Икром Искандар (1972)

Икром Искандар 1972 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. “Ойнинг ичидаги олам”, “Баҳорни излайман”, “Яшил хиргойи” шеърий тўпламлари, “Бугунги нақллар” рисоласи эълон қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


БИР САҲАР

Бу гулшан не янглиғ боғ эди,
қайсики, бир саҳар чоғ эди,
хаёлим бунда йўқотмишман,
ногоҳ бир тош каби қотмишман.
Боғ ичра бир пари-пайкардир,
унга сара гуллар навкардир –
бош эгиб этмиш бардор-бардор,
ул ҳусн мулкида тантанавор,
етти иқлим аро яктодир,
не якто, гули нур, дур нодир.
Бу гулнинг ким экан боғбони,
қай тарз ўстирмиш чароғбони.
Билмам, бу ё жонбахш мусиқа,
ёки жон олғучи васиқа –
илкида чолғу, куй таралгай,
не наво, бир олам яралгай.
Бўлсайдим қўлида чолғудай,
оҳ уриб, оламни олғудай
ва ё чолғусининг бир тори,
бир тори демаким бор тори,
зораким, кўнглим бўшатгайдим,
кўнглидан бўлак ушатгайдим.
Бағрига олса ул шикаста,
сиймин бўйига мен ҳавасда.
Менга дил очса ул созим деб,
мен дилим куйласам розим деб,
булбуллар тинглаб лол бу розни,
таниса дард тўла овозни.
Ҳам чалиб-тинглаб ул тўймаса,
қўймаса, бағридан қўймаса…
Аммо бу бариси хаёлдир,
ёнига бормоқ ҳам маҳолдир,
беҳуда ўй суриб ётмишман,
қотмишман, тош каби қотмишман.

ЮЗИНГНИ КЎРГАЛИ

Юзингни кўргали ой уёлмишдир.
Сўзларинг инжу, лабларинг болмишдир.
Агарки ҳусн мулкида баҳс этсалар,
Лайлию Ширин пойингда қолмишдир.

Бу не ҳолмишдир, васлинг умидида
кўзларим йўлларинг пойлаб толмишдир.
Орзум рўёби рўё, неча вақтким
бетин вақт каби тинчим йўқолмишдир.

Бу не лашкар каби оҳ эмиш, мудом
айрилиқ кўксима лак-лак солмишдир,
ким, ҳажрингда гар бир оҳ урса Икром
Искандар каби дунёни олмишдир.

* * *

Сен томон борар бўлсам,
йўллар ўзи йўл бошлар,
гирдида пояндоз гул
шаклига кирган тошлар.
Семиргайман симирган
сарим – саррин ҳаволар.
Дарахтларнинг мавжида
авжланади наволар –
чамамда, дарахтлар ҳам
сен ҳақда ўйлагайдир.
шохларида жон қуши
васфингни куйлагайдир.
Яқинлашар олислар,
бир ғубор йўқ орада.
Олам чиройга, нурга,
сирга тўлиб боради.
Шабаданинг қатида
чорловинг илғаюрман.
Юрагимни шабнамнинг
сувларига чаюрман.
Кўкайимни соғинчлар
селдай ювар гулдираб,
оқиб кетар ғам-қайғу,
йўқолади кудурат.

Кўзида қуёш кулган,
сочи тун, қоши қамар,
сенсан борар манзилим,
ошиқман, ошиқаман…

* * *

Ойпарчам, гулистарам,
нафаси ялпиз ислим.
Сочлари тарам-тарам,
ўйноқи ирмоқ мислим.
Туғён бордир тинида,
боқишидан нур олай –
кипригинг эпкинида
соялар жуфт қуралай.
Гуллаётган боғларнинг
қувнаётган жаранги
юрагимга боғланди –
оппоқ кулгунгнинг ранги.
Теграмда намойишсан,
кўксимдаги ғулуву
ҳайратимга боиссан,
тарчечак, кунсулувим.

* * *

Ёз оқшоми осмоннинг
оқаришиб дараси,
далаларга қуйилар
юлдузлар шаршараси.
Ёришади кўнглим ҳам,
ё шундай туюлади,
хаёлинг юлдузлардай
шовуллаб қуйилади.
Менга шунинг ўзи бас,
шунинг ўзи бахт кабир,
фақат оқимга қарши
сакраган балиқ каби
ўйинг билан қонмаган
соғинч ўртар гоҳида…

Ўйинқароқ бир юлдуз
сакрар терак шохида.

