Ирода Умарова (1987)

Ирода Умарова  1987 йилда, Жиззах вилояти, Фориш тумани, Гараша қишлоғида таваллуд топган.

ОТА УЙ

Мўъжаз ҳовли,
Каттагина боғ,
Дарвозаси ҳеч турмайди берк.
Бунда кезиб юрар бош-адоғ
Тоғ ҳавосин кийиб олган Эрк.
Бунда кесмас қуёш қўлини
Кўча бўйлаб чўзилган девор.
Бунда турмас юрак зўриқиб,
Овоз чиқар яйраб, жарангдор.
Тепсанг, қўшнинг қилмас безовта,
Пешонаси тош остоналар.
Сомонсувоқ баданларига
Беҳи ҳидин сепган хоналар.
Учта сандиқ, бир эски танча –
Шудир холос бисот дегулик.
Дабдаба ва буюм ўрнига
Ўрнатилган меҳр, тотувлик.
Ота ҳовлим,
Томинг четида
Айронкади осилган бутоқ –
Қучоғингда тургани учун
Мендан кўра бахтли,
Бахтлироқ!..

ТИЛАК

Кўкнинг товонига санчилар чўққи,
Қаранг, ярасидан оқмоқда шафақ.
Бир кунлик умрининг раҳмати ҳаққи,
Капалак сўнгги бор кўтарар қадаҳ.

Кумушранг тераклар фавворасида
Оймомо нозланиб ювар экан жом –
Туйғулар чирпинар дил қафасида,
Бир гўзал, бир ширин туюлар оқшом.

Хайрли тун… ёнар юлдузлар тани,
Хайрли тун… титраб-титраб йиғлар шам.
Тилагим: ҳар саҳар бандаларини
Яхши одам қилиб уйғотсин Эгам.

* * *

Сенга қўл силтадим, мунаввар очун,
Қуёшинг кўнглимга оқмайди сирқиб.
Кимнидир ўйлашим, йиғлашим учун
Умримни тунларга бераман қирқиб.

Юлдуз бисотида тугагунча зар,
Қўяман кўзимни осмонга ташлаб.
Ой яқин келади юрагим қадар,
Лабимга бир томчи кулгу бағишлаб.

Қалбимга бостириб атиргулдан из,
Соғиниб яшашдек ҳаёт меники.
Кутганим келар ва йиғлар чўкиб тиз:
Бу чиройли соғинч… наҳот меники?!

Ўшанда елкамдан қўлин олар тун,
Ва қайтиб келади тонгги кулгулар.
Маҳзун тақдиримга кўниб топган шу
Бахтимга кўзингиз тегмасин, гуллар!..