Кавсар (Шодиева) 1987 йил Ғиждувон шаҳрида туғилган. Кавсарнинг “Нон ҳиди” (Тошкент, 2003) ва “Тонг қуёши” (Тошкент, 2009) номли шеърий ҳамда “Гулистондан жавоҳирлар” (Тошкент, 2010) таржима китобчалари нашрдан чиққан. Ҳозирда Ж. Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари юзасидан илмий изланишни давом эттирмоқда.
ВАТАН НEДИР?
Ватан недир?
Ватан не демак?
Мен тинглаган
Аллами ёхуд,
Бувим айтган
Ёқимли эртак?
Билмам унинг
Қай бирида бор?
Қай бирида
Унинг нафаси?
Ватан балки
Оппоқ қушларнинг
Макон тутган
Кўнгил қафаси…
Ватан недир?
Ватан не демак?
Бухоронинг тинч
Саҳросими?
Ё хофизнинг
Майин садоси?
Ватан мағрур
Нигоҳларини
Қадаган тоғлар
Қоясими?
Ё қўлимга
Оҳиста чиққан
Чумолининг тор
Уясими?..
Ватан недир?
Ватан не демак?
Айтинг касбу
Коримми Ватан?
Жайрон туёқлари
Остида,
Қолган хасу
Хоримми Ватан?..
Айтма гўзал
Ташбеҳларингни,
Ватан ташбеҳ
Эмасдир шоир.
Сен ўйлаган
Бир сиқим тупроқ
Ёки увоқ
Эмасдир Ватан.
Ватан менга
Бегона эмас.
У – Чинорим,
Минорим – ватан.
Ватан мени
Бегона демас.
У – мардонам,
Дурдонам – Ватан.
Мен англаган
Туйғулар, ҳатто
Кўксимдаги
Дардим – бир ватан.
Униб чиққан
Ялпиз, райҳоннинг
Бўйидаги
Гарди ҳам – ватан.
Ватан недир?
Ватан не демак?
У заминнинг
Сарҳадларими?
Йўқ, йўқ…
Сарҳад дея
Чалғима шоир,
Сен ватанни
Билмоғинг керак.
Ватан асли –
Қизғалдоқ ичра,
Ўйнаб юрган
Бетиним бола!
Ватан менга
Бағрини очиб,
Кулиб боққан
Меҳрибон Она!
ЗАМИН
Осмон олисларга
Чорлаган сари
Мен замин бағрида
Қолавераман.
Тунги чироқлардек
Порлаган бари,
Юлдуз тасвирини
Солавераман.
Ўзинг айт менга сен,
Қилдимми хато,
Қаршингда ойни ҳам
Ўйлайвераман.
Рашк этиб нолима,
Билмайсан ҳатто
Ўзингдан сени мен,
Йўқлайвераман.
Фусункор оҳанглар,
Майин наволар
Кўнгил тилсимларин
Очаверади.
Юрагим энг гўзал
Туйғуларини,
Шу замин устига
Сочаверади…
ЖАВОБ БEР, ЮРАК…
Кечир, юрагимни алдаёлмадим,
Бедору хастани алдамоқ абас.
Ўтмиш хаёлимни ҳайдаёлмадим,
Энди ёлғизгина зоҳидлик ҳавас.
Ҳаёт недир, недир ҳақиқат?..
Саволларга кўмар юрагим.
Ўзинг айт деб сўрама фақат,
Шудир сендан битта тилагим…
Бу дунё нимадир, омонат нима?!
Ваъдами ёки бир ваъдали иймон…
Унда омонатга хиёнат нима?!.
Хиёнат – ваъдани унутмоқ, инон…
Ҳаёт недир, фоний дам нечун?..
Яна сендан сўрайман такрор.
Сен қайдасан, энди сен учун,
Жавоб берар юрагим бемор…
Кечиргин сенсизин яшай олмадим,
Камалак дунё ҳам қалбимга қафас.
