Кенжабий (1959)

Кенжабий (Кенжабий Қўзиев) 1959 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. Тоғ-металлургия соҳасининг муҳандиси, Тошкент техника университетини битирган. “Қалб дунёси”, “Соғинчларим”, “Сабрим либоси” каби китоблари чоп этилган.

СЎЗЛАСАМ

Лаб очолмам бирор сўзга,
девона дерлар сўзласам,
Гап-сўзлари ҳақдан йироқ,
афсона дерлар сўзласам.

Бири кўзу, бириси қош,
бириси кўнгилга тутош,
Дебон яқин олмай ўзни,
бегона дерлар сўзласам.

Етти иқлим бош эгармиш
сўзларимнинг сеҳрига, ҳей,
Лек ўздан ўзга англамас,
мастона дерлар сўзласам.

Бир қора қошли изидан
ўтди деб умри нолавор,
Ҳамонки узмай умидин,
парвона дерлар сўзласам.

Далолат қилмоқ истасам
гап-сўзларим ҳақлигини,
Лаби-лабига тегмас ҳеч,
сўзона дерлар сўзласам.

Юрт-элатлар бир қадамдир,
йўталсанг етгай овозинг,
Замонадан ортда қолғон
шарқона дерлар сўзласам.

АЗИЗИМ

Давраларда бўлар-бўлмас
сўзлайверма, азизим,
Сал ғамга-да тушиб чўкка,
бўзлайверма, азизим.

Дунёсининг ишлари ҳам
бир қолипдир билсанг гар,
Ҳар соҳада ҳақиқатни
излайверма, азизим.

Сенингсиз ҳам бу дунёнинг
қалби тўла жароҳат,
Кўксидаги яраларни
тузлайверма, азизим.

Имконингдан ташқари бир
имкон бўлмас ҳаётда,
Ҳеч ушалмас орзуларни
кўзлайверма, азизим.

Дину иймон бобида гар
собитдурсан азалдан,
Ҳақнинг юзин сўлғин кўриб
музлайверма, азизим.

Қироату тиловатлар
ўз йўлига, Кенжабий,
Қалбинг кирин тозаламай
тизлайверма, азизим.

* * *

Менинг айтарим шу ҳар қора кўзга:
Майлига кирайлик тўқсонга, юзга.
Лек ҳаёт аталмиш карвонсаройда,
Шунчаки яшамоқ ўлимдир бизга.

* * *

Дил қушим парвози юксакдир ғоят,
Осмоннинг юзига ёзмишдир оят.
Барчасин заминда бошламоқ учун,
Биргина ишора, имо кифоят.

* * *
Ердами, кўкдами ва ёхуд ойда,
Истасин Каъбада – муқаддас жойда.
Бўлмас экан тил ва дилнинг бирлиги,
Ҳар қандай ғоядан чиқмас бир фойда.

* * *

Жаҳон саҳнасига ташласанг назар,
Кўплар ўз ролини ўйнар муносиб.
Нўноқроқ ўйнаса мендеклар агар,
Номин девона деб қўярлар осиб.

* * *

Кимни қизиқтирар ўйлаётганинг,
Тафаккур уммонин бўйлаётганинг.
Эсдан чиқармасанг бўлгани, шоир,
Кимнинг сурнайига ўйнаётганинг.

* * *

Кўкни қулатгудек айтар сўзида,
Кимларнинг пойида не жаҳоний тахт.
Лек кўкка бўй чўзган майса юзида,
Битта шабнам бўлмоқ ўзи катта бахт.

* * *

Кўнгиллар мулкидан олиб мен таскин,
Худони қалбимда кашф этдим қайта.
Турмушим нечоғли бўлмасин мискин,
Ўтиб бормоқдаман шукрлар айта.

* * *

Кеча гўдак эдик, бугунда йигит,
Эрта айланармиз мўйсафид чолга.
Лекин йўлимизда учраган ҳар ит,
Кўп ҳоллар тишлаши келмас хаёлга.

* * *

Кичик бир қувончдан осмонда бошинг,
Қувончинг аралаш тўкилар ёшинг.
Каттароқ очмасанг кўзларинг агар,
Оёқ ости қолар бир куни лошинг.

* * *

Нечун ҳайрондасан ибодатимга,
Юракдан қилинган қироатимга.
Мен сиру амалинг билмайман, бироқ
Талпиниб яшайман хаёлотимга.

* * *

Номимни эл ичра қилиб овоза,
Ғийбат аҳли юрар ақлдан оза.
Оғзида қанчалик чайналса отим,
Сувда чайилгандек бўлади тоза.

* * *

Руҳимда мавҳум бир маъюслик ҳоким,
Қанча ҳайдамайин кетмайди сира.
Қалбим дарчасидан боқиб аллаким,
Ёшлик йилларимдан тинглар хотира.

* * *

Тилингнинг учида айланар бир cўз,
Занжирбанд қилинган бир шер мисоли.
Тишдан ҳатлаб ўтса басдир, ўша кез
Неча бир жонларнинг топар заволи.

* * *

Умринг баҳорини совуриб кўкка,
Орзу-умидларинг чиқарма йўққа.
Умримиз камондан отилган бир ўқ,
Кимнинг қўли етгай отилган ўққа?

* * *

Умид ғунчалари сўлмаган ҳали,
Сабр, паймоналар тўлмаган ҳали.
Кун ботмасдан қилаверма хархаша,
Қиёмат кунининг келмаган гали.