Ўзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилувчи зуллисонайн шоир, Жаъфар Холмўминов 1968 йилнинг 20 центябрида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган.
1993 йили Тожикистон Давлат университети (Тожикистон Миллий университети) филология факултети форс-тожик классик адабиёти йилда ўз таҳсилини тугатди. У фалсафа фанлари номзоди.
Жаъфар Муҳаммад бир неча йилдан буён Эрон Ислом Республикаси Элчихонаси ҳузуридаги Маданият ваколатхонаси томонидан нашр этиладиган “Сино” фаслномасининг бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Ҳозиргача Жаъфар Муҳаммаднинг тожик тилидаги “Чашми борон” [Ёмғирнинг нигоҳи] (Термиз, “Жайҳун”, 1997), “Мижгони офтоб” [Қуёш киприклари] (Душанбе, “Оли Сомон”, 1999), “Тулуъи сабзи ранг”, [Рангнинг яшил чиқиши] (Тошкент, Абдулла Қодирий номидаги “Халқ мероси” нашриёти, 2003), “Тажаллий” (Тошкент, ЎзМЭ Дав. илмий нашриёти, 2008), ўзбек тилидаги “Кўзгу ҳайрати” (Тошкент,”Тамаддун”, 2010) шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди. Жаъфар Муҳаммаднинг форс-тожик тилидаги шеърлари Тожикистон, Эрон, Афғонистон ҳамда Ўзбекистондаги тожикзабон матбуотида, ўзбек тилидаги шеърлари эса Ўзбекистондаги турли газета ва журналларда эълон қилинган.
БИР ХИРОМ ЭТСА…
Ҳар кишиким ул париваш зулфини ёд айлагай,
Ақлу иймон тоғини бир пасда барбод айлагай.
Бир хиром этса агар ул сарвқомат боғ аро,
Юз қиёматни санавбарларга бунёд айлагай.
Бир табассум бирла кўнглимни олар, ҳалвофуруш
Йиғлаётган болани ҳалво билан шод айлагай.
Топмаса гар жаннатулмаъвода Ширин ёрини,
Дўзахийлар сингари Фарҳод фарёд айлагай.
Хастадил Жаъфар харобободида ҳайрондурур,
Ким хароботийни нечук қайта обод айлагай?
РУМИЁНА
Ман масту ту девона, моро ки барад хона?
Сад бор туро гуфтам: кам хўр ду-се паймона
Жалолиддин Румий
Мен кимману қайданман? На масту на девона!
На асли ҳақиқатман, на афсуну афсона!
Бир гўшада гирёнман, бир даврада хандонман,
Бир онда гулистонман, бир лаҳзада ғамхона.
Гоҳ дардима чипқонман, гоҳ ўзима дармонман,
Бир зумда зимистонман, бир лаҳзада гулхона.
Гоҳида бутун борлиқ қилгуси менга торлик,
Ҳеч бўлмаса, сен ёрлик қилгим менга, жонона!
Билмоқчими, қайданман? Мен хумдаги майданман,
“Ярмим мени Туркистон, ярмим эса Фарғона”.
Эй ошиғи соҳибдил, Жаъфар каби бедил бўл,
Шояд ёза олурсан бир байт румиёна!
МАШРАБО
Дарс олдим, дарс олдим мактабингдан, Машрабо!
Маст бўлдим, маст бўлдим машрабингдан, Машрабо!
Етмиш икки миллату мазҳабни ўргандим, вале,
Кўнглим осойишта бўлди, мазҳабингдан, Машрабо!
Ҳожибу маҳжуб ўзингсан, толибу матлуб ўзингсан,
Ҳақни топдим, Ҳақни топдим матлабингдан, Машрабо!
Саждага бошимни қўйдим ўзлигимни топгали,
Англадим ўзликни мен тобу табингдан, Машрабо!
АССАЛОМ, МУҲАББАТ!
Бесўроқ дилимга қадам қўйибсан,
Қаршимда қаламқош санам қўйибсан,
Ёнимга дафтару қалам қўйибсан,
Тўпори, соддадил, ғўр, хом муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом муҳаббат!
Келибсан, диллардан дилларга ўтиб,
Эртакдек тиллардан тилларга ўтиб,
Элчидек эллардан элларга ўтиб,
Гъойибдан йўлланган пайғом муҳаббат,
Ассалом муҳаббат, салом, муҳаббат!
Исминг не, билмайман, билмам қайдансан,
Самарқанд, Бухоро ёки Райдансан?
Бунчалар мунглисан, балким найдансан?
Нотаниш, бенишон, беном муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
Меҳмондек келибсан, мезбоним бўлгин,
Бор-будим сеники – султоним бўлгин.