Ўзганинг дилини ғашлай олмадим,
Хаёлимда исминг, кезар ҳар нафас.
Ҳаёт недир, недир ҳақиқат?
Жавоб берасанми юрагим?
Индамасанг сен ҳам бешафқат,
Юрак бўласан-ку керагим…
ИССИҚ НОН…
Кўчадан ҳориб мен уйга қайтаман,
Димоғимга урар иссиқ нон ҳиди.
Шу онда тарк этиб бутун ҳорғинлик,
Танимни яйратар яшаш умиди.
Ўзбегим аёли, нон ёпувдингми,
Нон ёпган қўлингдан ўргилай ўзим.
Онамсан, опамсан, Момо Ҳавосан,
Изн бер, пойингда этайин таъзим.
Ўзбегим аёли, меҳмонинг борми,
Дарвозанг бекитмай қўйибсан очиқ.
Табаррук неъматдек меҳринг ҳам тафтли,
Бағри кенглик сенга Оллоҳдан тортиқ.
Гар қоқсам дарвозанг бир сув баҳона,
Аслида дил тортар суҳбатинг қўмсаб.
Биламан, ташрифим сенга ёқади,
Янги ой кўргандек кетасан яшнаб.
Андиша, ҳаёдан яралган хилқат,
Доим фарзандида фикру хаёли.
Олам бешигини тебрата олган,
Ўзбек аёлисан, ўзбек аёли.
Мушфиққинам,
Бугун нон ёпувдингми…
КEЛАДИ
Юрдим қамишзорнинг кенг саройида,
Найистон ичра бир наво келади.
Тенги йўқ, ҳар бири ўз чиройида,
“Алиф”дек қомати расо келади.
Бир мажлис эмишки, дилга ёқар хуш,
Алар суҳбатидан зиё келади.
Хушбахтхона ичра кел эй, зоҳид туш.
Ҳар хонадан бўйи Худо келади…
Қамиш аро эди топганим бир соз,
Чалдиму, шошилиб сабо келади.
Топганини йиғиб яна, дейди: “Оз..”
“Мим” каби эгилиб гадо келади.
РАВО КЎРДИНГМИ?
Менга тун чеҳрангни раво кўрдингми?
Қаҳрингни мен учун жазо кўрдингми?
Рашк дея аталган чоҳга йиқилиб,
Сўзимни, ишимни хато кўрдингми?
Айт, менга яна сен неларни кўрдинг?
Қадди дол ҳилолни расо кўрдингми?
Не учун эгнингда ўзга бир либос,
Сен эски жомани қаро кўрдингми?
КEЧИККАН ЖУРЪАТ
Самога боқмадим, шунчаки бу кеч,
Оразинг изладим тун оймомодан.
Ойдан ҳам тополмай, нигоҳинг бу кеч,
Бу кеча ялиндим нурли самодан.
Топиб бер малагим сиймосини, кўк,
У айтди: “Малагинг кўринмади ҳеч”.
Мен усиз заминда туролмадим, кўк,
Кўк деди: “адашдинг, уни йўқлаб кеч”.
Бир оз хира тортган юлдузга қараб,
Сўрайман, қайдадир айтгин юлдузим,
Жавоб берар менга ҳассасин қадаб,
Мен қаридим энди, ўтмайди кўзим.
Булутлар тинмади, кўзга ёш олиб,
Ёшланиб-ёшланиб ўтди бир оқшом.
Барчанинг қалбига сирли ишқ солиб,
Билсамки, кетибди у, ўтган оқшом.
ИЗЛАМАНГ МEНИ
Қайларда қолдинг деб изламанг мени,
Интизор кўзингиз ирмоғидаман.
Йўқ, йўқ, мени деб довондан ошган,
Чашми изтиробнинг қирғоғидаман.
Вафодан яралган бевафогинам,
Мен энди фироқнинг ишқ тўридаман.
