Икром Отамурод (1951)

Икром Отамурод 1951 йил 5 майда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Касби қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида тахсил олган (1969—74). Дастлабки шеърий тўплами — «Вақт ранглари» (1982). Шундан сўнг шоирнинг «Жануб қушлари» (1983), «Тўрғайли манзиллар» (1984), «Уфқлар орти бепоён» (1987), «Руҳимнинг қайғуси» (1995), «Сен» (1999), «Канглум, ўзинг» (2002), «Тавр» (2005) каби шеърий китоблари нашр этилган. Бир нечта достонлар ҳам ёзган («Ярадор умид отлари», 1986; «Узоқлашаётган оғриқ», 1990; «Сопол синиқлари», 1994; «Анинг умиди», «Харитага тушмаган жой», 1992; «Таназзул» ва бошқа). М. Дарвиш, М. Бсису, У. Уитмен, П. Неруда, Ў. Сулаймон, Е. Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Баъзи кунлар чўзилиб кетар,
баъзи кунлар қисқа,
бир тутам.
Шамс нуридан меҳрлар кутар,
туманлардан туяди ситам.

Баъзи кунлар қовоғин ўйиб,
борлиқ аро тўқийди тўрлар.
Қаергадир бошини қўйиб,
қаергадир пойини йўллар.

Баъзи кунлар ҳовлиқма сиёқ
бодларга тутқазар ройини.
Тоб ташлайди даштларда гиёҳ:
хўрсиниб,
қуруқшаб,
койиниб.

Баъзи кунлар дилларга кўчиб:
пайваста,
хеш,
ёндош бўлгайдир.
Армонларнинг доғлари ўчиб,
умидларнинг сеҳри тўлгайдир.

Баъзи кунлар — чигик тугунлар:
чўзиқми,
қисқами нисбати…
…Тонгдан
шомга югурган кунлар —
одамларнинг муносабати.

* * *

Не топсамки,
йўлларда топгайдирман,
не йўқотсам,
йўқотгайман йўлларда.
Йўллар билан доимо биргадирман:
шаҳардами,
қишлоқдами,
чўлларда…

Йўллар тушунгайдир канглумни фақат,
фақат канглум илғар йўллар асрорин.
Канглумда йўлларнинг армони қат-қат,
тўкилгай йўлларга канглумнинг зори.

Ўзи ясаб одам,
ўзи бўлган қул—
уловларга миниб,
мақтаниб,
ҳай-ҳай,
баланду пастларга чўзганича қўл,
тўзитар йўлларни беписанд пай-пай.

Манзил-маконларга йўллар пойидор —
тўрт тарафни хешлагайдир дунёда.
Йўлларнинг тотидан канглумда тот бор,
пиёда келдим,
мен,
кетгум пиёда.

* * *

…Мендан йироқ кетмагин соғинч,
яқиним бўл,
суянчим бўлгин.
Сукут ичра мустаҳкам боғич
нурларидай канглумда тўлгин.

Талпинаман ҳар лаҳза,
ҳар зум,
соғинч мўғжалаган висолга.
Қуёш кунга бўлгандай орзу,
тун очгандай бағрин ҳилолга.

Соғинч…
Унутма…
Аҳён-аҳён
қайрилиб тур…
Мен — бир ноламан…
Канглум ночор…
Хўрсиниққа ён…
Сенсиз ғариб бўлиб қоламан…

* * *

…Тонг кафтини тутади секин,
деразани очаман аста.
Ёйиб тоза ҳаволар сепин
ичкарига кирар бир пасда.

Ташқарига қарайман.
Атроф
қанчалар кенгайиб кетади.
Осмонлар кўшклари бирам соф,
замин тушларин уйғотади.

Дарахтлар бастидан гуркираб,
сатҳин шоён этади боғлар.
Гўё яқин келади,
ё раб,
узоқлардан термилган тоғлар.

Қанотларин кериб ҳавода
чуғур-чуғур қушлар учади.
Покиза,
беғубор сабода
умидлар умидни қучади.

