Иқбол Мирзо (Иқболжон Мирзаалиев) 1967 йил 1 майда Фарғона вилояти, Бағдод туманига қарашли Қўштегирмон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2005). Дастлабки шеърлар тўплами — «Юракнинг шакли» (1993). Шундан сўнг шоирнинг «Кўнгил» (1993), «Сени соғинаман» (1994), «Мени эслайсанми» (2000), «Танланган шеърлар» (2002), «Қўшиқларим» (2004), «Сени бугун кўрмасам бўлмас» (2005), «Сизни куйлайман» (2007), «Агар жаннат кўкда бўлса…» (2010), «Ватан ҳақида қўшиқ», «Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?!» (2014) сингари китоблари нашрдан чиққан. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).
Ёлғиз
Милён йилда мени яратди ҳаёт,
Мени сўраб, тоғлар қатор чўкди тиз.
Наҳот англамайсан, билмайсан наҳот,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Буғланиб, қайтадан тўкилади сув,
Қуёшдан ишорат – кўз ёрар илдиз.
Мен, ахир уларга ўхшамайман-ку,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Ҳар элат ўзича атар шамолни,
Мингта исм билан яшайди юлдуз.
Сен қайдан тоиасан бошқа Иқболни,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Нафасим – ғанимат, сўзим – ғанимат,
Фожиа – пойимдан узилган ҳар из.
Менинг нигоҳларим энг эзгу неъмат,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Яратганга бориб айтаман сени!
Ўзи ҳукм этсин одил ва холис.
Мен қайтиб келмайман, тушуняпсанми?
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз…
Ўзбек
Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,
Эдилдан кўринар бўйларинг, ўзбек.
Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам,
Номинг айтар энасойларинг, ўзбек.
Нуҳ тўфони, демак қисмат шамоли,
Кимнингдир камоли, кимнинг заволи.
Саргашта кун кўрдинг оҳу мисоли,
Шундан ҳамон мунгли куйларинг, ўзбек.
Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,
Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:
«Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа…»
Болангта боғлидир ўйларинг, ўзбек.
Бир замон оловни илоҳ билган эл,
Қуёшга қарашни гуноҳ билган эл.
Ҳар бир босқинчини қўноқ билган эл,
Ёвга сўқмоқ бўлган кўйларинг, ўзбек.
Исмингни айириб кечди асрлар,
Хонликни бекликка бўлган не сирлар?
Кентларга сочилган ўрда, қасрлар…
Кумдан қорилганми лойларинг, ўзбек.
Дил кўзғалса, элни тўхтатиб бўлмас,
Сел қўзғалса, гилни тўхтатиб бўлмас,
Занжир узган қулни тўхтатиб бўлмас,
Тиғ бўлди ҳар битта мўйларинг, ўзбек.
Бўйнингдан кетган йўқ ҳали дор изи,
Кўй, қора кунларнинг ўчсин қораси!
Сен борсан – Темурнинг улуғ вориси,
Осмонингга қайтди ойларинг, ўзбек.
Катта қишлоқ экан Париж, Лондон, Рим
Даламни соғиниб эзилди кўнглим.
Дунё гўзали – сен, қадоққўл синглим,
Гўзалдир ўнгиган кўйлагинг, ўзбек.
Ҳафталаб йўл қараб сарғаймас Кумуш,
Тоғни толқон қилди бобомерос мушт,
Тин олди довонга боқиб Алпомиш,
Тоғларни қўпорди ёйларинг, ўзбек.
Қўлингни кўзимга сурай, отажон,
Ёнингда ул бўлиб юрай, отажон,
Яхши кунларингни кўрай, отажон,
Совимасин қўлда чойларинг, ўзбек.
Онажон, ҳаволи боғлар муборак,
Ҳандалак банд берган чоғлар муборак,
Келин юзидаги доғлар муборак,
Буғдойларга тўлсин уйларинг, ўзбек.
Сумбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,
Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми.
Асли, бир сатрдир шеърим мазмуни:
Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек!
Айланай
Кўзмунчоғинг қўйма аста, дилдорим,
Ай, айланай, нозикниҳол қаддингдан.
Кузагимни хушбўй этган баҳорим,
Ай, айланай, атиргулим, атрингдан.
Икки кўзим маним, икки дагарим,
Сўзи новвот, қилиқлари шакарим,
Мирзо Улуғбегим, Мирзо Анварим,
Ай, айланай, сабза урган хаттингдан.
Майиз бўлиб саратонда куйган эл,
Боласидан даласини суйган эл,
Яхши кунни фақат тўйга қўйган эл,
Ай, айланай, киприкдаги гардингдан.
Баъзан кўнгил учун кўнгил сўралар,
Ким термулар, кимдир секин мўралар,
Ай, дўстларим, улфатлару жўралар,
Ай, айланай, номардингу мардингдан.
Омон эди орзу, тилагам кеча, Тангрим,
бокдинг чуқур юрагимгача,
Бедаво дард бердинг суягимгача,
Ай, айланай, танлаб берган дардингдан.
Содиқ чегачи
Содиқ чегачининг аёли хиёнат қилди…
Чегачи чўлоқ эди,
камбағал эди,
бефарзанд эди у устига-устак.
Ойсулув бўлса-да аёлин исми
сулув эмас эди ойдайин.
Ажаб,
вафо қилмади Ойсулув
гўзал бўлмаса ҳам…
Уни шайтон йўлдан урди,
Содиқни урди худо.
Ойсулув
йиғлади икки букилиб…
Ўчокдаги ўчаётган ўт
қизил тилларини ўйнатиб
масхара қиларди Содиқни.
