Жўра Раҳим (1933)

Таниқли болалар шоири Жўра Раҳим 1933 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида туғилган. У Самарқанд давлат университетининг филология факултетини битиргач, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидаги мактабларда ишлади.
Жўра Раҳимнинг кичкинтойларга аталган асарлари 1952 йилдан вақтли матбуотларда нашр этиб келинмоқда. Шоирнинг „Қўнғироқ“, „Момақалдироқ“, „Бир бутун ой, ўн икки юлдуз“ деб номланган ўндан ортиқ китоблари босилган.
Филология фанлари номзоди Жўра Раҳим шеърий асарларидан ташқари илмий-маърифий китоблари билан ҳам ўз мухлисларининг эътиборини қозониб келаётир.

БИР БУТУН ОЙ, ЎН ИККИ ЮЛДУЗ

Жуда қадим замонда
Чол-у кампир бор эди.
Ўғил ва қиз кўрмаган,
Дастёрга-чи зор эди.
Иккаласи ҳам аҳил,
Ақлда эди доно.
Шунинг учун қўшнилар,
Ҳурматларди доимо.
Кампир уйда ўтирар,
Қилиб уйнинг юмушин.
Чол омоч-ла ер ҳайдаб,
Тамомлар дала ишин.
Буғдой ўриш кўйида,
Чол қирга кетди бир кун.
Кампир қолди уйида,
Овқат тайёрлаш учун.
Мана овқат ҳам тайёр,
Ким олиб борар қирга.
Кампир ялиниб кўрди,
Қўшни ўғли Тоҳирга:
— Ўргилай, ўғлим, шуни —
Элтиб бергин бобонгга.
„Бир бутун ой, ўн икки —
Юлдуз“, дегин бобонгга.
— Ҳа, ҳўп, — дея Тоҳиижон
Жўнабди қир томонга.
Йўл юриш ва чарчоқлик
Охир тегибди жонга.
Сўнг мадори қурибди,
Қорни оча бошлабди.
Тугунни ерга қўйиб,
Аста еча бошлабди.
Тугунда сўлқиллама
Бир қатлама бор экан.
Идишда чучваралар —
Терилган қатор экан.
Чучвара, қатламадан
Керагича ебди у.
— Қолганини элтарман
Бобомларга, — дебди у.
Етиб бориб бобога
Топшираркан тугунни.
Дебди: — Бувим-чи, менга
Тайинладилар шуни:
„Бу тугунни бобонгга
Элтиб бергин“, — дедилар. —
„Бир бутун ой, ўн икки —
Юлдуз, дегин“, — дедилар.
Тоҳими алқаб-юлқаб
Бобо овқатни ебди.
Идишни бера туриб
Тоҳирга шундай дебди:
— Кеч қолдинг, ўғлим, югур,
Адашиб қолма қирда.
„Яримта ой, олтита —
Юлдуз“, деб қўй кампирга.
— Ҳа, ҳўп, — дея Тоҳиижон
Ўқдай учиб кетибди.
Кечга қолмай кампирнинг
Ҳузурига етибди.
— Сиз юборган овқатни
Бобом мақтаб едилар.
„Яримта ой, олтита —
Юлдуз“, дегин дедилар.
— Тугунни ечибсан-а? —
Деб сўраб қолди кампир.
— Ечганим йўқ, бувижон, —
Тоҳир бермай турди сир.
— Шошма, шошма, юлдузим,
Қулоқ бер, менга қара.
Олтита юлдуз ўзи,
Олти дона чучвара.
Ярим ой дегани —
Яримта қатламадир.
Гапимга қулоқ солиб
Гап қайтармай туратур.
Бир бутун қатламадан
Ярмини ўзинг ебсан,
Нега ҳеч тан олмайсан,
Сира емадим дейсан?
Ўн икки чучварадан,
Олти дона қолса ҳам,
Еганим йўқ, дея сан
Бўйин бермайсан, эркам.
Ебсан, майли, жон болам.
Еганларинг ош бўлсин!
Аммо тўғри гапиргин,
Бувигинанг ўргилсин.