Исмоил Маҳмуд Марғилоний 1947 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Шуъла”, “Келажакка ишониб”, “Эътироф”, “Ишқ саодати”, “Гулзор қилур” шеърий китоблари чоп этилган. Айни вақтда, Марғилон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Жаҳон отин Увайсий номидаги ёшлар адабий тўгараги раҳбари.
* * *
Яхшидир ҳар дилда бўлса яхшиларга иқтидо,
Яхшилик келгай кўнгилда бўлса шундай муддао.
Яхшиларга эргашиб топгай кўнгил ўз матлабин,
Қўйса ким бу йўлга макдамким, билинг, жонга ғизо.
Чекса бу йўлда риёзат гар киши топгай фараҳ,
Бу саодат риштасин тутгай, билинг, ақли расо.
Топди ким ёрдин ажр, топгай, билинг, нусратга йўл,
Ким сўраб Ҳақдин паноҳни, бўлмайин юзи қаро.
Норасодан қилмагин, роҳи хатарда рост қил,
Ким шафоат айлабон ожиз қулингни Роббано.
Икки оламда азиздир яхшилар ишқ ичраким,
Ҳақ йўлида бўлса ким айлар ани ёр тўтиё,
Беиболар бирла Маҳмуд, топмадинг ҳаргиз шараф,
Яхшиларга эргашиб топсанг ажабмаским ризо.
* * *
Ҳажрида қийналди жоним, бу кўнгил ёр истагай,
Кўрмака, баским, жамолин бу кўнгил зор истагай.
Воҳки, ондин ўзга ёрни кўрмагай бу кўз мудом,
Бергучи дардларга малҳам чин харидор истагай,
Айрилиқдин дард чекиб, воҳ, ол юзим бўлди сориғ,
Зору зорлик ичраким ҳам онча изҳор истагай.
Топмадим ишқ даштидан излаб сени, эй ёрки, бас,
Бу кўнгил зоғу зағанлар ичра гулзор истагай.
Чарх комида азал битмиш бу тарзлиқ қисматим,
Воҳки, бу тарзлиқ ичинда шавқу асрор истагай.
Эй кўнгил, Мажнуну Фарҳод талъатин боз айла ёд,
Ҳар бири хилқат ароким, билки, ғамхор истагай.
Ишқ касби ичра, Маҳмуд, мен букун куйдим дема,
Ошиқ аҳли икки олам ичра дийдор истагай.
* * *
Илмсизлик кишини охири эсдан жудо қилгай,
Жудолик ичраким беҳол этиб қаддин дуто қилгай.
Дуто қадди била аъмолидан топмас фароғатлик,
Фароғат топмагай ҳаргиз, ҳаётини адо қилгай.
Адолик ичраким ҳаргиз йўқотгай ул сиёқини,
Сиёқини сиёҳ айлаб, ики дунё қаро қилгай.
Қаро айлаб ики дунёсини журми била ғофил,
Ки ғофиллик била ўзни гуноҳга ошно қилгай.
Гуноҳга ошно қилгай ўзидек бехабарларни,
Хабар топмас аларни ҳам балога мубтало қилгай.
Балога мубтало қилгайки номус оридин айриб,
Ки, номус-оридин айриб жаҳаннамга раво қилгай.
Жаҳаннам ваҳмидан қўрқиб турурман хавф ражо ичра,
Иймонда айла Маҳмуд деб қулинг ҳамду сано қилгай.
* * *
Этмагил кўнглимни ҳаргиз, эй фалак, жондин йироқ
Жонима жон бўлгучи ул моҳитобондин йироқ.
Борлиғим, мавжудлигим, бил, ёр туфайли чин эрур,
Қилмагил бу қулни ҳаргиз туну кун ондин йироқ.
Ҳар нафас ёр ишқида ургай юрак, билмас тиним,
Неча бор урди дема, воҳ, ургани сондин йироқ.
Нотавонман, норасоман васли кўйинг ишқида,
Чорасиз ҳолимни англаб, қилма имкондин йироқ.
Сен, қуёш юзли жамолин истагайким бу кўнгил,
Бир шарорат аҳлидин деб қилма ризвондин йироқ.
Маҳмудо, ҳолимда роҳат топмадим деб чекма ғам,
Ким топар бахтини, э воҳ, бўлса жонондин йироқ.
* * *
Неча чоғларким нигорим дилда васли муддао,
Ранж чекиб қилдим унинг уммидида мен илтижо.
Шарҳу ҳолимни баён айлай десам сирдош йўқ,
Изламакни ихтиёр айлай десам йўқ раҳнамо.
Суврати одам ва лекин сийрати бежонман,
Изласа топгай мени бу ҳолда ҳар ақли расо.
Дард аҳли лутфидин ҳеч бўлмади менга насиб,
Шул сабабдин ҳар қадамда айладим беҳад хато.
Ҳажр аро қолди муаллақ еру осмон ичра дил,
Ким бўлиб ёр олдида ўз ҳолидин мен юз қаро.
Қилмишимдан топмадим наф, таъма бўлди ҳар ишим,
Ушбу феълимдин муҳаббат дардидин мен мосуво.
Маҳмудо, бас, ноумидлар ичраким саф тортмагил,
Ағниёдур икки дунё ганжни топган ишқ аро.
* * *
Қадрини айлар баланд ким айтса ҳар дам яхши сўз,
Белга қувват, кўзга нур, кўнгилга малҳам яхши сўз.
Хуш каломдин одамийлик ҳикмати топгай камол,
Ҳар қачон, ҳар ердаким этгай мукаррам яхши сўз.
Ҳар кишининг равнақи, бас, матлаби бирла улуғ,
Икки оламда улуғ этгайки ҳуррам яхши сўз.
Этди махлуқдан азизким Ҳақ таоло бандасин,
Алмисоқдин руҳига айлабки жам-жам яхши сўз.
Яхши сўз бирла тасарруф этгай оқил манзилин,
Роҳи ростда мақдамин этгайки маҳкам яхши сўз.
Бу улуғ хислат билан одам азиз, олам азиз,
Қадрини топгайки ҳар дам, топса одам яхши сўз.
Эй Худо, бебаҳралардан этмагил Маҳмудни ҳам,
Муддаийлар айтмасин Маҳмудда кам-кам яхши сўз.