Лазизжон Бахранов (1981)

1981 йили Пахтачи туманидаги Қиргули қишлоғида туғилган. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг Санъатшунослик факультетида таҳсил олган.
«Осон яшашнинг йўли», «Соғиндим» номли китоблари чоп этилган.

БИЛОЛМАДИМ

Ошёнинг узоқ эди, яқин бўлди,
Юрагимда уйғонгани чақин бўлди.
Билмам, сенга яна кимлар яқин бўлди,
Билолмадим, юрагингни билолмадим.

Ағёрларга ҳамма нарса аён экан,
Не қилсам-да, фақат менга зиён экан.
Билмам, энди менинг йўлим қаён экан,
Келаримни, кетаримни билолмадим.

Орзуйим кўп, орзуйимнинг поёни йўқ,
Дўстларим кўп, ҳаммаси зўр, ёмони йўқ.
Овчидирман, елкасида камони йўқ,
Керакманми, йўқми сенга, билолмадим.

Ишонганим наҳот бари ёлғон бўлса,
Ишонганим наҳот ёлғон томон бўлса.
Наҳот севги алмисоқдан қолган бўлса,
Ким дўстиму, ким душманим, билолмадим.

Қўлингдаги чигал-чигал ипми, гулим,
Ёки сенинг дардларинг ҳам кўпми, гулим.
Энди менсиз йиғламагин хўпми, гулим,
Кечир мени, сенинг кўнглинг ололмадим
Энди сенсиз не қиламан, билолмадим.

ЭКАН

Молу дунёларга зор ҳаёт экан,
Севганлар қадрсиз, хор ҳаёт экан.
Ишқу вафоларга тор ҳаёт экан,
Ҳаёт бошқа экан, муҳаббат бошқа.

Меҳрсиз инсонга исинма экан,
Пасткашга паст кетма, қисинма экан.
Пишмаган олмага узанма экан,
Ҳаёт бошқа экан, муҳаббат бошқа.

Бахт билан бахтсизлик бир қадам экан,
Бахт мезони ҳар хил кўп ўлчам экан.
Бахтли бўлмоқ учун севги кам экан,
Ҳаёт бошқа экан, муҳаббат бошқа.

* * *

Узоқдаги яқиним,
Нигоҳи гул, чақиним.
Бахтлилардан бахтлироқ
Бўлишингни истайман.

Шоду хуррам юр доим,
Бахт гаштини сур доим.
Юзинг-кўзинг севинчга
Тўлишини истайман.

Оппоқ қордек поксан сен,
Дилимдаги чоксан сен.
Оппоқ қувонч, оппоқ дард,
Мен етмаган моҳсан сен.

Берма менга эътибор,
Топмасин дилинг озор.
Гоҳ жилмайиб, гоҳ шодон,
Кулишингни истайман.