Жамолиддин Бадалов (1989)

Жамолиддин Бадалов 1989 йили туғилган. Фарғона давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.

***

Бундан ўн йил олдин
Суқилган кўчат
Ерда илдиз отиб,
Ҳосил бергандир.

Бундан ўн йил олдин
Туғилган гўдак
Суяк-эти қотиб,
Ботир бўлгандир.

Бундан ўн йил олдин
Дорилфунунда –
Кунлар узунмиди,
Йилга нисбатан?!

Бундан ўн йил олдин…
Ёмғирли тунда
Беҳад сулув эдинг,
Агар… Эсласанг…

СЎНГГИ ДАРАХТ

Бир дақиқа олмасанг нафас
Ва ўпкангга бормаса ҳаво.
Кўзинг ирғиб, кўкариб, нохос
Типирчилаб қоларсан, аммо…

Даҳшатлиси, соғ ақл билан
Таназзулинг англаган ҳолда.
Ўй сурарсан, илдизим силаб
Бир қўлингда занглаган болта.

ИДИЛ

Бунда…
Осмон пастлаб кетгандай…
Булутларга етгудай қўлинг.
Оғир тошлар тушар елкангдан,
Хаёлингга келмайди ўлим.

Гўё қадим замондан бери
овлоқ гўша ёқиб қолган-у
қайноқ қумга бағрини бериб
узун бўлиб ётиб олган сув.

СЕН

Сен сира ҳам автобусда юрмайсан.
Одам зич жойларда йўқлигинг аниқ.
Иссиқ нонга навбат кутиб турмайсан,
Бозорга тушмайсан сават кўтариб.

Четланиб ўтасан хиёбонлардан,
Ҳайвоний эҳтирос сен учун эмас.
Ва тағин бачкана риёкорлардан
Нафратни яшириш қўлингдан келмас.

Қонингда мағрурлик азалий, туғма.
Гарчи юрсанг ҳамки юпун, очиққан,
Арзон кафеларда ютмайсан луқма
Минг бир кас оғзига тиққан қошиқдан.

Кўнглингни беҳузур қилади даюс,
Беҳаё кўзларнинг таъқиби зимдан.
Севгингга муносиб йигит йўқ, афсус,
Сенга нолойиқман ҳатто ўзим ҳам.

ОНИЙ МАНЗАРА

Кўнгилга қўшиқ ҳам сиғмайди гоҳи,
Камига йўл тирбанд, вақт эса тиғиз.
Бир оний лаҳзада тортдинг нигоҳим,
Дераза олдида ўйга толган қиз.

Саҳарлаб шаҳарга ошиққан қанча,
Бегона тақдирлар келар юзма-юз.
Сен эса қўлингни қовуштирганча,
Ўткинчи касларга боқардинг маъюс.

Неларни ўйладинг субҳи содиқда?
Ўйчан кўзларингда синаркан зиё.
Бу ҳиссиз гавдалар қоғоз қолипдай,
Ночор кўриндими пулга ўч дунё?

Эҳтимол, хонангга тўлган бемаза,
Нохуш хаёлларни қувмоқ истадинг?
Шундан парда йиғиқ, очиқ дераза,
Ёмғирда юзингни ювмоқ истадинг?

Лекин нега сен-ла хаёлим банди,
Бу ғусса қаердан – ўзим билмайман.
Шаҳарда адашган боладек гангиб,
Йўлнинг ўртасида нега йиғлайман?!

Мен ҳам бир ўткинчи..Сенга етти ёт,
Лекин бу изтироб, бу ёш… ғалати.
Энди хотирамдан ўчмас умрбод,
Дераза олдида турган ҳолатинг.

СЕНИ КУТДИМ

Энг яхши кунларни яшадим ёлғиз,
Далли туғёнларни жиловда тутдим.
Шотутлар қон бўлди, узумлар майиз…
Сени кутдим.

Ҳушимдан айирди райҳон бўйлари,
Бошимдан гул элаб баҳорлар ўтди.
Кейинни ўйладим, сени ўйладим…
Сени кутдим.

Қизларга қўл бериб кўришсам борми,
Ҳаққингга хиёнат қилгандай худди.
Виждоним қийналди, оғриди жоним,
Сени кутдим.

Тирик жон бормикин ҳолим тушунган?
Кўрмаган инсонни қизғондим, куйдим!
Сени излаб бормоқ имконсиз, шунга,
Сени кутдим.

Биламан, бир куни келарсан йўқлаб,
Келмай иложинг йўқ! Бу азал ҳукми!
Ўшанда энг сўнгги кучимни тўплаб,
Ниҳоят айтарман,
Мен сени кутдим.

* * *

Қандай тез ўтди болалик!
Қуёш тўғри кўзимга ботар.
Ялпиз терган қизлар болали,
Шумтакалар бўлибди ота!

Бир маҳаллар бу маҳаллада,
Болакайлар чопиб юрардик.
Ташвиш деган гап йўқ каллада,
Кўчаларда ётиб юрардик.

Бу йўллардан ўтганда ҳар гал,
Димоғимда райҳонлар иси.
Бирга ўйнаб катта бўлгандай,
Сен ёдимга тушганинг қизиқ.