Мадина Бахшиллоева 1991 йилда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган. “Дўрмон-2013” семинари иштирокчиси. Ҳозирда Навоий Давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультети талабаси.
* * *
Кўксингда осмоннинг гули бор,
Осмонлар нақадар бетакрор.
Кўксимда кўнглингнинг изи бор,
Юрагим бахтиёр…
Бахтиёр!
Қорларнинг ҳиди бор дардингда,
Дардларинг қордан-да беғубор.
Азизим, хаёлим
Хаёлинг –
Жимгина ўйлайди беозор…
Ёруғ кун!
Улуғ кун!
Тўлиқ кун!
Ташласак қадамлар бирга ёр.
Қандайин бахт эрур…
Иккимиз,
Бир ишққа,
Ишқ бизга гирифтор!
НИЯТ
Лабларингда қуёш ёмғири,
Кўзларингдан тўкилар ғурур.
Кел, Ишқ учун, Матонат учун,
Бу оламни бироз яшаб тур!
Соғинчларнинг барисида қалб,
Умид ила бўлак бўляпти.
Ёнаётган у ёрқин шафақ
Умидлардан дарак беряпти.
Учаяпти кўнгилдан ғамлар,
Орзу қилмоқ қанчалар тотли!
Эсингда тут! Дўстим, бу дамлар
Бир умрга татирли… ёдли…
Ҳар бир куннинг завқини асраб,
Осмонингдан гиналарни от.
Юрагингни эрталаблари,
Ўзинг суйган Умид-ла уйғот!
СЕН ИШҚ БЎЛДИНГ
Сен Ишқ бўлдинг,
Мен эса Китоб.
Юракларга кўприк бўлдик биз.
Хаёлимни чулғади хитоб,
“Севаман”, деб йиғлаб юрган сўз!
Кўкка учиб ўйинлар қилдим,
Орзу эдим сен учун ҳали.
Ва тун-у кун устингдан кулдим,
Мени китоб қилган маҳалинг…
Бирдан тушдим осмонларимдан,
Руҳим менга этмасди итоб.
Кетиб қолдинг жон-ла танамдан,
Мен Ишқ бўлдим,
Сен эса Китоб!
* * *
Сен кўзимга беркиндинг
Мен изма-из юрибман
Соянгдан қарздор бўлиб.
* * *
Мен кулишни ўргандим,
Суратим чизди Ҳаёт
Кулгичларим сап-сариқ.