Жамолиддин Муслим (1965)

Жамолиддин Муслим 1965 йили туғилган. 1991 йили Наманган Саноат институтини сув иншоотлари қурилиши муҳандиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. “Кўкка ўрлаётган изтироб”, “Қалб истеҳкоми”, “Муҳаббатли манзиллар”, “Шаффоф булоқлар”, “Тўкилмас япроқлар” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари.

Сонетлар

* * *

Фусункордир бугунги оқшом,
Юлдузлар ҳам бўлди пайваста.
Севгимизга улар ҳавас-ла
Завқларини этдилар инъом.

Улар каби олис эди бахт,
Тақдиримиз қовушди бу он.
Кўксимизда ишқ урди жавлон,
Айлагандик бир умрга аҳд.

Муродига етди муҳаббат,
Ажиб, сирли эртаклар айтиб,
Ўшал онлар келмайди қайтиб…

Улғайтирар, албат, садоқат,
Қутлар бизни шивирлаб гўё,
Битта дарди ариган дунё…

* * *

Атиргулдай очилгин сен ҳам,
Азоблаган бол тотли ҳижрон.
Очилганинг кўриб, маҳбубам,
Юрагимга бағишласин жон.

Юлдузлар ҳам табрикка тушсин,
Келар йўлинг ёритсин улар.
О, хаёлим, оҳ, ширин тушсан,
Сен-ла умрим бахтларга тўлар.

Ҳаяжонга айланиб вужуд,
Мен-ла кутиб яшайди дунё.
Умиддан сеп ёяр тараддуд,

Соғинч эса оқгувчи дарё.
Дарё тошиб, эй гули раъно,
Висолингга қилур мубтало.

* * *

Менга роҳат ой-ла сирдошлик,
Сукут сақлаб тинглайди мени.
Менинг қалбим – ойнинг Ватани,
Доғин чизган касби наққошлик.

Тангри азал биз иккимизни
Ҳамдард этиб яратди абад.
Туғилсин деб дардли муҳаббат,
Сочди ҳар ён қувончимизни.

Қувончни биз термадик ҳар дам,
Шундан босди иккимизни ғам.
Берди бизга осмондай бардош…

Ким бўлолса бизларга ҳамдам,
Дард чекмоқни қилсин ихтиёр,
Лек, тўкмасин кўзларидан ёш…

* * *

Дўстим бўлса қуёшдай ёрқин,
Тунда йўлим ойдай ёритса.
Бахшидадир борлиғим бутун,
Ғамин айтиб майли қаритса.

Дўстлик асли илоҳий неъмат,
Дилдаги меҳр – унинг дояси.
Дўстлик қасрин қурмоқ-саодат,
Садоқатдир унинг ғояси.

Дўстлик қасрин юракка қурдим,
Олиб қочди калитни кўплар.
Ғанимларни пашшадай кўрдим,

Суқишди-я кўзимга чўплар.
Қани, энди, дўстим бўлсайди,
Қасрим менинг нурга тўлсайди.

* * *

Табассум қил, айрилиқ бир бор,
Ҳайратланиб очилсин ғунча.
Сабо куйлаб, суюкли дилдор,
Сочларидан олақол муччи.

Табассум қил, айрилиқ бир бор,
Унсин энди хорсиз чечаклар.
Қалдирғочлар келтириб баҳор
Айвонимда айтсин эртаклар.

Эй, булутлар, келтиринг ёмғир,
Шивир-шивир ёғсин-ей, бу дам.
Фош бўлиб ёр кўнглидаги сир,

Чисир-чисир ёнсин-ей, бу дам.
Айрилиғим ҳасратга лим-лим,
Айрилиғим мўъжиза, тилсим…

* * *

Тушларимга кирса соҳибжамолим,
Сайр этаман гўё арши аълода.
Ислоҳ қилмоқ учун ишқсиз аъмолим,
Қайта туғиламан фоний дунёда.

Мендан ортда қолар минг битта Мажнун,
Ишқ сўрарман фақат остонасида.
Илтифотга зорман бўлиб жигархун,
Раҳм қил, Лайлим, туш баҳонасида.

Жоним сенга тутган Ошиқ Ғарибман,
Васлинг умидида ўтдим саргардон.
Хаёл билан яшаб, э, воҳ, қарибман.

Уйғотиб юборма мени тушимдан,
Жоним илкидаги хушсурат жонон.
Фақат ўзингсан-ку мени тушунган…