Ифтихор Хонхўжаев 1991 йил 24 октябрда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган. “Биринчи китобим” лойиҳасида “Уйғоқ юрак”, сўнгра “Ҳаёт куйи” номли китоблари нашр қилинган.
АДАШГАН ХАТ
“Юрагимни қамраган соғинч,
Ҳар нафасда эслайман сизни.
Ҳатто тунлар ухлолмайман тинч,
Тушларимдан излайман сизни.
Жоду каби тортаркан меҳр,
Хат ёзарман бедор тунларим.
Соғинганда ортаркан меҳр,
Шукр, яқин дийдор кунлари…”.
Ҳар ҳафтанинг якшанбасида
Такрорланар оддий одат бу.
Бир йигитдан рафиқасига
Жўнатилган ўнинчи хат бу.
Бу гал бироз боcдими ғафлат,
Ўртада хат ташувчи қушни,
Хотинига ёзилган бу хат
Онасининг қўлига тушди.
Хотин ўзи билан овора,
На эр, на хат билан иши йўқ.
Аммо бугун бу кенг дунёда –
Онасидан бахтли киши йўқ.
Бизга ақл ўргатма, деманг,
Бир шоирни телба аташиб.
Хат битганда онанггизга ҳам
Ёзиб туринг, майли, адашиб…
СЕВСАНГ…
Севсанг севгин-да, ахир,
Сенга маст йигитман-ку.
Алпомиш бобомдай бир
Забардаст йигитман-ку.
Сўзинг йўқми сўзларга,
Кўмма дилни музларга.
Ҳар хил ишва-нозларга
Сотилмас йигитман-ку.
Келгин, танга жон келсин,
Сомон юзга қон келсин.
Ит тугул, арслон келсин,
Қопилмас йигитман-ку.
Эй қалбимнинг қуёши,
Бўл бир умр йўлдошим,
Сендан ўзгага қоши
Қоқилмас йигитман-ку.
Ошиқларинг бўлса жам,
Барини енггай бу дам.
Олтин шамшир келса ҳам,
Чопилмас йигитман-ку.
Кетсам Тоҳирдай оқиб,
Қолма ҳушингдан оғиб.
Кундузи чироқ ёқиб
Топилмас йигитман-ку…
ТИЛАК
Сен учун оддий ҳол бўлиши мумкин,
Завол билмай ўсиб-унинг, дейишса.
Лек нима қилардинг дўхтир ё фолбин:
Бу сенинг охирги кунинг, дейишса?
Балки кўзларингга ёш тўлиб бу он,
Васият ёзишга киришгайдирсан.
Балки эшитганим ёлғон деб, ёлғон,
Ўзингни алдашга тиришгайдирсан.
Ёки гадо келса эшигинг чертиб,
Борингни унга шу заҳот берарсан.
Балки мискинларга савоб бўлар деб
Садақа берарсан, закот берарсан.
Ё оғритган бўлсанг кимнингдир қалбин,
Бориб ундан узр сўрарсан балки.
Ё зиёрат этиб волиданг қабрин,
Ўсган тиконларин ўрарсан балки.
Суйган таомингни пишириб балки,
Кўзингга ёш олиб егаймисан ё.
Вужудингда ажиб шижоат қалқиб,
Бир бошга – бир ўлим, дегаймисан ё.
Умрида калима келтирмаган зот
Балки сажда этиб дуо ҳам ўқир.
Келажак авлодлар айлар дея ёд,
Кимлардир ўзига ёднома тўқир.
Бир умр чекишга қарши курашиб
Яшаган тамаки чекади балки.
Кимдир кимларгадир нафи тегар деб
Меҳр билан ниҳол экади балки.
Балки ўтказай деб бу кунни шодон
Кимдир майхонага босар қадам ҳам.
Ёмонлик қилгиси келмайди бу он
Ҳатто дунёда энг ёвуз одам ҳам.
Агар шундай ўтса охирги кунинг,
Кўксинг яхшиликка юз очса агар…
Унда охиргиси бўлсин ҳар тунинг,
Ҳар кунинг сўнгиси бўлсин, биродар!
ЁР КЕТАДИ…
Ёр кетади от устида ёт билан,
Ёт ёримни олиб кетар от билан.
Тақдир экан дея унга бахт тилаб,
Кузатаман фарёд билан, дод билан.
Ёз ёмғири жунжиктирар танимни,
Сездирмайман унга оғринганимни.
Гўё олмоқ истагандай жонимни
Нигоҳ ташлар кўзлари жаллод билан.