Кетяпман, сиздан йўқ ҳеч қандай гинам,
Чунки мен покиза қалб тўридаман.
Сиз мени изламанг, кўкдаги ойдан,
Мен ойдан узоққа учиб кетганман.
Фақат сиздан қочиб бевафогинам,
Қуёшнинг бағрига кўчиб ўтганман.
Келмангиз ёнимга кўнгил сўргани
Мен сизга дилимни бериб кетганман,
Сиздан яшириб бу юрагингизни,
Ўзим билан олиб, кўкка етганман.
Қайларда қолдинг деб изламанг мени,
Мен маъюс чеҳрангиз нигоҳидаман,
Йўқ, йўқ, мени излаб самога боққан,
Ҳар тола киприкнинг даргоҳидаман.
ОНА
(Дунёдаги барча оналарга бағишланади)
Қилдим баён васфинг
Узундан – узоқ,
Она, сўз топмадим
Сенга лойиқроқ.
Қуёш бор дунёда
Чароғон бироқ,
Мен учун қуёшдан
Меҳринг улуғроқ.
Дунё тушунгайдир
Ўзича бизни,
Билдик ўзимизча
Биз ҳам дунёни.
Бугун ўзгаларга
Бўлиб беқадр,
Мен билдим, онажон,
Яхшироқ сени.
Подшоҳ ҳам, гадо ҳам
Кимгадир фарзанд.
Барчага тенг берган
Меҳрини она.
Қабул эт, пойингда
Айлайин таъзим,
Бир достон туғилди
Бугун шаънингга.
Ўқидим, нозиктаъб
Шоирларинг ҳам,
Васфингни ёймакка
Ожиз қалами.
Не сабаб бундай, эй
Айтгин, буюк зот,
Балки қалбинг тўла
Ҳаяжон, титроқ…
Билмадим, тақдирим
Не йўлга бошлар.
Ҳали яширин бу
Келажак сири.
Шоира бўлолсам
Фақат сизга деб,
Мен қаср қураман
Биринчи бўлиб.
Тожмаҳал қурилди
Севгига атаб.
Мен дейман, бўлғуси
Онага атаб.
Эй, дунё жамиийки
Қизларни асра,
Чунки, у аввало
Бўлғуси она…
Ҳа, қизлар билади
Она қадрини,
Қачондир улар ҳам
Она бўлганда.
Она изтиробин
Тушунар балки,
Улар ҳам болам деб
Қайғурганида.
Мен диёр изладим
Дунёни кезиб,
Ва қўним истадим
Кулба ахтариб,
Қуш бўлиб учдиму
Бағрингдан узоқ,
Мен макон топмадим
Қалбингдан йироқ…
БОҒ АРО
Муҳаббат боғига
Кирган илк куним.
Энг эзгу орзулар,
Эзгу ниятлар,
Ўтли нигоҳлару
Ниҳон ёнишлар…
Таъриф этолмайман
Тил теккизолмайман,
Бу – ўтмишимнинг
Ёрқин кунлари…
Ҳижроннинг домига
Илинган куним,
Беҳисоб қайғулар
Илк изтироблар,
Мунгли нигоҳлару
Ундан нолишлар…
Таъриф этолмайман,
Тил теккизолмайман,
Бу ҳам ўтмишимнинг
Ёрқин бир куни…
Энди мен ҳаммасин
Унутган куним,
Қайғудан йироқда
Осуда туним.
Фақат у қийнайди,
Қайноқ соғинчим,
Ваъдасин унутган
Ёлғончи гулим…
Таъриф этолмайман,
Тил теккизолмайман.
Бу гулшан аро мен
Қола олмайман.
АЁЛ АСЛИ
Аёл кимдир?
Аёл – ожиза.
Сўзларида турмаган – аёл.
Аёл кимдир?
Аёл – покиза.
Ғанимга юз бурмаган – аёл.