Қумғон
куларди унинг устидан
шарақлаб…
– Йўқол… – деди секингина чегачи.
Аёл ўрнидан жилмади.
Тунда йўқолиб қолди
Содиқнинг ўзи.
Кимдир
унинг гандираклаб
Бачқирариқ томон кетаётганини
кўрганмиш…
Бир йил ўтди, уч йил, беш…
Содиқнинг чўпдек озган,
ақлдан озган аёли
сувқизи каби сочлари ёзғин
ўтирармиш
Бачқирариқ қирғоғида.
Қўлларида
Содиқ чегачининг
Камончаси, пармабигизи, сирачи…
«Чиқинг, бегам, кўнглингизни чегалаб берай,
Кўнглингазни беринг, бегим, чегалаб берай…»
Кўнгил
Кўнглим оғрир менинг, Кўнглим оғрир.
Товонимга тушиб кетган кўнглим.
Бир малак чўктирмиш кўнглимни,
Бир фалак чўктирмиш кўнглимни,
Чархфалак чўктирмиш кўнглимни,
Нотавон кўнглимни.
Ҳилол тилиб кетган уни,
Шамол юлиб кетган уни,
Қудуққа тушиб кетган кўнглим.
Зада кўнглимни кўтараман деб
Бир олам чўкиб боради,
Онам чўкиб боради;
Онам…
* * *
“Сени бугун кўрмасам бўлмас” (2015) китобидан шеърлар
Қизим Кумушой
Менга олтин нима, менга нима дур?
Баридан аълосан, қизим Кумушой.
Ёруғ дунё нима, олам нимадир?
Қароғим гавҳари – кўзим Кумушой.
Кулсанг ёришади зимистон хонам,
Қошингда мунтазир онангу онам.
Ягона худойим берган ягонам,
Йиғласанг, ёш ювар юзим, Кумушой.
Кулгинг кумуш бўлса, чеҳранг тўлиной,
Кечалар узаниб силар қўлинг ой.
Қуёш хизматингда, содиқ қулинг ой,
Юлдузчалар тизим-тизим, Кумушой.
Сен дунёга келдинг, дунё хуш бўлди,
Ёмон кунлар қолди, эски туш бўлди.
Жужуққинам, нега қўлинг мушт бўлди?
Менинг айтолмаган сўзим, Кумушой.
Сенга қўшиб худо берди фароғат,
Момиқ сочларингда ажиб тароват.
Термулсам бир ҳузур, ўйласам роҳат,
Жонингдан айланай ўзим, Кумушой.
Шаҳлоларинг
Қўша юлдуз бўлиб ёнар шаҳлоларинг,
Юлдуз кўрар бўлдим, мана, кундузлари.
Бор-у… кўкнинг энг чароғон юлдузлари,
Ўша юлдуз бўлиб ёнар шаҳлоларинг.
Нима қилай, мен ҳам сенга ёқсам дейман,
Нима қилай ёниб турса шаҳлоларинг.
Суйдириб сўнг тониб турса шаҳлоларинг,
Қароғларинг туб-тубига боқсам дейман.
Орамизга кипригингдан девор қўйма,
Бағрим ўйма, худодан қўрқ, дилозорим.
Наргис кўзим, бинафшабўй, гулъузорим,
Ошиғингни ташлаб қўйма, бекор қўйма.
Қўша юлдуз бўлиб ёнар шаҳлоларинг,
Қара, кўкда топишдилар икки юлдуз.
Қора кўкда топишдилар икки юлдуз,
Ўша юлдуз бўлиб ёнар шаҳлоларинг.
Малол келмасин
Юзимизга ёпманг эшигингизни,
Биз келган чоғларда шамол келмасин.
Эгаллаб олмаймиз бешигингизни,
Сизга муҳаббатим малол келмасин.
Нозик таъбингиз ҳеч бўлмасин хира,
Келсак, сўрамаймиз сиздан йўлкира.
Сизга оғирлиги тушмайди сира,
Сизга муҳаббатим малол келмасин.
Шунақа беқарор туриш-турмушим,
Турмушим ўйласам келади ғашим.
Ғашланиб қарайди тағин бу кишим,
Сизга муҳаббатим малол келмасин.
Сиз ухласангиз ҳам ой сочар зиё,
Юлдузлар боқади ойга маҳлиё.
Сўраб севинг, деган қонун борми ё?
Сизга муҳаббатим малол келмасин.
Севги ҳам бир бисот – зардан зиёда,
Бисотим отдаю ўзим пиёда.
Яшасак яшабмиз биз ҳам дунёда,
Сизга муҳаббатим малол келмасин.
Марғилон
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам алам ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими”, деб,
Ҳамма мендан сўрайверади.
Сўрайверар кўча, гузарлар,
Сўрайвериб кўнглим бузарлар,
Кумушойдан, ойгина қиздан
Қандоқ қилиб умид узарлар.
“Яхши”, дейман, “шукур, соғ-омон,
Келиб қолар, дейман, Марғилон…”
Қаролмайман Офтобойимга,
Ич-ичидан куяр, бағри қон.
Сўроқ белгисидек янги ой
Эргашади, тинмай сўроқлар.
Кумушини сўрайди мендан
Кумуши йўқ тилла равоқлар.
Бирдан жимиб, тўхтар ўйиндан –
Қизчаларнинг саволчаси бор.
Юз эллик йил бўлди – қўйнимда
Кумушойнинг рўмолчаси бор.
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам қайғу ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими” деб,
Ҳамма мендан сўрайверади.
Алдаб яшадим
Уфқда кўринса қуш, хабар кутдим,
Атай сизни кўриб туш, хабар кутдим,
Сиздан дарак кутдим, хушхабар кутдим,
Мени ўзимни шундай алдаб яшадим.