Тўй кечаси яйраб ўйнаган ҳам мен,
Оқ либосга боқиб тўймаган ҳам мен,
Қадаҳ тўла жомни қўймаган ҳам мен,
Май дўст экан юраги барбод билан.
Кетиб қолгим келар қорли тоғларга,
Ўзим каби мағрур, орли тоғларга,
Маликамни ёдга солмас ёқларга,
Қандай яшай, ахир, бунча ёд билан.
Тўй ҳам тугар, ҳамон ўша-ўшаман,
На йиғлайман ва на ҳаддан ошаман.
Кулибгина у-ла видолашаман,
Гўё видолашгандай ҳаёт билан.
Ёрим кетар от устида ёт билан,
Ёт ёримни олиб кетар от билан.
Ўша отнинг туёғига мен тентак
Тақа қоқиб эдим белда бод билан…
УСМОН НОСИРГА
Кўнгли оққа беланиб Усмон
Сочига оқ тушмасдан кетди.
(Валишер Воҳидов)
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Озроқ савол-жавоб қилишар экан.
Керакмас, сумкамга егулик солма,
Текшириб қолишса кулишар экан.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Озгина ўтирсам жавоб бераркан.
Сиқилма, бу ернинг азоби ҳолва,
Фақат соғинч ёмон азоб бераркан.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Ким ҳам ёвлашар бир оддий шоирга.
Аммо кўриб келай энди бир йўла,
Йўлланма беришди бугун Сибирга.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Йиғлама, юрагим тўхтаб қолади.
Азроил ололмай ёнган жонимни,
Сенинг кўзларингнинг ёши олади.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Ахир тақдир шуни юзлаган экан.
Ажаб, тўртта фасли муз бу ўлкада
Инсонлар қалби ҳам музлаган экан.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Соғиндим юраги оташ элимни.
Уларга ўқиб бер музлар бағрида,
Оташ қалбим билан ёзган шеъримни.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Бевафо итларнинг ҳурмоғи учун.
Розийдим минг бора жоним беришга,
Юртимнинг бир сиқим тупроғи учун.
Она, мен қайтаман, хавотир олма,
Ажал сўнгги йўлга жонни ҳозирлар.
Аммо сен йиғлама, Онажон, ҳали,
Туғилади қанча Усмон Носирлар.
Она, мен қайтаман, хавотир олма!
МЕҲРИБОНЛИК УЙИДА
Юзсиз, бадбахт она дастидан,
Зор йиғлади ҳаёт бешиги.
Тақиллади ярим кечада
Меҳрибонлик уйин эшиги.
Ичкаридан сўрашди ким деб,
Ҳеч ким жавоб бермади, бироқ…
Бироқ эшик олдида йиғлаб
Ётар эди мурғак чақалоқ.
Ахир ит ҳам ўз боласининг
Юзларидан ўпар эркалаб.
Оқ сут бериб ўстиради-ку,
Юнгларини меҳр-ла ялаб.
Беюз, бадбахт она дастидан,
Зор қақшади ҳаёт бешиги.
Чақалоққа очди бағрини
Меҳрибонлик уйин эшиги.
У фарзанди энди шу уйнинг,
Бу уйда у янги, кенжатой.
Тунлар унинг бошини силаб,
Йиғлаб-йиғлаб алла айтар ой.
Чақалоқнинг дардли ингаси
Ҳатто ойнинг жонини сиқди.
Менга эса алам қилгани
Унинг тили “она” деб чиқди.
АДАШГАН ХАТ
“Юрагимни қамраган соғинч,
Ҳар нафасда эслайман сизни.
Ҳатто тунлар ухлолмайман тинч,
Тушларимдан излайман сизни.
Жоду каби тортаркан меҳр,
Хат ёзарман бедор тунларим.
Соғинганда ортаркан меҳр,
Шукур, яқин дийдор кунлари…”
Ҳар ҳафтанинг якшанбасида
Такрорланар оддий одат бу.
Бир йигитдан рафиқасига
Жўнатилган ўнинчи хат бу.
Бу гал бироз босдими ғафлат
Ўртада хат ташувчи қушни.
Хотинига ёзилган бу хат
Онасининг қўлига тушди.
Хотин ўзи билан овора,
На эр, на хат билан иши йўқ.
Аммо бугун бу кенг дунёда,
Онасидан бахтли киши йўқ.
Бизга ақл ўргатма деманг,
Бир шоирни телба аташиб.
Хат битганда онангизга ҳам
Ёзиб туринг, майли, адашиб.
* * *
Сенга яхши кўринаман деб,
Кўйлак кийдим эгнимга оппоқ.
Бўғилса ҳам ҳатто нафасим,
Тақиб олдим қалин бўйинбоғ.