Жонимдан жой олган жононим бўлгин,
Эй қудсий, илоҳий инъом, муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
Йўл олис, манзилга етиш – таваккал,
Қил кўприк устидан ўтиш – таваккал,
Ютқазиш мумкину ютиш – таваккал,
Омадсиз қиморбоз, ноком муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
СEВМАСАМ
Кўз юмай, гар бир нафас қошу кўзингни севмасам,
Кўр бўлай, илло, агар нону тузингни севмасам.
Қорлар ёғсин баҳоримда, ёзимда дўллар,
Гар сенинг, эй навбаҳорим, Наврўзингни севмасам.
Майли, бошимга бало ёмғирларин ёғсин фалак,
Гар қуёшингни, ойингни, юлдузингни севмасам.
Мен ўзимни топа олмасман, тополмасдан сени,
Сева олмасман ўзимни, то ўзингни севмасам.
Билки, мен олим эмасман, гапларингни уқмасам,
Билки, мен шоир эмасман, гар сўзингни севмасам.
МEНИ СEВГИН
Бу оқшомким, гўзал, ойдин, мени севгин, мени севгин,
Юракдан кетмасидан дин, мени севгин, мени севгин.
Бу дунёда хатолар кўп, жудоликлар, жафолар кўп,
Дилинг истайди гар таскин, мени севгин, мени севгин.
Агар бир хастадилсан сен, аламга бастадилсан сен,
Вужудингдан олиб бор тин, мени севгин, мени севгин.
Аё, эй кўзлари хуммор, Фарҳодинг эрур бедор,
Аё, эй лаблари Ширин, мени севгин, мени севгин.
Агар севолмасанг мени, Худони ҳеч севолмассан,
Унинг севгисидан олдин, мени севгин, мени севгин.
Гўзаллар кўп бу дунёда, валекин мен бу савдода,
Сени севдим, сени, омин! Мени севгин, мени севгин.
СEНИ СEВДИМ
Замину осмонлардан Сени топдим, Сени севдим,
Аёну ноаёнлардан Сени топдим, Сени севдим.
Жаҳонни сарбасар кездим, сабодек дарбадар кездим,
Муқаддас ошёнлардан Сени топдим, Сени севдим.
Умидинг бирла кун ўтди, хаёлинг бирла тун ўтди,
Саҳарлардан, азонлардан Сени топдим, Сени севдим.
Неча юз боғни айландим, Сенинг атрингга боғландим,
Муаттар бўстонлардан Сени топдим, Сени севдим.
Муҳаббат ошкородир, Самарқанду Бухородир,
Валекин мен ниҳонлардан Сени топдим, Сени севдим.
На Райдансан, на Ясрибдан, на Машриқдан, на Мағрибдан,
Магарки, Каҳкашонлардан Сени топдим, Сени севдим.
На май қолди-ю на соғар, на девон қолди, на Жаъфар,
Қай онларда қаёнлардан Сени топдим, Сени севдим?
ҚАРАМАДИНГ
Юрагимни чизиб бердим, қарамадинг,
Харитасин тузиб бердим, қарамадинг.
Форсий тилда айтолмаган дардларимни,
Туркийда ҳам ёзиб бердим, қарамадинг.
Қарамадинг, индамадинг, инонмадинг,
Юраккинам қонлар ютди, ҳеч қонмадинг.
Муҳаббатдан дунё хасдек ёниб кетди,
Сен тошмидинг, темирмидингки ёнмадинг?
Гар куй бўлсанг, қайси тордан таралгансан?
Кўзгу бўлсанг, қай томонга қаралгансан?
Бойсундаги ҳар бир тошнинг юраги бор,
Сен қайси тоғ тошларидан яралгансан?
Юрагимни узиб бердим, қарамадинг,
Орзуйимни сузиб бердим, қарамадинг.
Ўтмишимни, кечмишимни бошдан оёқ,
Вайронадек бузиб бердим, қарамадинг.
ҚАНОАТ
Майли, сен Боязид Бистомий бўлгин,
Термизий, Табризий ё Шомий бўлгин.
Сен майли, Навоий ё Жомий бўлгин,
Мен мурид мисоли бўлсам кифоя.
Сен Қорун бўлолсанг, бўлавер, дўстим,
Ганжина мисоли тўлавер, дўстим.
Майли, сен устимдан кулавер, дўстим,
Мен дарвиш тимсоли бўлсам, кифоя.
Майли, сен қудратли ғазанфар бўлгин,
Етти иқлим аро музаффар бўлгин.
Майли, сен Сулаймон пайғамбар бўлгин,
Кафтингда чумоли бўлсам, кифоя.
ГАДОЛИК
Шоҳмизми ё гадо, барчаси бекор –
Бандаи ожизмиз, Худо эмасмиз.
Фақир ҳам бўлсак-да, Ватан бағрида,
Ҳеч қачон бенаво, гадо эмасмиз.