* * *

Севмасингни айтдингми,
келмасингни айтдингми,
ёки кўзгуга қараб
айтаяпсанми ҳамон –
боқиб бирор тешикдан
овозингни эшитган,
ҳар қалай, бир нимани
билиб олган бу шамол.

Ўлай сени севгунча,
севай сени ўлгунча,
одам дегани шунча
қийнарми ошиғини…
Кўча-кўйда увиллар,
увиллар том бошида.
Дил ҳувиллар эшитиб
шамолнинг қўшиғини.

* * *

Сени бир бор кўрдиму,
мен айрилдим ҳушдан, гул,
осмонлардан юракни
поклаш учун тушган гул.
Эй, эгнида либоси
юракдан ранг олган гул,
гулзор эмас, мен билан
саҳроларда қолган гул,
сени севиб қалбимдан
ардоқлашни қўймадим,
ҳар дам ёнимдасан, лек
висолингга тўймадим.

Эй, юзлари фаришта,
эй, маъсуму бийрон гул,
сен кўкда ой, мен ерда
гунгу лолу ҳайрон, гул.
Эй, қалбимга бахт берган,
ҳам айирган ҳушдан, гул,
осмонлардан юракни
поклаш учун тушган гул,
сени ўйлаб дилимни
бир савол эзар карахт:
мен сен билан бахтлиман,
сен топдингми мендан бахт?

ҲАНУЗ

Қалбинг – қоядаги мустаҳкам қалъа.
Ҳануз чоғланурман забт этмоқ сари…
Шахдам қадам ташлаб, саф бўлиб
ўтиб борар Вақтнинг лашкари.

* * *

Тўкилади лак-лак юлдуз,
бўшар қора кўк элаги.
Чекинади жунжикиб тун
янги кун ҳавосидан.
Саҳарни боғ узра соҳир
овоз етаклаб келади –
уйғонади гирд-теварак
булбулнинг навосидан.

Неча вақтки кутиб-кутиб,
муштоқ юрагим англаган
бир ҳақиқат шу бўлди ва
мен ишондим, не тонгким,
куним, булбулзабоним-ай,
оҳанг каби жаранглаган
сўзларингсиз ёришмаскан,
ўзинг экансан тонгим.

Кутаман минг таъма билан –
кун чиқарми… Дилда санчиқ,
ўзимнинг-ку сенинг сари
ҳаддим сиғмас боришга…
“Келдим” деган сўзинг танқис,
“Севдим” деган сўзинг тансиқ.
Кутилган сўз тилга чиқса –
изидан кун ёришгай.

* * *

Хаёлимда чорласам гар,
эшитмагин ноламни,
чунки менга сенинг ўйинг,
хаёл ҳам бир оламдир.
Бу оламда сенинг расминг
парилардан қолишмас.
Бу бир лоф ё муболаға,
гапни катта олишмас,
хаёлимда сен бир ҳилол,
нур таратиб тургайсан,
малакларга малоҳатдан
сабоқ бериб юргайсан.
Сўзларимни симиллатиб
соғинчларинг балқиса,
томиримга мадор кирар
ҳар ўйингдан. Алқисса,
хаёлимда чорласам гар,
келиб қўйма тағинай,
сени тўйиб ўйлаб олай,
мазза қилиб соғинай.

* * *

Саҳардан кечга довур
қувончга тўлиб-тошган
ташна вужуди билан
баҳра олар қуёшдан.
Қуёш билан бирга у
осмонларда сайр этар –
тонгда тутганча қўлин,
кунботар қадар кетар,
чопқиллайди, бу висол
юрагига завқ солар,
унга ҳеч ғала-ғовур
ва тиқилинч автолар.
Кун ботганда қоронғу
ўйлар ўртаб кўксини,
катта кўча бўйидан
қайтар экан ўксиниб,
таққа қотар ва ногоҳ
тасаввурга қоришар –
кун акси кўз ўнгида
чироқ каби ёришар…

Сен кетганда соғинчинг
қадалгандай юракка,
шаҳарнинг чироқлари
уйқу бермас теракка.