Комила Носирова (1983)

Комила Носирова 1983 йил 6 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факултетини тамомлаган. 2003-2010 йилларда “Ҳордиқ плюс” газетасида мухбир, 2011-2012 йилларда “Ҳумо+ТВ” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган. 2012 йилдан “7х7” газетасида таржима ва ахборот бўлими муҳаррири сифатида фаолият юритмоқда.
Унинг “Ҳали учрашамиз” (2005 йил) шеърий ҳамда “Ўкинч” (2008 йил) ҳикоялар тўплами нашрдан чиққан. “Ёшлар китоби” ҳамда “Онажон” тўпламларида шеърлари эълон қилинган. Агата Кристи, Брем Стокер ҳамда ҳинд ва Яқин Шарқ ёзувчиларининг асарларини таржима қилган.

СEВАМАН ДEМАНГ…

Ортиқ менинг ғамимни еманг —
Севмаганман ҳеч қачон сизни.
Қўйинг, сени севаман, деманг,
Айтманг менга энди шу сўзни.

Ажабланиб боқманг кўзимга,
Мен ўзгага берганман дилни.
Истаганга ёки ҳар кимга
Тортиқ қилиб бўлмас кўнгилни.

Сиз боқасиз кўзимга ҳайрон,
Сўзингизга қулоқ солмайман.
Айласам-да қалбингиз вайрон,
Сизни сира сева олмайман.
2001 й.

ШОИРГА НE КEРАК?

Шоирга не керак ўткинчи шуҳрат,
Не керак ортиқча шараф, лавозим?!
У дардин айтмоқни истайди фақат,
Қалбларни титратса, дейди овозим.

Шоирга керакмас мақтов, хушомад,
У сажда қилмайди дунёга, пулга.
Тутқун яшамоққа қилмайди тоқат,
Нафрат-ла боқади ҳар қандай қулга.

Шоирнинг қалбида муҳаббат, нафрат,
Бирма-бир ёзади қалбда борини.
У дардин айтмоқни истайди фақат,
Юракка топшириб ихтиёрини!
2002 й.

* * *

Тақдирга битилгач айрилиқ, фироқ,
Сира йиғламадинг — сен жуда ботир.
Мен эса ожизман, мен эса, қўрқоқ,
Менинг кўзларимда ёш қалқиётир.

Тақдир шундай экан, дединг оҳиста,
Ҳа, қисмат шу экан, дедим эзилиб.
Сен қийноқларингни билдирдинг сўзда,
Мен айта олмадим андиша қилиб.

Айрилиққа кўниб кетдинг қайрилиб,
Мен-чи, туриб қолдим турган жойимда.
Юракдан айрилдим сендан айрилиб,
Қарагин: юрагим йиғлар пойингда…
2002 й.

БИЛМАЙСАНКИ…

Билмайсанки, юрагим оғрир,
Юрак оғрир сени ўйласам.
Билмайсанки, ўйларим оғир,
Хаёл оғир сени ўйласам.

Билмайсанки, менга муҳаббат
Энг кўҳна ва энг ширин орзу.
Бу орзудан эзилдим фақат,
Юрагимни қиймалайди у.

Билмайсанки, кўнглим умидвор,
Неларнидир истаб ёнади.
Гоҳо этар дардини ошкор,
Гоҳо эса, “йўқ” деб тонади.

Билмайсанки, аҳволим забун,
Юрагимга ўт қалар ҳижрон.
Фарқламасдан сира куну тун,
Юрагимни қиймалар ҳижрон.
2002 й.

МУҲАББАТНИ АЙБЛАЙМИ?

Кўзларингга кўзларимни қадолмасам,
Исминг ҳатто тушларимда айтолмасам,
Хаёлингни ҳаётимдан ҳайдолмасам,
Муҳаббатни айблайми ёки ўзни?

Йўлларингда оёқларим изи қолса,
Кўзларингда кўзларимнинг сўзи қолса,
Энг покиза ҳисларимнинг ўзи қолса,
Муҳаббатни айблайми ёки ўзни?

Юрагингдан ўчиб кетса исмим бугун,
Ишқ риштаси узилса-ю, қолса тугун —
Азобларда ўртанган бу жоним учун
Муҳаббатни айблайми ёки ўзни?

Вайронадек бўлиб қолса жоним менинг,
Армонларга тўлиб қолса жоним менинг,
Совуқ сўздан ўлиб қолса жоним менинг,
Муҳаббатни айблайми ёки ўзни?

Ўртамизда сарсон бўлган севги ахир,
Аросатда ҳайрон бўлган севги ахир.
Севги сўниб, юракларда қолса қаҳр,
Муҳаббатни айблайми ёки ўзни?
Муҳаббатни айблайми?..
2003 й.