин
Хижолатда адашдимми?

Дил оғринар, руҳим зада,
Ишқ – шартлашув, бахт бир ваъда.
Умид сўнар ҳар лаҳзада,
Саодатда адашдимми?

Мен ўйлаган ўйлар қани,
Бир сўзу ростгўйлар қани?
Болаликдан тинглаганим –
Ҳикоятда адашдимми?

Гарчи армон берар фириб,
Кўзларга ёш олган кириб.
Ё, барини билмай туриб,
Ҳидоятда адашдимми?

Йўл оларман ўзим сари,
Нотинч кўнгил, сўзим сари.
Вафо билмас дунё зари,
Қаноатда адашдимми?

Тангрим, қайда хато қилдим,
Қалам, хатда адашдимми?
Қалбим ҳамон йиғлар сим-сим,
Муҳаббатда адашдимми?

Муҳаббатдан адашдимми?!