Эй дил, йўл сўнгида сафо бор дедим,
Куйма, қизларда ҳам вафо бор дедим,
У гўзал бўлса-да, вафодор дедим,
Мени ўзимни шундай алдаб яшадим.
Давраларнинг гули мен эмас, бошқа,
Давроннинг булбули мен эмас, бошқа,
Ичкиликнинг қули мен эмас, бошқа,
Мени ўзимни шундай алдаб яшадим.
Жоним ғариблигин англаб яшадим,
Танламаганни мен танлаб яшадим,
Эшитгим келганни айтдим ўзимга,
Мени ўзимни шундай алдаб яшадим.
Ёлғончи дунёга рост сўзларинг хайф,
Ёлғондан завқ топдим, чиндан топдим кайф.
Алданган бўлсангиз ўзингизда айб,
Мени ўзимни шундай алдаб яшадим.
Сени ўйласам
Гул, келдинг умримнинг куз палласида,
Шамоллар гувлайди сени ўйласам.
Гулбўрон – илк қорлар арафасида
Юрагим гуллайди сени ўйласам.
Қайси феълим ёқиб меҳрибон худо
Сендай гулни менга айлади ато?
Энди хато қилсам бўлади хато,
Худойим қўллайди сени ўйласам.
Қайтмас бўлиб мендан кетган гулюзлар,
Ёнимга қайтишга ёниб йўл излар.
Олисдан кўз қисиб бир-бир юлдузлар,
Бўсалар йўллайди сени ўйласам.
Тилим – юрагимнинг давомидир, гул,
Юрагим икки юрт довонидир, гул,
Довонда бир гулнинг товонидир гул,
Ўлиб ҳам бўлмайди сени ўйласам.
Баҳорнинг илк куни
Баҳорнинг илк куни – биринчи мартда
Сени учратгандим биринчи марта…
Тақвим – календар не табиат учун?
Мендек қаландар не табиат учун?
Аммо бирдан битди қаҳратон қаҳри,
Тумандай тарқади изғирин заҳри.
Баҳорнинг элчиси бўлиб турардинг,
Нафис тароватга тўлиб турардинг.
Аммо атрофингда анов бировлар,
Ивирсиб юрарди кўнгли қировлар.
Ҳа-да, турқи совуқ, қиш бандалари,
Бор-ку ишқдан озод иш бандалари.
Гуллаётганимдан ҳайрон эдилар,
Ободлигим кўриб вайрон эдилар.
Аммо найлайинки аслинг билмасдим,
Найлайинки, кўнглинг фаслин билмасдим.
Билмасдим борлигим сездингми, баҳор?
Интизор, зорлигим сездингми, баҳор?
Аммо авайлайман шу ширин дардни,
Илк марта гул тутган биринчи мартни…
Жоним
Жонимдан тўйганман, ҳаётдан панд еб,
Ким сўз очса, қалбим ярасин очар.
Агар ўлиб кетсам ўксимагин, деб
Ўлиб кетай агар, юрибман ночор.
Кўрган куним қурсин, кунимни кўрдим,
Юзлаб юзсизларга бўлдим юзма-юз.
Худо урганларга ўзимни урдим,
Йўлдан урган билан кетдим изма-из.
Азизам, ўзинг айт, бедилда не дил?
Ўт-ўлан ичра ўт ичрадир ўлан.
Азизам, эгилсанг осмонга эгил,
Суҳбат қур кўнглини қурганлар билан.
Кимга керагим бор? Яшашга йўқ эп…
Қўлсиз, оёқсиз ғам юрагим очар.
Агар ўлиб кетсам хафа бўлма, деб
Ўлиб кетай агар, юрибман ночор.
Борлигингни ўйласам
Мени кўрсанг юзларинг
Қизарарди, қизирди.
Исминг айтсам ичимда
Юраккинам исирди.
Мактаб пайти ортимдан
Аста-аста борардинг.
Қарасам юз бурардинг,
Қарамасам қарардинг.
Ғаройиб-да чиндан ҳам,
Боламиз-ку ўзимиз.
Тўлиб кетади ўпкам
Учрашганда кўзимиз.
Дарсликда йўқ бу сабоқ:
Бундай суйгин суйганда!
Юрагим тошар ногоҳ
Сен жилмайиб қўйганда.
Ёшимизни айтмайман,
Чўпчакми бу, эртакми?
Бало борми дейишар,
Жинними бу, тентакми?
Энди кўнглимни очсам,
Эшигин ёполмайман.
Кўзинг ёдимда, аммо
Исмингни тополмайман.
Уяламан ўзимдан
Дарров юзим қизийди.
Борлигингни ўйласам
Юраккинам исийди.
Қайдадир
Жонки, тополмас оромин, орому жоним қайдадир?
Оромни жондан айирган оромижоним қайдадир?
Озоридан минг ўргилиб, кетмас эдимку қошидан,
Энди дегайман ўртаниб, қоши камоним қайдадир?
Ўтдими даврим дебон дардим зиёда кун сайин,
Давру даврон гултожи аввалзамоним қайдадир?
Пойига гуллар сочиб, жоним пойандоз йўлига,
Руҳими тез айлаган руҳи равоним қайдадир?
Неча ой хуфтон дилим, тундек қоронғу кундузим,
Кўнглима ёғду сочар моҳи тобоним қайдадир?
Ким сўрар ишқда товон, бошдан товоним бўлди чўғ,
Ёр демас, сўрмайди ҳеч ул нотавоним қайдадир?
