Комий (Комилжон Отаниёзов) (1917-1975)

Комилжон Отаниёзов (1917.20.7, Шовот тумани Бўйрачи қишлоғи — 1975.5.11, Тошкент; ўз қишлоғига дафн этилган) — хонанда, созанда (тор), актёр ва бастакор. Ўзбекистон (1949), Туркманистон (1964), Қорақалпоғистон (1968) халқ артисти. Ниҳоятда жозибали ва кучли овоз соҳиби бўлиб, ҳар бир асар талқинида бадиий етукликка эришган. Достон йўлларини Бола бахши Абдуллаевдан, Хоразм мақом ашула йўлларини Матпано Худойбергановдан ўрганган.
Тошкентдаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртини тугатган (1955), Тошкент консерваториясида таълим олган (1955—56). Хоразм театрларида хонанда ва актёр сифатида ишлаб (1936—52), Фарҳод («Фарҳод ва Ширин»), Тоҳир, Парфи ҳофиз («Тоҳир ва Зуҳра»), Қодир («Гулсара»), Даврон Ота («Даврон Ота») каби образлар яратган.
Комилжон Отаниёзов 30-йиллардан мураккаб халқ ашулаларини, достонлардан қўшиқлар айта бошлаган. Хоразм сувора ва мақомлари Комилжон Отаниёзов ижрочилик фаолиятининг юқори босқичи бўлди. Комилжон Отаниёзов Хоразм достон қўшиқ(нома)лари асосида янгича услуб яратган. Бастакор сифатида бу услубда ижод қилган «Салом, сенга Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Темир йўл», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиклари ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради.
Комилжон Отаниёзов А. Степанов билан ҳамкорликда «Азиз ва Санам», «Ошиқ Ғариб», С. Ҳайитбоев билан «Сўнгги хон» каби мусиқали драмалар яратди.

ҒАЗАЛЛАР

(Машраб оҳангларида)

Кўрсат юзингни девоналарга,
Ишқингда куйган афтодаларга.

Васлингга етмай афсона бўлдим,
Лутф ила боққил афсоналарга.

Сансан жаҳонда маҳбуби доно,
Жабрингни кам қил ғамхоналарга.

Умид этарман меҳр ила шафқат,
Қилғин тараҳҳум бу гадоларга.

Оламда сендек моҳи талъат йўқ,
Зоҳир эт партав шабнолаларга.

Девона бўлдим васлингни излаб,
Солмадинг назар сарсоналарга.

Комилга бўлса васлинг муяссар,
Мадҳингни ёзса достоналарга.

(1963 йил, Ессентуки шаҳри)

* * *

Меҳр узоринг бирлан оламни мунаввар қил,
Қолсин хуршид ҳайратда, партавинг намоён қил.

Гуллар очилиб ханда, ўзига қилиб банда,
Лоларуҳ жамолингдин ғунчани дилин қон қил.

Гар мени этсанг сар шод лутфингни майи бирла,
Этгил муродим ҳосил, рақибларни сарсон қил.

Бу нотовон ошиқнинг қон этма юрак-бағрин,
Ушшоқлар аро ҳар дам маъшуқлиғинг изҳор қил.

Қилсанг табассум ногоҳ севганингни кўрганда,
Сўрғоли ғариб ҳолин лутфингни фаровон қил.

Кўрганда ғизолингни асири бўлмиш наргис,
Қора чашмингга шайдо оҳуни гирифтор қил.

Боғ аро хиромингдан товусни қилиб ҳайрон,
Қомати ниҳолингдан сарви қаддини доғ қил.

Истабман камолингни, хуршиди жамолингни,
Олғил юзингдан парда ҳожатимни осон қил.

Андуҳи фироқингда ёнди неча йил Комил,
Қўнғил комига етсин нақди хуснинг арзон қил.

(1963 йил, Ессентуки)

АНДИША ҚИЛ

(Хувайдо ғазалига Комий мухаммаси)

Эй кўнгил, бу сўзим англа, ёрдин андиша қил,
Қилмаси сўзинг қабул, безордин андиша қил,
Жонинга жабр айлама, озордин андиша қил,
Эй дило гул чоғида, гул кордин андиша қил,
Узмагил беҳуда гул, гулзордин андиша қил.

Гар йўлингда харж қилса, хону мону, молини,
Ҳам мулойимлиқ била, қурбон қилса жонини,
Емагил харгиз онинг миннатли берган нонини,
Пашшаким бедорлиқдан ичди одам қонини
Баъзи-баъзи мардум ул бедордин андиша қил.

Кетмагил, йўлдан адашма, сен уни ҳамдам билиб,
Бермагил кўнглингни асло симу зар, андам билиб,
Ҳам жароҳат кўксинг очма, ҳар сўзин малҳам билиб,
Рози дилни айтмағил, ҳар кимни сен маҳрам билиб,
Оқил эрсанг маҳрами асрордин андиша қил.

Кирдилар бўстон аро, сарви ниҳолин тикмади,
Гар вафо тухмидин ул меҳрию, гулзор экмади,
Келмади раҳми онинг, қаддини асло букмади,
Кимки кирди бу чаманга, гулни узмай чиқмади,
Аро-аро гул узарсан хордин андиша қил.

Беҳуда ўртанма, Комий раҳме қилмас бағри тош,
Жонингға айлар жафо, дилдор билан қилма талош,
Кўксингни садпора айлаб, ҳам қилар кўзингни ёш,
Эй Хувайдо, этмагил Мансурдек сиррингни фош,
Етким Мансур, аналҳақ дордин андиша қил.

* * *

(Хислат ғазалига мухаммас)

Айролиқ ўти дилда ниҳондур,
Етолмай васлингга бағримда қондур,
Ақлимни олган ул моҳи тобондур,
Ҳажрингда, эй ёр, корим фиғондур,
Тинмай кўзимдан ашким равондур.

Савдойи висол қилиб андиша,
Зикр этмагим сени бўлибдур пеша,
Зулмат фироқингда чекарман неча,
Тортиб жудолиқ дардинг ҳамиша,
Холим харобу рангим сомондур.

Келгил қошима мунис қарибим
Холинг нечук деб бекас ғарибим
Озод қил ғамдан ҳам бергил насибим,
Сен-сен ҳабибим, хозиқ табибим,
Дардимга бешак бу бегумондур.

Йўл юрсам ҳодидур номинг тилимда,
Ором олур бўлсам коминг дилимда,
Гар етсам васлингга орзу элимда,
Армону ҳасрат кўпдир дилимда,
Десам туганмас, гўёки қондур.

Бўлибман гирифтор ошиқи вола,
Жамолинг кўролмай чекарман нола,
Раҳм айла, кўз ёшим йўлингда жола,
Эй ёри жоним, қилдим ҳавола,
Ўзига бул кун ҳар ким ёмондур.

Бу ишқнинг дардидин масканим фурқат,
Чекдигим куйингда оҳу надомат,
Хун бўлди жигарим қилмасанг шафқат,
Ҳам лола ёнглиғ кўксимда қат-қат,
Боз устига боз тоғлар ниҳондур.

Гулистонда йўқдур бундай латофат,
Одамда бўларми мунча фазилат,
Васлинг учун Комил тортади кулфат,
Гулдай юзингнинг ишқида Хислат,
Булбулга ўхшаш кори фиғондур.