Аёл эди, Мавлавийнинг
Онаси,
Аёл эди, бу дунёнинг
Ойнаси.
Аёл эди, журъатсиз дил
Хонаси,
Бу оламни ушлаб турган
Муҳаббатнинг
Сояси…
Аёл кимдир?
Аёл – ожиза…
Ғийбатлардан чиқмаган – аёл,
Аёл кимдир?
Аёл – мў‘жиза.
Дунёларга сиғмаган – аёл.
Аёл кимдир?
Йиғлатган – аёл.
Кўксидаги ягона ишқни
Фоний ҳисга
Тиғлатган – аёл.
Аёл кимдир?
Йиғлатган – аёл,
Ҳам йиғлатган, йиғлаган – аёл.
Аёл кимдир?
Кулдирган – аёл.
Ҳам кулдирган, кулган ҳам – аёл.
Аёл кимдир, айтай дўстларим:
Асли – аёл, жони – аёлмас.
Аёл кимдир, бу дунёда:
Асли – эркак, жони – муаннас…
БEРАҲМ ЭРТАК
Кўнглим сезганди,
Бир кун сен менга
Кетишинг ҳақида
Сўйлайсан эртак.
Мен-чи эртакларинг
Устидан кулиб,
Айтаман бу чўпчак
Менга не керак?..
Мана, сен айтган
Замон ҳам келди.
Навбатин кутмоқда
Бераҳм эртак.
Раҳм эт, бир зум
Қолай ёнингда,
Сен-чи, унамадинг.
Ҳозир…
Кетишинг керак…
НEЪМАТ ОРЗУСИ
Кўчалар, дарахтлар,
Чанг. Ғубор босган.
Бир он эзилиб,
Қор ёғса эди…
Осмонни хиралик,
Тумонат босган,
Ёмғир-да сузилиб
Бир ёғса эди…
Балки соябоним
Уйда қолдириб,
Бошяланг далага
Чиқардим, балки…
Темур хиёбонин
Ортда қолдириб,
Тошкентни айланиб
Чиқардим, балки…
Чироқлар, чироқлар…
Яшил чироқлар…
Йўл беринг, йўлларда
Юрайин яёв.
Чироқлар, чироқлар
Катта сўроқлар:
“Бу катта йўлларда”
“Нечун сиз яёв?”
Кўчалар, дарахтлар
Чанг босган, хиёл
Бир дам тизилиб
Қор ёғса эди…
Шоирни карахтлар
Тун босган хаёл,
Ёмғир ҳам сузилиб
Бир ёғса эди…
* * *
“Мен” бўлса, дунёга ҳавас бўларкан.
Руҳият қушига қафас бўларкан,
Аллоҳнинг энг гўзал мў‘жизасидан
Бандага берилган нафас бўларкан.
Диндошим, биродар, улоқтир “Мен”ни,
Покиза кўнгилга жойлагил “Сен”ни.
Мушарраф бўлгайсан, топмоққа балки,
Ҳаётнинг сайқали ўшал “Ҳеч ким”ни.
ЁРНИНГ ҚУЛИМАН
Дунё мени
Англамоқ учун,
Ўттиз йил керакдир.
Балки эллик йил…
Ўшал кун инсон деб
Тан олмоқ учун,
Сарфламоқ керакдир
Умрни балки.
Сен кимсан демадинг:
Ёрнинг қулиман,
Гуноҳкор бандаман,
Девонасифат.
Хароба эдиму,
Ерга тўкилдим.
Кезаман дунёни
Харобасифат.
Кўзлардан оққани
Томчи ёш эмас,
Денгиз қаъридаги
Дурдан нишона.
Олган маломатим
Асли тош эмас,
Боғида кўринган
Ҳурдан нишона…
Айтинг бу дунёни
Қурган ким эди?
Ким эди, ким учун
Бунёд айлади?!.