Яхшидир ўзи, вале сўзи ёмондир бунчалар,
Иқболинг дер, эй худо, яхши-ёмоним қайдадир?
Куяйми
Оғайнилар, ёшлик тез ўтганига куяйми?
Юракдан қўр, кўздан нур кетганига куяйми?
Олачалпоқ туш каби судралар қора турмуш,
Сочу соқол мош-гуруч битганига куяйми?
Кўз ёшингга қарамас, кўнгил ўзи ёш ахир,
Кўнгил қурғур таманно этганига куяйми?
Ўзим-ку йўл истаган, қараб кулгим қистаган,
Этагимдан бировлар тутганига куяйми?
Тегажоқ қиз-жувонлар, оқ-дўмбоқ қиз жувонлар
Шеърим айтиб менга гап отганига куяйми?
Кеча калтак еганлар, суйкалганни суйганлар
Қариганда ўраниб ўтганига куяйми?
Тез ботади офтоб ҳам, тез тугайди шароб ҳам,
Улфат чўқиштирмай “ғўлт” ютганига куяйми?
Эски қўшиғим тинглаб, эски расмимни ўпиб,
Содда қизлар ҳалиям кутганига куяйми?
Табассум
Қандай тотли бу бахт, бу сафо!
Бошда сочар бошдан зар севги.
Ёз тонгидек тоза, мусаффо
Табассумдан бошланар севги.
Томирингга қоришар зиё,
Нари кетар ёмонлик, риё.
Қиз тўхтайди. Қарайди қиё…
Табассумдан бошланар севги.
Бирдан ўпканг тўлиб кетади.
Тушунганлар кулиб кетади.
Ҳамма яхши бўлиб кетади,
Табассумдан бошланар севги.
Айланасан хаёл боғида,
Қийналасан ҳижрон доғида,
Қўшиқ айтгинг келар гоҳида
Табассумдан бошланар севги.
Ким билади қиз бола сирин,
Юрагингга ташлар кўз қирин,
Минг ваъда, минг ҳийла яширин
Табассумдан бошланар севги.
Қандай ширин бу бахт, бу сафо,
Шундай аччиқ бу дард, бу жафо.
Кўзёш билан тугайди, аммо
Табассумдан бошланар севги.
Булоқ
Булоқ кўзёшининг асл асоси
Анов чўққиларда, туманли тоғда.
Менинг ғуссаларим манбаи, рости,
Ўсмирлик ёшимда, жуда йироқда.
Булоқ кўзёшидан тиниқиб ичиб,
Чанқоғи босилиб, йўлчи миннатдор.
Шеърларимни ўқиб, ёришиб ичи
Яна севиб қопти, дегувчи ҳам бор.
Мен ўзимни енгдим
Мен ўзимни енгдим – сени унутдим.
Яна бакор келди кучли иродам.
Яна гул ҳаётга юзимни тутдим,
Яна эл қатори одамман, одам.
Аммо йўл қўймайман унутишингга,
Чеккан жабрим учун тортгайсан жазо.
Кечалар шарпадек кириб тушингга
Эслатавераман мен – Иқбол Мирзо.
Китоб муқовасин эшикдек очиб,
Ўрнашиб оламан фикру ўйингга.
Қайгаям борардинг замондан қочиб,
Қўшиғим бостириб кирар уйингга.
Абадий тирикдир шоир қарғиши,
Мен ютсам, сени деб изтироб ютдим.
Алвидо! Буёғи худонинг иши,
Мен ўзимни енгдим – сени унутдим.
Куни кеча учрашдик
Куни кеча учрашдик, бироқ
Маҳаллангда ўсгандайман мен.
Ҳуштак чалиб гоҳ ўйинқароқ,
Гоҳ йўлингни тўсгандайман мен.
Катта синфлардан қизғониб,
Ўн йил бирга ўқигандайман.
Бирдан йигит бўлиб ўйғониб,
Исмингга шеър тўқигандайман.
Қўрғончадан тўйдан қайтишда
Қўлларингни топгандайман-а,
Бошим гангим, кўргандай тушда
Тутқаторда ўпгандайман-а.
Ҳарбийда хўп соғинганим бор,
Ой сени эслатиб ўтарди.
Сен мени кутардинг интизор,
У пайтларда… қизлар кутарди.
Куни кеча учрашдик, бироқ
Бирга-бирга ўсгандайман мен.
Гаплар отиб гоҳ ўйинқароқ,
Гоҳ йўлингни тўсгандайман мен.
Менинг Бағдодимнинг қизлари
Бодомқовоқ, қийиқ кўзлари,
Бегонадан тийиқ кўзлари.
Қуралайми, кийик кўзлари?
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ғўрлик пайтим, бебошлик пайтим
Сизни ташлаб кетибман дайдиб.
Мана, келдим бош эгиб қайтиб,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Умримда кўп таннозни кўрдим,
Суҳбатлашдим, ўтирдим, юрдим.
Ҳаммасидан чиройли юртим –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Кўз бўяш йўқ, улама соч йўқ,
Назар қаттиқ – бунга илож йўқ.
Қайда бўлмай, сиздан кўнглим тўқ,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Оҳанжама сўзлар бегона,
Меҳнат билан туғма дугона,
Иқболжони учун ягона,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ойхонлари, Дилраболари,
Дилнозлари, Гулҳаёлари,
Кумушлари ва Раънолари…
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Асли манов ерим сизники,
Кўздан тўккан терим сизники,
Ҳамма яхши шеърим сизники,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ой қизларим, ойдай тўлинг сиз,
Ойдин бўлсин юрар йўлингиз,
Мен учун ҳам бахтли бўлинг сиз –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Аскарликдан қайтиш
Хайр, мовий диёр! Эҳ, ким билади,
Балки йўлим тушмас бағрингга қайтиб.
