Илҳом Ўрмон – 1958 йилда туғилган. Қўқон давлат педагогика институтини битирган. Ижодкорнинг «Қалдирғоч қўшиғи», «Минг йил яшар эдим» шеърий тўпламлари нашр этилган.
Хаёлот боғи
Сукунатнинг овози бор,
Юрак билан тингланг сиз.
Ёлғиз қолиб, кириб кўринг,
Хаёлотнинг боғига.
Бу боғ аро хоҳи қувнанг,
Хоҳи тўйиб йиғланг сиз,
Бир дам ташланг ўзингизни
Истакнинг қучоғига.
Руҳингиздан тўкилади
Ситаму дард, аламлар.
Етиб бўлмас орзулар ҳам,
Зумда бўлар ижобат.
Билмам, қандай яшар экан
Хаёлотсиз одамлар?
Бу оламда ёзолмаса,
Кўнглини бехижолат.
Дилдан тилга чиқмай қолган
Сўзлар тошга айланар.
Охир бориб улар бир кун
Ич-ичингни эзганда,
Аёв билмас азоблардан
Тану жонлар қийналар.
Ёруғ дунё қаро бўлиб,
Яшамоқдан безганда,
Кириб кўринг, сайр айлаб,
Хаёлотнинг боғига.
Дадил ташланг ўзингизни
Истакнинг қучоғига.
Баланд тоғлар
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Ортингизни кўрмоқ учун
Чўққилардан ўтмоқ керак.
Булутларни қучмоқ учун
Қояларга етмоқ керак.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Бўйингизни бўйлаб турган,
Пойингизда ҳайронлар кўп.
Ҳасратларин ютиб юрган,
Нозик дили вайронлар кўп.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Олислардан кўрингувчи
Қор бўлсайдим бошингизда.
Лола каби интилгувчи
Ёр бўлсайдим ёнингизда.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Чўққингизни забт этгани
Бургутдайин қанотим йўқ.
Ҳайқириқларим етгани –
Қайтган садо қилади дўқ.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Илдизлари қояларга
Чуқур ботган наъматак хуш:
Бош эгмайин сояларга
Кенг самога урган у тўш.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Чўққингиздан сакраб ўтган
Оҳуларга ҳавас қилдим.
Юксаклик не, чексизлик не
Эканини энди билдим.
Баланд тоғлар, баланд тоғлар,
Ортингизни кўрмоқ учун,
Тик қояга етмоқ керак,
Чўққилардан ўтмоқ керак…
Қуёш ботаётир
Қуёш ботаётир, нурлари синиқ,
Тинимсиз ишлаган деҳқондек ҳорғин.
Кунбўй илитгани – бўз тупроқ илиқ,
Ялангоёқ юрсанг, вужуд олар тин.
Қуёш ботаётир, уфқ қонталаш,
«Ёруғ кун келар» деб, қиламиз умид.
Кўнгил кўчасини кесиб ўтар ғаш,
Хаёллар туғилгай истакларга зид.
Қуёш ботаётир, фусункор осмон,
Сукунат фалакдан тушаётгандек.
Замин қўлларини чўзиб шу замон,
Кўк пари баридан тутаётгандек.
Қуёш ботаётир, нурини ютган
Борлиқни қаро тун қўйнига тортар.
Кимдир совға қилиб, кимдир унутган
Атиргул йўлакда қовжираб ётар.
Қуёш ботаётир, қонталаш уфқ –
Замину самонинг бўсасидан бу.
Бугунги кун учун офтобга қуллуқ,
Эрта туғилажак янги тонг – сулув.