Ўзимни унутиб, бир муддат
тонг сеҳрига бўламан ҳамдам.
Жойлашади канглумга қат-қат
мўъжизадан яралган олам…

* * *

…Қуёшга қараган уй —
лойсувоқли
тўрт пахса девор.
Адирда кўрсатиб қадди рўй
турибди
ҳеч топмайин ҳавор.

Қуёшга қараган уй:
туфроғи зинч,
бедарз,
беёриғ.
Адирда мисоли сирли ўй
саволин
жавоби,
водариғ!

Қиш қорлари томига чўкиб,
ғижимин тугади изғирин.
Жала кўкнинг барини сўкиб,
шатир-шутир тикар кўз қирин.

Қуёшга қараган уй
доим тик:
букилмас,
нурамас.
Сабабким,
ғуёш меҳрбўй
нурларини сочар — аямас.

Қуёшга қараган уй
топар
ҳаво хилларига дош…
…Қуёшга қараган уй
эшигидан киради қуёш…

* * *

Иқлим урчуғлари
йигирган булутлар
тарвақайлаб
чиқди кўкка…
… Ва,
деразаларни тўсган
пардалар тахлит
қоплаб олмоқ истар:
нужумли,
қамарли,
шамсли осмонни.

* * *

Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг,
канглум, сендан бўлак менинг кимим бор?
Не десанг, дегувчи – ёлғизим менинг,
Не айтсанг, айтгувчи – ўзинг хокисор.

Канглум, мени тушунгувчи ўзингсан фақат,
канглум, фақат сени англаб етгувчи ўзим.
Менинг вужудимда улғаяр тоқат,
сенинг вужудингда ғунчалар тўзим.

Канглум, ғамларимнинг ашклари – дайро,
канглум, армонларинг қайғулари – тоғ.
Канглум, сени қаърига тортар бу дайро,
канглум, мени янчиб кетади бу тоғ.

Даҳри дун дайрида чирпираган гард –
канглум, бир кун кетармиз чиқармай на тоғ.
Кимгадир қолдириб ғарибгина дард,
Кимгадир қолдириб ғарибгина доғ.

Канглум… канг… лум…

* * *

Ватан – боболардан мерос бир иймон –
руҳим мундарижасида муқаддас ёзув.
Таниш ва нотаниш имлоларсимон
руҳимда ҳисларнинг тўфони тизув.

Ватан – боболарим кечган хотира –
руҳим мундарижасин қадимий муҳри.
Руҳим туфроғига илдиз ботириб,
бўй тортар буюк дарахтдай зуҳри.

Ватан – боболардан қолган эътиқод –
руҳим мундарижасин кўҳна суврати.
Руҳим рангларига ранг бериб бот-бот,
руҳим юрагини безаб туради.

Ватан – руҳим суяги, жоним –
руҳим даричасин чертаётган сир.
Руҳим томирларида оқаётган қоним,
руҳимда нур сочган кавкабир.

Ватан – соф, покиза, беғубор умид –
руҳимда мўғжалаб барг ёзган дунё.
Тахлари бузилмаган ўйларга чўмиб,
гардларин руҳимга қилгум тўтиё.

Мен – руҳ чизгисидан яралган жисм,
руҳим дафтарида чизгилар неча?
Ватан – руҳимда уйғонган исм, руҳим –
Ватанда гуллаган чечак…

* * *

Сен дилингни очдинг, мен дилим очдим,
Дилин баён этиб, диллар учрашди.

Сен қайларда эдинг, мен қайда эдим,
Қайлардан келган бул йўллар учрашди?

Сен – бағри чоку чок, мен – бағри чок-чок,
Ишқ уйин супурган қуллар учрашди.

Сен – ташнаи қувра, мен – ташна қувра,
Дашти Карбалода чўллар учрашди.

Сен – қадимий армон, мен – қадим армон,
Армонни йигирган йиллар учрашди.

Сен дилингни очдинг, мен дилим очдим,
Дилин баён этиб, диллар учрашди.