Поезд жилар. Бир қиз зор югуради
Шпалга қоқилиб, исмимни айтиб.
Купеда тўрт киши. Гуржи ўртоғим
Ўртага тўкади топган-тутганин
Ва ҳикоя қилар қолсин деб номин
Деворга, дарахтга ўйиб битганин.
Водиллик оғайним уни маъқуллар,
Шу-да биздан қолар хотира, ахир.
Қумиқ дўстим ёзиб қўйганин айтар
Исмини харсангга, яна қайгадир.
Беун чўзиламан ўрнимга, алҳол,
Ҳеч қайга исмимни қўймадим битиб.
Кўзимни юмаман: бир қиз зору зор
Ортимдан югурар исмимни айтиб…
Мени кечир
Тошбақанинг елкасида вақт,
Ялмоғизнинг халтасида бахт.
Кунлар ўтар судралиб, карахт,
Мени кечир, гуноҳимдан ўт.
Қизғалдоқнинг тубида доғлар,
Ўзи билмас нимани хоҳлар.
Йиғлаб чопиб борар ирмоқлар,
Мени кечир, гуноҳимдан ўт.
Найкамалак сенга ўқ отар,
Дилга ҳилол ханжардек ботар.
Юрагингни қор босиб ётар,
Мени кечир, гуноҳимдан ўт.
Қумриларнинг бўғзида толқон,
Наволарнинг ростлиги ёлғон.
Ёлғонларга майлига ишон,
Мени кечир, гуноҳимдан ўт.
Ҳаётингни ёғдуга тўлдир,
Қалбингдаги Иқболни ўлдир.
Севолмадим, гуноҳим шулдир,
Мени кечир, гуноҳимдан ўт.
Ёдингдами?
Ёдингдами, гул сайли эди,
Кўнгил сайли, дил сайли эди.
Баҳор ҳам биз туфайли эди,
Мен сен учун, сен мен учун.
Лолалардек қизарган юзинг,
Хушбўй эди нафасинг, сўзинг.
Кўзим тушса қочарди кўзинг,
Мен сен учун, сен мен учун.
Юрак қушдек типирлар эди,
Жисму жоним жимирлар эди.
Нигоҳларинг шивирлар эди:
“Мен сен учун, сен мен учун”.
Лолазордек бугун қон дилим,
Очилдингми менсиз ҳам, гулим?
Армон бўлдик энди, севгилим,
Мен сен учун, сен мен учун.
Табиатнинг бормиди қасди?
Хазон бўлди қизғалдоқ фасли,
Бу дунёга келгандик асли
Мен сен учун, сен мен учун…
Эсингизга кимлар тушди
Маржон-маржон турналарга термулдингиз,
Сўнг паришон хўрсиндингиз, сўнг кулдингиз.
Лекин кулгу хўрсиниқдан оғир бўлди,
Хаёлингиз қайга учди, билолмадим,
Эсингизга кимлар тушди, билолмадим.
Турна сафи пайкон каби кетди тамом,
Яна нени излаяпсиз кўкдан ҳамон?
Кўзингизга тушган томчи – ёмғир бўлди,
Нигоҳингиз нени қучди, билолмадим,
Эсингизга кимлар тушди, билолмадим.
Сўрай десам, биламанки, алдагайсиз,
Эсим-ҳушим, муҳаббатим сенда дейсиз.
Кўзёш томиб ишқ шароби тахир бўлди,
Мажнун уни қандоқ ичди, билолмадим,
Эсингизга кимлар тушди, билолмадим.
Наҳот менга йўлдош бўлса ёлғон севги,
Қачонлардир, кимлардандир қолғон севги.
Наҳот ҳаёт шунчалар тошбағир бўлди,
Не деб ўзни овутишни билолмадим,
Эсингизга кимлар тушди, билолмадим.
Бошқа қизда эди менинг кўнглим ахир,
Мана мен ҳам айрилмоққа кўндим ахир.
Сизни менга боғлаб қўйган тақдир бўлди,
Бу ўнгимми ёки тушми, билолмдим,
Эсингизга кимлар тушди, билолмадим.
Ошиқлигимни айтинг
Эй яхшилар, дилдорга
ошиқлигимни айтинг,
Ҳамроз бўлди дил торга,
ошиқлигимни айтинг.
Дилнавозу дилрабо,
кўргаймикин дил раво?
Дилафрўз, дилозорга
ошиқлигимни айтинг.
Ҳоли ёмон деб айтинг,
боғи хазон деб айтинг,
Гулзода, гулбаҳорга
ошиқлигимни айтинг.
Чоҳлар қазиб юрмасин,
кўнглин бузиб юрмасин,
Душманимга, ағёрга
ошиқлигимни айтинг.
Юраги доғлиқ мардлар,
юракка боғлиқ дардлар,
Таскин бўлар, беморга
ошиқлигимни айтинг.
Қаноти йўқ не хабар?
Эл қолмасин бехабар,
Жарчи солиб бозорга
ошиқлигимни айтинг.
Гулмисиз
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Ҳурмисиз, пайкармисиз, жононмисиз?
Ҳажрингизда ўлмаган жоним менинг,
Мен-ку лол, сиз ҳам менга ҳайронмисиз?
Қош бўлиб қўнмиш икки куйган ҳилол,
Қошига юлдузчалар уйган ҳилол,
Ёлворурман, кўзни оч, уйғон, ҳилол,
Оймисиз, офтобмисиз, осмонмисиз?
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Қумрими, гулмоҳми ё жайронмисиз?
