Жаҳонгир Исмоилов (1952)

Жаҳонгир Исмоилов 1952 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Тошкент Давлат университетида таҳсил олган. “Туташ тақдирлар”, “Юртим таровати”, “Юрт меҳри”, “Соғинч”, “Сўнгги манзил” каби кўплаб насрий ва назмий тўпламлар муаллифи.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

Қандайдир манфаат, илинжни кўзлаб,
Ҳар куни сен билан кўришар дийдор.
Ва тилда садоқат, меҳрдан сўзлаб,
Дилда бунинг акси бўлган каслар бор.

Баъзи бир дўстлар бор йироқдир, ҳатто —
Йиллаб кўришмоқнинг топмас йўлини.
Бошингга бир мушкул тушганда, аммо
Ёнингда тик турар, чўзар қўлини.

Шундайлар ҳақида ўйлаганим дам,
Тасалли бераман ўзимга ўзим.
Менинг учун йиллаб кўришмаса ҳам,
Меҳр, оқибатли дўстлар бор бўлсин.

БУХОРОНИНГ ТОҒЛАРИ

Омон Матжон шеърига назира

Гарчи Бухоронинг бағрида тоғ йўқ,
Балки шу жиҳатдан кемтиклиги рост.
Лекин афсус чекма, кечмишингга боқ,
Сиймолар кўп, тоққа этгулик қиёс.

Ўтмиш ортда бугун, замона янги,
Илмига то абад дунё берар тан.
Номи яшаётир оламда мангу,
Айтинг, Ибн Сино қайси тоғдан кам?!

Бухоролик дея Имом Бухорий,
Кўксимиз тоғ тутиб, туямиз ғурур.
Истиқлолдан қадр топдилар олий,
Етти пир — ҳар бири битта тоғ эрур.

Бас! “Кўҳна ва боқий Бухоро”га бор,
Сиртига битилган номларни ўқи.
Ундаги ҳар бир ном бир тоғ пурвиқор,
Бағрида бўй чўзган саноқсиз чўққи.

Шариф шаҳар эрур, азалдан бешак.
Нур янглиғ таралмиш маърифат, илм.
Қанча фарзандлар бор шарафи юксак.
Санаб адоғига ета олган ким?!

Ноёб обидалар мерос шаклида,
Аждодларнинг бизга битган изҳори,
Теран назар солсанг улар аслида,
Ҳар бири ўзича бир тоғ тимсоли.

Оғушида юриб идрок этган чоғ,
Рамзий тоғ кўрасан, боқма қаёққа.
Шу важ бу заминда эҳтимол Оллоҳ,
Ҳожат йўқ дегандир табиий тоққа.

* * *

Ким дили пок, кимдир лоқайд, ким кўнгли қора,
Кимдир бефарқ, кимдир бузар, кимдир қуради.
Инсонларни гоҳ пинҳона, гоҳи ошкора,
Манфаатлар бир-бирига боғлаб туради.

Бу ҳаётда кўплар излаб, топади тенгин,
Оқибату сабр, меҳнат чин инсонга хос.
Баъзан яқин дўстликка ҳам дарз кетар лекин,
Манфаатлар бир-бирига келмай қолса мос.

* * *

Рост гапни бепарво ёлғонга йўйдинг,
Фарқламаган каби оқдан қорани.
Битта сўзинг билан сен узиб қўйдинг,
Кўнглим риштасидан битта толани.

Нечун пок ҳисларга жавобан итоб,
Ўйласам, юрагим баттар эзилар.
Тўғри англамасанг, беролмасдан тоб,
Мустаҳкам ришта ҳам бир кун узилар.

* * *

Ҳасадгўй кимсанинг шудир бўлгани:
На етиб, на юриб, на кўриб билар.
Ўзгаларнинг иши юриб тургани,
Унинг вужудини ханжардек тилар.

Топгани, егани татимас асло,
Қуриб бораверар, яшар қон ютиб.
Қулоқлари дингдир, кўзлари бежо,
Иши юришганнинг заволин кутиб.

Бир томондир бошқа дардларнинг бари,
Лекин ҳасадгўйлик энг оғир кўрим.
У ҳасад ўтида ёнгани сари,
Босиб бораверар кўнглини қурум.

Шу зайл вақт ўтиб, нафақат кўнгил,
Қурумга айланар тани ҳам буткул.
Баттар куявериб, тўлғаниб мунгли,
Оқибат бўлади бир кун ҳовуч кул.

Унга ачинаман,
Бу шундайин дард,
Даволашга ҳатто ожиз тиббиёт.
Ундан халос бўлиш мумкиндир фақат,
Инсон ўз кўнглини этолса обод.

ДЕҲҚОН

Ҳамма иш ҳам осон туюлар сиртдан,
Уруғ қадай олур ҳар қандай меров.
Лекин ерга уруғ қадаган одам,
Деҳқонга айланиб қолмайди дарров.

Бир экин ерининг шарт-шароити,
Бошқа бир далага келавермас мос.
Ерга қададингми уруғни, рости,
Парвариш ҳам даркор шу экинга хос.