Бу кўҳна бозорда гадолар бисёр:
Кимдир гул гадоси, пулгадо кимдир.
Кимдир нонга, кимдир тирноққадир зор,
Мансабу маснаддан мосуво кимдир.
Билсангиз, аслида менга ҳам мерос,
Энг яхши гадолик – сухангадолик.
Ҳеч кимга қолмасин мерос, илоё,
Энг ёмон гадолик – ватангадолик.
ЎТГАНМАН
Насиҳат қилма, эй воиз, бу мактаблардан ўтганман,
Тариқатни ниқоб этма, бу машраблардан ўтганман.
Нечун бу янги одатлар, муҳаббатсиз ибодатлар?!
Бу бидъатни йиғиштир, мен бу мазҳаблардан ўтганман.
Керакмас янги юлдузларки Сомон йўлини кўзлар,
Мен ул Шоҳи муҳаббат бирла кавкаблардан ўтганман.
Тариқатни ниқоб этдинг, шариатни хароб этдинг,
Риё бирла дема “ёраб”ки, “ёраб”лардан ўтганман.
Баҳоуддинни билмассан, Имом Аъзамдан эрмассан,
Менга лоф урма мансабданки, мансаблардан ўтганман.
Агар дин оламородир, унинг кўрки Бухородир,
Менга дарс ўтма диндан, мен бу матлаблардан ўтганман.
ЗИКРИ ХАФИЙДАНДИР
Агар тоатда лаззат бордир, зикри хафийдандир,
Ибодатда не иззат бордир, зикри хафийдандир.
Лисоний ишқдир жонсиз, ниҳоний ишқ поёнсиз,
Неки пинҳон саодат бордир, зикри хафийдандир.
Агар атри вужудидан, ва ёхуд абри жудидан,
Бирон-бир қатра раҳмат бордир, зикри хафийдандир.
Муҳаббат корзорида, ва ё кўнгил шикорида,
Агар бир лаҳза нусрат бордир, зикри хафийдандир.
Деди: шуҳратда офатдир, тариқат расми хилватдир,
Агар хилватда роҳат бордир, зикри хафийдандир.
Бориб айт ул қаландарга, ўшал дарвиш Жаъфарга,
Агар чин бир каромат бордир, зикри хафийдандир.
ҚАЙГА ЮЗ ТУТСАМ
Қайга юз тутсам, юзимни тирнагай тирноқлар,
Кўз тикар юз бир тикан, боссам қаён оёқлар.
Кимгаки, кўнглимни очсам, мамлакатга сочгуси,
Ҳар томондан бир ҳасадгў тиғини қайроқлар.
Эй шаҳарлик қиз, дилимни бунча вайрон айлама,
Айланар бир кун шаҳарларга гўзал қишлоқлар.
Сенга мен мағлуб бўлмоғим шарафдир, эй нигор,
Келу байрам қил, қўлимда бўлса оқ байроқлар.
Сен менинг шеъримдан, эй қаллоб, урсанг мисрани,
Эҳтиёт бўлгин: арузда кесилур бармоқлар.
ТОНГ ОТМАДИ
Бир кеча ойдек тўлиб сен келмадинг, тонг отмади,
Бир нафас меҳмон бўлиб сен келмадинг, тонг отмади.
Кўзларингга жон тасаддуқ, кўзларим кўзгусида,
Гъунча янглиғ очилиб, сен келмадинг, тонг отмади.
Юз жароҳатни дилимга бедариғ этдинг нисор,
Билмайин ёки билиб… Сен келмадинг, тонг отмади.
Орзулар шаҳрида ҳасратда куймоқда юрак:
Айланиб ё ўргилиб, сен келмадинг… Тонг отмади.
Жон лабимга келди-ю, эй ғунчалаб, сўнди умид:
Шўху шодон бир кулиб, сен келмадинг. Тонг отмади.
Ҳам қалам қўлимдадир, ҳам юз алам кўнглимдадир,
Ишқилиб, бир иш қилиб сен келмадинг: Тонг отмади!
Ўчди юлдузлар самода, ўчмади аммо чироқ,
Кетди Жаъфар эзилиб: Сен келмадинг, тонг отмади.
АЛБАТТА, МEНМАН!
Чорраҳа устида
Тўрт томон боққан
Ҳайронни кўролсанг,
Албатта, менман!
Қўлида портфелин
Кўтариб юрган
Инсонни кўролсанг,
Албатта, менман!
Яхшига жонини
Фидо этгувчи
Қурбонни кўролсанг,
Албатта, менман!
Ёмонга тик туриб
Бўйин эгмаган
Ёмонни кўролсанг,
Албатта, менман!
Атторнинг ортидан
Савдосиз қолган
Дўконни кўролсанг,
Албатта, менман!
Жилдини чанг босиб
Ҳеч ким очмаган
Девонни кўролсанг,
Албатта, менман!