Дурмисиз, инжумисиз, олмосми ё?
Бормисиз ростдан ёки ёлғонмисиз?
Хўп ғалат ҳолат эмиш ошиқ иши,
Ким дегай роҳат эмиш ошиқ туши.
Беҳол, бетоқат эмиш ошиқ киши,
Бир нафас кўз қирини солғонмисиз?
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Тоғмисиз, дарёмисиз, сайҳонмисиз?
Воажаб, мендан сўрайдир дўстларим
Қулмисиз, шоирмисиз, қурбонмисиз?
Киприкларинг
Киприкларинг қуюқдир бирам,
Тирноқларинг табиий гулдор.
Тирноғингга арзимасам ҳам
Ўтиб кетма бепарво, дилдор!
Фурсат кетиб борар қасдма-қасд,
Бу не алам, бу не ситамки,
Кетиб қолма, сенга шу нафас
Бевафолик ярашса ҳамки.
Хайр, дема, хайр қил менга,
Тошкўчада бўлмасин дил хор.
Юрагимни берай қўлингга
Бир эркалаб ўпиб қўй, дилдор.
Жилмаясан шеъримни тинглаб,
Ташна лабга тутма заҳарни.
Қўй, ярамни уйғотма тирнаб,
Қўй, эслатма анавиларни.
Дилгинамга тушди ялт-юлт чўғ,
Беҳаловат зиракларидан.
Ўзим кетдим, ҳайдашгани йўқ
Данғиллама юракларидан.
Кейин сенга бўлгунча ошиқ
Осмонга ҳам ерга сиғмадим.
Чақмоқлардан ўргандим қўшиқ,
Булутларга ётиб йиғладим.
Кулиб боқсанг садақа жоним,
Мендан кулиб кетмагин зинҳор.
Қайтиб келмас менинг замоним,
Ўтиб кетма бепарво, дилдор!
Ноз ва фироқ
Ўлай агар, аразнинг хўп гашти бор,
Агар араз беғараз, бегард бўлса.
Энди етар! Хизматига мен тайёр –
Яраштириб қўядиган мард бўлса.
Жон-жон дердим агар жоним олса ҳам,
Совиб кетмай ўртансайди, куйсайди.
Учрашганда ёлғон қовоқ солса ҳам,
Четга қараб ростдан кулиб қўйсайди.
Сал чўзилиб кетди фироқ бу сафар,
Ўйиндан ўқ чиқмаса деб қўрқаман.
Шайтон бор-да ўртада, шу баччағар
Тумшуғини тиқмаса деб қўрқаман.
Алоқ-чалоқ тушга ўхшар ҳаётим,
Кўнглим боғда, ўзим эса тоғдаман.
Учолмасанг, ортиқча юк қанотинг,
Бир баҳона тополмасдан доғдаман.
Муддат керак экан нозу аразга,
Агар ишқда шу қийноқлар шарт бўлса.
Совға оберардим айтиб у қизга
Яраштириб қўядиган мард бўлса.
Кириб бораётган маҳалим кузга
Кириб бораётган маҳалим кузга,
Кўнгил чак-чак ёғди, кўнгил тинмади.
Гулдастадек хушбўй, хушрўй бир қизга
Юр, бахтли бўламиз, десам кўнмади.
Лолазор мисоли доғ эди бағрим,
Неча йил бу даштда чечак унмади.
Шудрингдек товланиб кетди-да меҳрим,
Юр, бахтли бўламиз, десам кўнмади.
Мен куздан баҳорга ҳатламоқчийдим,
Гулламоқчи эдим, яна бўлмади.
Яна бинафшани ҳидламоқчийдим,
Юр, бахтли бўламиз, десам кўнмади.
Дарадай ҳувиллар эди қучоғим,
Кўзим ва қучоғим бирдек тўлмади.
Менга ишонмади, тушунмади чоғим,
Юр, бахтли бўламиз, десам кўнмади.
Бу балки энг сўнгги журъат, қасд эди,
Бахт қуши айланиб ўтди, қўнмади.
Қаерга бўлса ҳам кетсак бас эди,
Юр, бахтли бўламиз, десам кўнмади.
Унутма
Унутма, худойим бизни эркалаб
Учраштириб қўйган кунни унутма.
Унутма, юзингдан олгунимча лаб
Қушдек учиб кетган тунни унутма.
Бир тола сочингни айлаган тумор,
Бўйларингдан масту бўйингга хумор –
Ким бўлса, ўшани унутма зинҳор,
Бағри қон, юраги хунни унутма!
Умрим ором билмай ўтар аломат,
Сен қаерда бўлсанг, шунда ҳаловат.
Қайларда бўлсанг ҳам бўлгин саломат,
Мен сени севаман, шуни унутма!
Сенга хатлар ёздим
Сенга хатлар ёздим, етиб бормади,
Ёмғирларда қолиб қунишди каптар.
Маҳзун куй таратди ёмғир торлари,
Юракка кўйлакдек ёпишди дардлар.
Сенга хатлар ёздим, аланга бўлди,
Ой ҳам қуёш куйди, қорайди олам.
Ингичка юраги тутунга тўлди
Ва ўзини ерга ташлади қалам.
Сенга хатлар ёздим, бойчечак бўйли,
Гуллатиб юборди қоғозни – қорни.
Кошки, эрийверсанг ўқиган кўйи,
Кошки, унутмасанг мени, баҳорни.
Озорлар етди
Ёмғирлар сочилди, ғуборлар кетди,
Сенга гул тутолмай баҳорлар кетди.
Еллар ҳовучида уфорлар кетди,
Шамолча ҳимматим бормиди менинг?