* * *

Кўпчилик юрган йўл…
Кўпчилик тушган ўйин…
Кўпчилик югурган томон…
Кўпчилик хушлаган нарса…
Кўпчилик интилган давра…
Кўпчилик кирган кўча…
Кўпчилик…

…келтиролмадим бу нақл рафтин,
ихтиёр этмадим, сингмади бу дарс.
Йироқ бўлдим кўпчилик тўқиган сафдин,
ўз фойдасин билмаган мен – чарс.

Қотишмадим. Ўзимни тортдим,
кўпчиликка ўхшолмадим тани.
Не бўлса – оғирим ўзимга ортдим,
не бўлса – ўзим кўтардим ани…

Ёлғизга юкиндим, ёлғизнинг жабрин
кўзларимга суртдим, дилга бойладим.
Соғиндим, сиғиндим, руҳимнинг сабрин
ёлғизнинг пойига туфроқ айладим…

* * *

Мен – соғинч шарҳини битгувчи котиб –
соғинчга айланган қулларнинг шоҳи.
Руҳимнинг қатқалоқ қаърига ботиб –
ўрлайди сукутнинг саргашта оҳи.

Кўксимда ўсади, чўкиб тобора ўркач-
ўркач ғам барханлари.
Азоб шўришлари тилларин ёра
ситилади кўҳна дун арконлари.

Канглум ҳуриллайди, канглум тўзади,
сабрим косасида моғорлар тоқат.
Хоҳишим синдирар, ройим эзади,
қуриётган имконим қат-қат.

Бир-бирин этагин тутган боис кўп,
боислар тортишган, талашган.
Атрофимда ивирсиб тўп-тўп
ғанимлар чамбарак қалашган.

Сен армон кўкида ёзасан қанот,
аламлар бағримни кемиради – оч.
Юрагим қовжираб, ҳалиққан бот-бот
соғинчга бир томчи сув тут қалдирғоч!

Мен – соғинч шарҳини битгувчи котиб –
соғинчга айланган қулларнинг шоҳи.
Руҳимнинг қатқалоқ қаърига ботиб –
ўрлайди сукутнинг саргашта оҳи.

* * *

Кавокиб коқилин силади осмон,
чақмоқ қинидан суғурар тилин.
Ҳув, олис даштларда йўртиб тўрт томон
адашган уюрин ахтарар қулун.

Булутларнинг шалвираб чоки,
супраси тешилар кўзмунчокдарнинг.
Эски ариқларда райҳонлар оқиб,
кўзлари қонайди қадим боғларнинг.

Осмоннинг бепоён кенгликларида
улоқиб-улоқиб йиғлар абрлар.
Касби қўрғонининг дўнгликларида
сассизгина чўкар ерга қабрлар.
Қўзигул исини таратар, аё,
найсонлар атрини ичади ғулғул.
Мен сени соғиндим ёмғирли Дунё,
мен сени соғиндим Қўзигул!

* * *

Ёмғирдан сўнг ойнинг сочини
эркалаб силайди насимлар.
Суманбардай кетар очилиб,
ёмғирдан сўнг осмон тарсиллаб.
Ёмғирдан сўнг юлдузлар чақнаб,
нозланар, карашма, ишвали.
Ёмғирдан сўнг гулларни қақнаб
лабларин сўради кишвари.
Ёмғирдан сўнг ажиб бир тусда
ер билан кўк кетар қовушиб.
Ёмғирдан сўнг олис-олисдан
эшитилар сойлар довуши.
Ёмғирдан сўнг қияни кўзлаб –
даштлар ўмганин керади.
Ёмғирдан сўнг ястанган  бўзлар
қўзигуллар теради.
Ёмғирдан сўнг тарқар хилма-хил
ташвишлар, сирлар, тангликлар.
Ёмғирдан сўнг мовий, ям-яшил
руҳимда уйғонар кенгликлар.
Ёмғирдан сўнг…
Ём-ғирр-дан сў-ў-нг…