Комил Мажид (1980)

Комил Мажид (Комилжон Абдумажид ўғли) 1980 йил 10 июнда Жиззах вилояти Бахмал тумани Қорақишлоқ қишлоғида туғилган.
Шеърлари “Шарқ юлдузи” , “Ёшлик” журналлари ва бошқа марказий газеталарда чоп этилган.
Биринчи шеъри 2002 йил “Маърифат” газетасида чоп этилган.
Илк китоби – “Ёнаётган гул” номи билан 2010 йили Тошкентда чоп этилган.

ЁНАЁТГАН ГУЛ

Сира очилмади бахтим баҳори,
Сира йўлиқмади йўлимда майса.
Фақат саганоқнинг олов тошлари,
Нетай товонимни қонатаверса.

Бирам тақдиримдан топгандим тилак,
Соғиниб кутдимей сабрингизни.
Ажалга етгандай кўзимиз юмсак,
Қайта санайверсак кипригингизни.

Суйиб сағаноқнинг оловчалари,
Товонимни узиб кўнгил сўради.
Дилнинг ишққа талаш хаёлчалари,
Ҳечам ўзингиздан кета олмади.

Узр, очилмаган бахтим – баҳори?
Бир сизни изладим, шеърни қиртишлаб.
Қўёлсангиз бўлди найсон сингари,
Ёнаётган гулнинг ёноғига лаб…

26.03.2001

* * *

Бу ишқ қалбим ардоғидан таралган нур,
Бу ишқ қалбим даргоҳидан топилган дур.
Ватан ишқи юрагимда сўнмас сурур,
Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир.

Жаннат ҳурлар, малакларга макон бўлгай,
Юрак нурлар, тилакларга дўкон бўлгай.
Муҳаббатли юрак дардга ватан бўлгай,
Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир

Азим тоғлар улуғлигин кўтарган эл,
Азиз кунлар бўлмоғини кутолган эл.
Мунаввар тонг отиб нурга етолган эл,
Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир.

Қадим кўнглим кенглигида руҳим баланд,
Бугун дунё томларида туғим баланд,
Қуёшим бор, юлдузларим, моҳим билан,
Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир.

Соғинчлардан самоларга сочилган ишқ,
Ҳақдан суйган бандасига ёғилган ишқ,
Комил Мажид учун дилдан туғилган ишқ,
Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир.

22.04.2010

ТИЛАК

Тилаб топган тилагим,
Йиғлаб ётган юракдир.
Энди менинг керагим,
Юракми ё тилакдир.

Умид – асли нимадир,
Шохдан узилган япроқ.
Етса кўнгил етадир,
Етмаса етар тупроқ.

Йиғлаб-йиғлаб кутганим,
Йиғлаб берган фалакдир.
Толеъимдан топганим,
Ул бевафо малакдир.

Мендан сўрама тақдир,
Қисматим битган Тангрим.
Балким, қисматим шулдир,
Йиғламоқ истар – кўнглим.

Эҳ менинг ушалмасдан,
Қолган болалик орзум.
Ҳали телба юракдир,
Билмайди сира қарзим.

1999 йил

ЖУМБОҚ

Дунёга келади йиғлаб чақалоқ,
Кўз ёши ювади мў‘жаз ёноғин.
Чақалоқ йиғиси бизларга сабоқ,
Йиғлаган гўдакнинг недир гуноҳи.

Дунё аламларин англарми андак,
Ёш бўлиб оқарми дилдаги алам.
Адашиб келдим деб йиғларми гўдак,
“Онажон бу дунё ғурбатми ё ғам”.

Йиғламоқ азалми, йиғламоқ абад,
Гарчи умр ўтар, кўзга тўлиб ёш.
Йиғламоқ қисматми, йиғламоқ ҳикмат,
Чеккан азобларни юварми кўз ёш.

Дунёга келаркан йиғлаб ҳар инсон,
Хуш нечун – ҳаётнинг қадрига етмас.
Яхшилик қилсайди, қилсайди эҳсон,
Балки дунё дондек сочилиб кетмас.

20.02.1998

* * *

ЮРАК – Муҳаббат демак
У азобнинг хумчаси.

КЎНГИЛ – Оппоқ атиргул
Муҳаббатнинг ҳожаси.

МУҲАББАТ – Азобли роҳат
Ҳижрон қучган бахт.

ҚАЛБ – Бу недир ё раб
Одам учун ягона давлат.

СEВГИ – Қалбдаги йиғи
Истаган жойига тўкилаверар.

ДИЛ – Булбулдаги тил
Гулга қўнса қўшиқ тўқилаверар.