Мендан сенга фақат озорлар етди.
Барча гўзалларни рашк қилгувчи – мен,
Боқмаса юрагин ҳам тилгувчи – мен,
Қўл етмас юлдузга интилгувчи – мен,
Дилимда иллатим бормиди менинг,
Мендан сенга фақат озорлар етди.
Оқшом умид билан чироғинг ёқиб,
Тошкент томонларга юрагинг оқиб,
Унсиз йиғлагансан расмимга боқиб…
Юрагим, билмадим, бормиди менинг…
Мендан сенга фақат озорлар етди.
Энди ҳар битта сўз – заҳарли тикан,
Эй, надомат юки бошини эгган!
Кошки, кўз ёшингга арзисам экан,
Бир пуллик қимматим бормиди менинг
Мендан сенга фақат озорлар етди.
Юрагимнинг тутуни
Тирик дарахт кесилди,
Қуримади ўтини.
Кўзимдаги ёшларим –
Юрагимнинг тутуни.
Тоғлар кўркам кўринар
Бошидаги қор сабаб.
Бошимдаги қировлар
Ул бевафо ёр сабаб.
Юпқапўчоқ бодомнинг
Илма-тешик кўзи бор.
Бодомчадек юракда
Тиконларнинг изи бор.
Куз ёмғири ўчирди
Муҳаббатнинг ўтини.
Кўзда ёшимга сабаб
Юрагимнинг тутуни.
Аросатда ошиқлар –
Саноқда бор, йўқ сонда.
Эсламасам, сен йўқсан,
Ўйламасам, йўқсан-да!
Думалаган тош борки,
Бир кун жойин топади.
Осмон қолмас юлдузсиз,
Осмон ойин топади.
Қор ёғади – сочилар
Бошимдан ишқ кукуни.
Кўзларимни ёшлатар
Юрагимнинг тутуни.
Ўзинг
Ҳамма гўзал қизлар сенга ўхшайди,
Гўзал, ўхшамайсан ҳеч кимга ўзинг.
Юрагимни қириб, ширин ўртайди,
Айниқса, қошларинг, айниқса, кўзинг.
Чиройли қизлардан сени ахтардим,
Хаёлий тимсоллар яратдим такрор.
Тобора юк солиб, улғайди дардим,
Эй, барча гўзаллар жам бўлган дилдор!
О, менинг навраста орзуларим, о!
О, менинг туби йўқ, нотовон кўнглим!
Истардим: меники бўлсайди дунё,
Ўйлардим: ҳеч қачон топмасман ўлим.
Шоирона енгил кайфият билан
Янги май ичгандек сарҳуш юрардим.
Яшардим пок дилу соф ният билан
Мен ҳамма инсонни яхши кўрардим.
Ҳозир ҳам шунақа…
Қўявер, майли…
Кел, руҳим эркала, айт ширин сўзинг.
Ҳамма гўзал қизлар сенга ўхшайди,
Аммо ўхшамайсан ҳеч кимга ўзинг.
Сенинг жамолингда тажалли ҳусн,
Сенинг висолингга элтажак йўлим.
Муҳаббат муборак бўлсин сен учун,
Сен менга муборак, Наргизим, гулим!
Сен бўлмасанг
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Қандай йиғлаб, қандай кулардим?
Яна кимдан бахтим тилардим?
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Суякларим қақшайди ёмон,
Исканжага олади дардим.
Яхшиямки, сен бор, меҳрибон
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Чалғувчилар тинмай чалади,
Йиқилсаму лой бўлса қадрим.
Тўғрилигим ким ҳам билади,
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Юлдуз учса тегар бошимга,
Мен ҳаммани дўст деб билардим.
Ўзинг гувоҳ аччиқ ёшимга,
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Умрим бўлсин кўйингда адо,
Мен барибир сенга келардим.
Бу кимсасиз оламда, худо,
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Жавоб
Кўп китоб ўқидим ёшлик кезимда,
Гоҳи Ғарб, гоҳи Шарқ ҳушимни олди.
Атай ёдламадим, лекин эсимда –
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ўзбекдек самимий, ўзидек тоза,
Бешик боласининг кўзидек тоза,
Ўспирин ошиқнинг сўзидек тоза
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Муҳаммад Юсуфдан куйлар ирмоқлар,
Тоғни тилимлаган кийиксўқмоқлар,
Оқ чўгирма кийган момқаймоқлар…
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ким бор тағин она халққа қайишган,
Қайғусидан чўккан, бахтидан жўшган.
Куйчи шоир эди кўклардан тушган,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Узр, эй шоирман, зўрман деганлар,
Номаъқул бузоқнинг гўштин еганлар,
Сўзга нўноқлару гапга чечанлар,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Айланиб бағри кенг Ўзбекистонни
Секин гапга солинг мўмин деҳқонни,
Шоир деса, эслар Маҳаммаджонни,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Софдил инсон эди шоир бўлиб ҳам,
Қулади паймона лим-лим тўлиб ғам.
Энди қутилмасми сиздан ўлиб ҳам,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Мужмал сатрингизни ким ёд олади?
Эшитса чумчуқлар ҳам дод солади,
Қолса, сиздан фақат иснод қолади,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Жоним
Рақибларим бир пода,
Ғанимларим кўп, жоним.
Заҳрим сочсам мабодо,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Кўздай яқин дўстларим,
Ўйишга шай кўзларим.
Нордон бўлса сўзларим,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Ғусса ёғар самодан,
Қайғу сапчир дарёдан.
Мен кетсам, бу дунёдан,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Кўнгли синиқ эдимми,
Кўкси тиниқ эдимми,
Ўз бошимни едимми,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Мана бу боғи назм,
Илонлар қурар базм.