Жим эди, коинот,
Асли жим эди…
Жимликда инсонни
У ёд айлади.
ТОПГАНИМ
Ҳаёлардан қочиб-қочиб,
Бориб охир, хато топдим.
Хатоларнинг юзин очиб,
Бориб йўлдан асо топдим.
Йиқилдиму, дедим: “Аллоҳ”
Гуноҳимга жазо топдим.
Шукр дебон, сўрдим паноҳ,
Бу дардимга даво топдим.
Баҳоуддин изларидан,
Юриб-юриб, дуо топдим.
Дуоларнинг сўзларидан,
Ҳурматидан ҳаё топдим.
Ҳаё олиб бордим унга,
Қайтишимда зиё топдим.
Хамир қилди қориб унга,
Жафолардан вафо топдим.
Сен, эй, Кавсар топмадинг ҳеч,
Нафс балосидан ўзгани
Кўнгил айтар: “Ўзингдан кеч!”
Қўй, Ризосидан ўзгани.
ИЙМОН БИЛАН ЯРАТГАН
Тўлин ой, сени Раббим танҳо этиб яратган,
Сенга кўз тегмасин, деб доғлар суртиб яратган.
Юлдузларни атрофга чаман қилиб яратган,
Сени ул чаманда мисли санам қилиб яратган.
Бизни Аллоҳ дунёда ҳалол бўл, деб яратган,
Хоксор-ла қадди дол, ҳилол бўл, деб яратган.
Биз-чи, ҳалол бўлдикми ечиб ҳаё пардасин?
Ваҳоланки, У бизни инсон қилиб яратган.
Нафс йўлига оғдикми, ичиб ҳаёт бодасин?
Демадикми, У бизни нодон этиб яратган?
Одамзотга бу борлиқ мў‘жизадир шубҳасиз,
Кўрмадикми, эркагу аёл қилиб яратган?!
Ойга ҳам қўйиб қадам, топганимиз не бўлди?
Бари жумбоқ биз учун, хаёл қилиб яратган.
Етти олам асрори сенга Ундан хабардур,
Эшит, инсон, борлиқдан ёлғиз Аллоҳ Акбардур!
Кел эй одам, бирлашиб, ибодатга боғла бел,
Аллоҳ бизни мусулмон банда қилиб яратган.
Турку Ажам, Мағрибдан келар йиғлаб одамзот,
Зеро, кўнгил уйини иймон билан яратган.
Моҳим, сени У кўкда танҳо қилиб яратган,
Нур юзингни биз учун ҳаё қилиб яратган.
Қалқон бўлсин энг гўзал ахлоқимиз туну кун,
Зеро, Аллоҳ барчани ибо билан яратган!
НОЛАИ ДИЛ
Зебогўй эрурсан, зеболик сенга ярашгай,
Наин зеболик, балки дилраболик ярашгай.
Узлат истагай кўнгил бугун ёдинг ила,
Бесабрлик менга, Сенга иболик ярашгай.
Лоба кўргуздиму дединг: “берурман, тила”
Султонлик Сенга, менга гадолик ярашгай.
Хўблиқ айла манга, бериб ишқдин насиба,
Ки мажнун эсам, ишқда савдолик ярашгай.
Узмам умидимни дийдор диёридин мен,
Ки, қалбим дардига бедаволик ярашгай.
Мисли моҳтоб билмангиз, чеҳраи зардимни,
Ки, дили хунман менга шайдолик ярашгай.
Оламороликму ишинг, мендек ғарибга,
Эриб битгай жон Сенга жафолик ярашгай.
Роҳим эрурсен Роҳимли зот ўзинг, ё Раб,
Кавсарингга васл, Сенга танҳолик ярашгай.
КEЛДИМ
Шоҳмену эгнимда хирқа, мен сени кўргали келдим.
Йўқ бисотимда мири ҳам, базми жом қургали келдим.