Шоир дилидаги туғён, туйғуни,
Бошқаларга туҳфа этади шеърда.
Бугун афзал кўрса ором, уйқуни,
Тушириши мумкин қоғозга эрта.

Ёки бунёдкорнинг ишини кўргин,
Зарур ашёлар жам, тураверади.
Агар унинг қўли тегмаса бугун,
Эртага бемалол қураверади.

Деҳқон саратонми, қаҳратон қишми,
Далада куйманар, тиним билмас ҳеч.
Эртага қўёлмас бугунги ишни,
Бугун улгурмаса, эрта бўлар кеч.

Ер билан “тиллашар” ҳақиқий деҳқон,
Билади қаерда тўкис, кемтиги.
Билим, омилкорлик бобида, ишон,
У ўз даласининг Академиги.

* * *

Юришиб турганда ишинг, кўнглинг чоғ,
Оиланг тинч эса, дилда шукрона.
Озоринг тегмайди ҳеч кимга, бироқ —
Кимдир заволингни кутар пинҳона.

Қўллари муз,
Дили қурумдан баттар,
Башараси нурсиз, боқиши мунгли.
Қувонсанг-у оғир қайғуга ботар,
Ғам чекканинг кўрса яйрайди кўнгли.

Дўстим, парво қилма сен унга ҳеч вақт,
Асло аримасин тегрангдан ёғду.
Ичини қурт еган дарахтга ўхшаб,
Ўз-ўзидан адо бўлиб борар у.

* * *

Сен тенгсиз гўзалсан, ой каби якто,
Дийдорингни қўмсаб ўртанар дилим.
Лек журъат этолмам қарашга ҳатто,
Кўнгил изҳорига ожиздир тилим.

Муҳаббат ошиқни қўяр қул айлаб,
Малика эрурсан кўнглим тахтида.
Менга оғир яшаш баҳорни бўйлаб,
Ҳаётим кузга юз тутган вақтида.

* * *

Ким билар тақдирда нелар битикдир,
Заҳар бўлди гоҳо бол деб тотганим.
Қайси бир жиҳатдан кўнглим кемтикдир,
Топганимдан кўпдир йўқотганларим.

Ҳамма пайт ҳам ишинг келавермас ўнг,
Чексиз дунё баъзан қафасдан ҳам тор.
Бол улашса хушнуд бўлганингдан сўнг,
Заҳар тутганда ҳам чидашинг даркор.

* * *

Ҳаётда мавжуддир мукаммал тартиб,
Тўғри ё нотўғри қўясан қадам.
Унинг азобини бир ўзинг тортиб,
Бир ўзинг кўрасан роҳатини ҳам.

Қоқилмагин, бўлсин суянчинг ақл,
Фойдаси йўқ кейин тўккан кўзёшни.
Аждодлар бежизга қилмаган нақл:
“Ҳар ким ейди ўзи пиширган ошни”.

* * *

Гарчи кўп бор дилда борини айтдим,
Эзгу, пок ниятда узатсам ҳам қўл.
Ҳар гал ҳузурингдан бош эгиб қайтдим,
Сенинг юрагингга тополмадим йўл.

Буткул сўкилмаган умидим чоки,
Сарғайган куз эмас, менинг ёшимдир.
Ишқ менинг энг сўнгги топганим, ёки
Эҳтимол энг сўнгги йўқотишимдир.

* * *

Сенинг муҳаббатинг илоҳий эрур,
Қуёш каби ёниқ, уфқдай чексиз.
Сен менинг бахтимга кўкдан тушган ҳур,
Сенсиз ёруғ олам совуқ ва кўрксиз.

Митти юрагингда меҳр бир дунё,
Ғамларим муз янглиғ эрир тафтида.
Ҳорғин кўзларимга инади зиё,
Руҳим мадад олар толган вақтида.

Сен билан баҳордир умрим куз фасли,
Хаёлингсиз яшай олмасман сира.
Фариштам, илоҳий муҳаббат асли,
Илоҳий садоқат билан бокира.

ТЎРТЛИКЛАР

Узоқни ўйламай иш тутма асло,
Кўрдим, ишонч ҳосил қилдим кузатиб.
Қимматга тушади гоҳи бир хато,
Уни умр бўйи бўлмас тузатиб.

* * *

Беҳуда чираниш бермайди самар,
Ҳаддин билмаганнинг ҳоли охир танг.
Йўғонга тақлидан чўзилса агар,
Ингичка албатта узилар, билсанг.

* * *

Ҳаёт синов, гоҳи шафқат қилмайди,
Иродали одам осон “синмайди”.
Банда олар балки қўлингдагини,
Пешонангдагини ола билмайди.

* * *

Ризқига шукур қил, ажралма элдан,
Камтар, элпарварга толе бўлар ёр.
Кимнингки оёғи узилса ердан,
Охир бир кун қулаб тушмоғи ҳам бор.

* * *

Азалу абаддан шу садо келур,
Тинглаб, бир савдога лол қолар киши:
Итнинг касби мудом ҳурмоқлик эрур,
Ўтиб кетмоқ эрур карвоннинг иши.