Икки тиллилик – расм…
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Ёш бошимга минг савдо,
Душманим тўп-тўп, жоним.
Жаҳл қилсам мабодо,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Юрак бағрим қон бугун,
Топганим ёлғон бугун.
Томоғимда жон бугун…
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Тўрт тарафга чопаман,
Фақат озор топаман.
Мен дунёдан хафаман,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Гўзалсан малакдайин,
Сенга не тилак дейин,
Севмагин мендан кейин,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Юзларимдан ўп, жоним,
Кўзларимдан ўп, жоним,
Ранжитсам ҳам кулиб тур,
Хафа бўлма, хўп, жоним.
Коса
Нукусдаги Савицский музейида коса учун теридан тикилган ғилоф бор.
Бир тери ичида неча бор озиб,
Неча бор семирар ушоқ мол, дерлар.
Ултонда аввал ҳам тузбўрон тўзиб,
Яна лим-лим тўлган Кўк Орол дерлар.
Умидим бор Тангрим марҳаматидан,
Қардошим хўрсинса, кўзим тўла ёш.
У ҳам бовурим деб тушиб отидан
Чинни косасида тутар гўжа ош.
Оёғим тагида кулдиргичим бор,
Битта жойни босиб туролмайман ҳеч.
Ахир, йўлларимда Хива интизор,
Ўшдаман саҳарда, Мўйноқдаман кеч.
Қўшиқлар тўқийман оғир ва қувноқ,
Жон бериб тинглайман эл баётини.
Сафарда топганман, дўст қорақалпоқ,
Кўнгил косасининг эҳтиётини.
Устюрт чўлларида юрагим куйган
(Қўй юнгин жингала қилар бу офтоб).
Сарвиноз, қимизми, қимрондан қуйгин,
Юрагим буғланиб кетади шу тоб!
Кўнгил кўнгилдан сув ичса қонажак,
Жонон коса бердим сенга, жонона.
Ажиниёз бўлиб сочайин чечак,
Розиман, қўлингда тўлсин паймона!
Тўнкариб қўйилган коса – ўтов бор,
Қўбиз бор, чанқовуз, шу-да чанғароқ.
Ўртада муҳаббат ёққан олов бор,
Тутуни йўқ ҳисоб, чўғи ярқироқ.
Терисига сиғмас дийдордан ўзбек,
Фироққа тополмас айни дам бардош.
Дўппимни қўйнимда сақлаганимдек
Қора қалпоғингни асрагил, қардош!
Таваккал
Бир ўзинга таваккал, Тангрим, сендан сўрайман,
Ўйларимни илоҳий чечакларга ўрайман.
Тилло ўғиллар бердинг, кумушдайин қиз бердинг,
Имкон ҳам бер, шуларнинг фароғатин кўрай ман.
Кумушимга Кумушнинг қолган умрин қўшиб бер,
Ўғилларга мирзолар шаштини ҳам жўшиб бер.
Бахт берганда, илтимос, гаштини ҳам қўшиб бер,
Сиҳатликда кексалик гаштини ҳам сурай ман.
Иззат қилдим келганча қўлимдан ва дилимдан,
Дадамга эхтиромим қайтсаёқ бас ўғлимдан.
Юртин севишса бўлди, мен севгандек кўнглимдан,
Йўқса шўр девор каби нурсизгина нурайман.
Ишонганим ўзингсан, бегона тутма, Тангрим,
Хаёлимдасан доим, сен ҳам унутма, Тангрим,
Мажолим етганидан кўпини кутма, Тангрим,
Байтим билан дилларда Байтуллоҳлар қурай ман.
Дўсти нодон етарли, бошқа мол керак эмас,
Севгили ёр сўзидан ўзга бол керак эмас.
Дам шу дамдир, шу ҳолдан ўзга ҳол керак эмас,
Кўпга бер, кўп қатори ҳовуч очиб турай ман.
Ҳар заррангда ҳикмат бор, зарра қадар иллат йўқ.
Ҳимоятингдан ўзга мен фақирга ҳиммат йўқ,
Сендан сўрайвераман, битта сенда миннат йўқ,
Шафоат қил, бир сенинг пойингга бош урай ман!
* * *
Шоир шеърлари MP3 форматда:
Иқбол Мирзо – Айёр қиз.mp3
Иқбол Мирзо – Боболарга муносиб бўл.mp3
Иқбол Мирзо – Бу дунёга келганим.mp3
Иқбол Мирзо – Дала. Мезон. Қизлар. Тарози.mp3
Иқбол Мирзо – Фақат биз биргамиз.mp3
Иқбол Мирзо – Истайсизми-йўқми сизни севаман.mp3
Иқбол Мирзо – Кўнглингда нима бор билмайман.mp3
Иқбол Мирзо – Кўйлаклари билан чўмилган қизлар.mp3
Иқбол Мирзо – Куни кеча учрашдик.mp3
Иқбол Мирзо – Ўзбекистон.mp3
Иқбол Мирзо – Она.mp3
Иқбол Мирзо – Пушаймон.mp3
Иқбол Мирзо – Сенга бармоғимни тегизмайман, Ой.mp3
Иқбол Мирзо – Шавкат Раҳмон.mp3
Иқбол Мирзо – Ёлғиз.mp3
Иқбол Мирзо – Юрт қўшиғи.mp3
Иқбол Мирзо – Замонни ёмонлама.mp3
* * *
Шоир видеолари:
Иқбол Мирзо билан интервью
Иқбол Мирзо “Ракурс” кўрсатувида
Иқбол Мирзо “XXI аср шеърияти” кўрсатувида