Нурнисор деб таърифинг етказдилар жаҳон аҳлига,
Кўнглима ишқ тиғин санчдинг, боисин сўргали келдим.
Демагил сен эй, лоларуҳ, келсам магар туфайл нечун?
Қаро сочларинг тўзғимиш, аларни ўргали келдим.
Шоҳ эрур, ишқда гадодур деб айтса нодон кишилар,
Менки, андин тафохурда, санга бош ургали келдим.
Не учунким келурсан боз деб жонима қилма жафо,
Дилим меҳрин вафосидин ишқ қасрин қургали келдим.
Ҳажру фироқинг дардини мендин рафъи эт сумансо,
Васлинг биҳиштида бўлиб, мен муқим тургали келдим.
ХАТО АЙЛАМАНГ
Хаёл ичра сузганим кўриб сиз парво айламанг,
Каъбадек кўнгил уйин шубҳадин расво айламанг.
Шайхи Санъон учун бунча, сиз тавалло айламанг,
Тарсолиқдин жудо айлаб, ани порсо айламанг.
Мажнуни Қайсни кўриб, ани мудово айламанг,
Васлдин айру фироқни ошиққа раво айламанг.
Қаю моҳ кўкда юзин сиза тажалло айласа,
Самарқанду Бухорони анга ҳибо айламанг.
БОРМИКАН
Бу жаҳонда Сенингдек шарм айлагувчи бормикан,
Тун зулматда ўзини шам айлагувчи бормикан.
Бу дунёда емоқлик бор биров ҳаққин хотиржам,
Лек виждонан бошини хам айлагувчи бормикан.
Хайр этсак-да Ҳотам каби юз кун бечораларга,
Ҳалол бир нон ила карам айлагувчи бормикан.
Бу оламда нафс йўлидан юриб йиққанлари самм,
Савоблардан гуноҳни кам айлагувчи бормикан.
Магар ҳисоб вақти ҳамма Машҳаргоҳда бўлса жамъ,
Қўрқиб гуноҳдин кўзни нам айлагувчи бормикан.
Очмагай кўнгилни Кавсар, ўзгадин кўрмиш ситам,
Анга Сендек ўзни маҳрам айлагувчи бормикан.
ТЎРТЛИКЛАР
Ортиқ менга ошён керакмас.
Мол-дунёга ҳамён керакмас,
Элтинг мени, дўстлар олдига,
Фақат менга нодон керакмас.
* * *
Сўз гавҳари маъно дедилар.
Сўнг уларни сўзга сотдилар.
Тиканларга ўраб аёвсиз,
Яхшиларга қараб отдилар.
* * *
Тун кирди ашкимни яширмак учун,
Ҳатто раҳм этди бу омонат дунё.
Сен-чи, сен қадрингни оширмак учун,
Кетдингми ташлабон, эй гули рўё.
* * *
Сен эй, инсон, кўзни авайла,
Яхшиларни кўрмоғинг учун.
Тиканлардан сўзни авайла,
Қасри савоб қурмоғинг учун.
* * *
Ҳаёт ўйин мисли, инсон – овунчоқ.
Яшамоқ – шам эрур, қўйибсан ёқиб,
Фақат эмас бунда лисон – ўйинчоқ,
Сўзларинг дарёга кетмайди оқиб.
* * *
Шу латофат, шу чирой, битта хол ила,
Ҳофиз Шерозийни лол этган малак.
Жонимнинг риштасин бўйнингга боғла,
Бугун мен Ҳофизу телбаман, ҳалак.
* * *
Бобур соғинчида қолган шеърият,
Усмон хаёлини олган шеърият
Бу кун мени яна асира айлаб,
Жонимга ўтли ишқ солган шеърият.
* * *
Бир нигоҳ ташлаб мени тоҳир этдинг,
Аввал гунг айлабон, сўнг моҳир этдинг.
Васфинг учун топмасимдан байт сенга,
Лаҳза фироқинг ила шоир этдинг.