18.05.1998

* * *

Фақат сенинг борлигинг сахиҳ,
Қолган ҳамма-ҳаммаси ёлғон.
Фақат менинг дилимда тенгсиз,
Битта гул бор, биттагина – ном.

Кўнгил нима? Аслида ғариб,
Ҳамда буюк соҳиби-имон.
Унга ортиқ бермасман таъриф,
Битта гул бор, биттагина – ном.

У бахтимми, бебахтлигимми,
Балки қилар бир куни бадном.
Ардоқлайман қабариб қалбим,
Битта гул бор, биттагина – ном.

Ўша гул – сен, ўша ном – исминг.

14.02.2000

* * *

Руҳим карахт, ишқ – ҳоким,
Кўнглимда дард йиғлайди.
Фақатгина тан сокин,
Кўнгил дардин билмайди.

Дилим – уйғоқ, тил – доим,
Аллалайди – телбасин.
Киприкларим тўрдайин,
Ўтказмас ишқ шарпасин.

Сизга етмас азизам,
Бир муҳаббат қиссаси.
Адо қилар етсаям,
Сизни ғамим биттаси.

Руҳим – карахт, ишқ – ҳоким,
Фақат сўзлар кўнглима.
Билдирмасдан тан доим,
Кулиб турар жимгина.

12.12.2000

ЧОЛИҚУШИ

Кўзингизда жилмаяди ғам,
Ғам аслида севги сояси.
Чироқ ёқиб сизни изламам,
Сиз дилимда ишқ ҳикояси.

Шундоққина юрак устида,
Чопқиллайсиз гўдак боладай.
Кўксимга армонлар тўлдириб,
Кетасиз бир зумлик жаладай.

Ҳар доим киприкла эркалаб,
Аллалаб қошимга ўрайман.
Ҳар тола сочимдай сийпалаб,
Дўппимда яшириб яшайман.

10.12.2000

* * *

Кўнглимнинг энг ҳарир либоси – севги,
Кўнгилнинг бир пари ибоси – севги.
Менинг шу кўнглимдан ортиқ нимам бор,
Кўнгилдан томган шеър маъноси – севги.

Севгидан туғилар ҳар битта қисмат,
Севгидан ҳаётим мунаввар ҳар вақт.
Худойим омонат этган дунёда,
Севгилар – абадий, абад муҳаббат.

14.02.2002

* * *

Юрагимга яширдим исминг,
Зор эланди зарварақларим.
Сен – дилингла асраган сиринг,
Менга айтди қорачуқларим.

Термуламан, энди сен нигоҳ
Қарашидан йироқ кетмассан.
Сен – яхшими, ёмонми, бироқ
Кечолмасман, сира кечмасман.

Олиб қочма нигоҳинг – мендан,
Кўзларингни яшира кўрма.
Сени излаб юрмай йироқдан,
Сен – қалбимга қўйилган сурма.

Изтиробим тўксам-да шеърга,
Сен яшайсан қалбимда абад.
Сени ўраб юраман нурга,
Қалбим асрар сен учун бир бахт!

13.05.1998

* * *

Ёмғир ёғди, яна ёмғир,
Бунча дилни эздингей.
Ҳамдардгинам булут қургур,
Яна дардим билдингей.

Армон – нима, нимадир – ғам,
Яна мендан истама.
Дардларимга шериккинам,
Бунчалар қон йиғлама.

Дунё – азал шундаймиди,
Ё мен англаб етмадим.
Қайда – қалбим, қайда – севгим,
Излайвердим – топмадим.

Нетай ишққа ҳамон банди,
Пойида бир хасдирман.
Ололмасман сенинг дардинг,
Ўз дардимга мастдирман.

04.03.1999

АРМОН

Қачондир айтганман жимгина,
Қачондир билгансан бу сўзни.
Қачондир сен менинг кўнглима,
Солгансан кўкдаги юлдузни.

Афсуслар ўртайди, афсуслар,
Дилимда қолганди бир сўзим.
Самодан термулган юлдузлар,
Эслатар соғинган юлдузим.

Қачондир айтолмай қолганман,
Қачондир кутгансан бу сўзни.
Қачондир бир зумга кетганман,
Тополмай қолганман шу изни.

Дунёси аёвсиз бешафқат,
Қисматнинг қўлида бўлганман.
Ҳозирда рўёман мен фақат,
Қачондир хажрингда ўлганман.

Афсуслар қийнайди, афсуслар,
Дилимни зорлатар у сўзлар.
Самодан термулган юлдузлар,
Эслатар – кечалар, кундузлар.

19.07.1999