Йўлга чиқдим кўксим ҳапқириб
Оёғимда ялтироқ туфли.
Кийиб олдим қоп-қора костюм,
Бўлгим келди ҳаммадан кўҳлик.
Сенга яхши кўринаман деб,
Сочимни минг турда тарадим.
Ўз-ўзимдан кўнглим тўлмайин,
Кўзгуга минг бора қарадим.
Сезмагандек ўтдим бепарво,
Сулув қизлар лабин бурганда.
Юрагимда ёнса-да олов,
Кулиб турдим сени кўрганда.
Менга яхши кўринаман деб,
Оппоқ кўйлак кийдингми сен ҳам?
Бўлибсан-ку ҳаммадан кўҳлик,
Ё мен каби куйдингми сен ҳам?
Қанот ёзиб тушдим ўйинга,
Менга қараб кулишинг учун.
Тўйиб-тўйиб ичдим тўйингда,
Сенинг бахтли бўлишинг учун.
Тан оламан, ҳамма айб менда,
Севгимизнинг бошига етдим.
Сенга яхши кўринаман деб,
Тўйинг бузмай жимгина кетдим…
ЎЛСАНГ…
Ўлсанг шундай ўл-ки, бошини эгиб,
Ҳайқириб-ҳайқириб тоғлар йиғласин.
Кўкламлар сарғайиб қолсин оҳ чекиб,
Хазонга айланиб боғлар йиғласин.
Ўлсанг шундай ўл-ки, осмон гулдираб,
Ёмғирлар бўронга, дўлга айлансин.
Тобутинг талашиб кўтарган қўллар
Мозорингга элтар йўлга айлансин.
Ўлсанг шундай ўл-ки, юрак қонингни
Ичолмай ҳайратда ёнсин Азроил.
Кўксингда жовдираб турган жонингни
Кўзида ёш билан олсин Азроил.
Ўлсанг шундай ўл-ки, руҳингни Оллоҳ,
Самонинг жаннатий шаҳрига олсин.
Жонсиз вужудингни жонажон тупроқ,
Болажоним дея бағрига олсин.
Ўлсанг шундай ўл-ки, жисминг қошида,
ßқин-у олислар бўлишганда жам,
Дуога қўл очиб қабринг бошида,
Ўксиниб йиғласин душманларинг ҳам.
Фалончи ўлибди дея эшитган,
Дилларни ларзага солиб ўл, ўлсанг.
Мадҳияга айлан, айлан қўшиққа,
Дунёнинг ёдида қолиб ўл, ўлсанг.
Ўлсанг шундай ўл-ки, дунё йиғласин,
Ёки ўлганингни ҳеч ким билмасин.
* * *
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Саробга айланган ширин туш каби.
Гарчи, сенсизликда бўлиб қолсам-да,
Қаноти кесилган ожиз қуш каби.
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Бахтингни ўзингга қайтармоқчийдим.
Ахир сен малика эдинг-ку жоним,
Ахир мен шоҳ эмас, оддий соқчийдим.
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Майли, юрагингга тўлса-да нафрат.
Майли, қарғасанг ҳам розийдим ҳатто,
Фақат… соғинмасанг бас эди, фақат.
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Кўзларинг ёшига ҳушим йўқ эди.
Ахир, жондан ортиқ севардим сени,
Ахир, сендан азиз кишим йўқ эди.
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Гарчи тирик мурда бўлиб қолсамда.
Сенга хайр демай кетгим келганди,
Олисларда сенсиз ўлиб қолсамда.
* * *
Сенга боланг ёмон дейишса,
Бу гаплар рост, ишон, Онажон.
У беозор, мўмин ўғлингдан
Қолмади ном-нишон, Онажон.
Кўргин энди боланг ҳолини,
Нима қилиб қўйди бу ҳаёт. Она,
Қара кўкрагим бўм-бўш,
Юрагимни ўйди бу ҳаёт.
Бас, йиғлама, кўз ёшингни арт,
Токай бағринг ейсан, Онажон.
Бу дунёси ёмонзор бўлса,
Менга нима дейсан, Онажон.
Бир бошга бир ўлим азалдан,
Аммо она мен минг бор ўлдим.
Сен бошингни эгма, Онажон,
Мен ёмонлар ёмони бўлдим.
Нега қўрқай ахир улардан,
Қибла дуннинг тўрт томони-ку.
Сен фахрлан ёмонзор аро,
Она, боланг энг ёмони-ку.
Кошки эди ғарибу беклар,
Бир ёқа, бир енгга ўхшаса.
Йўқолсайди қани, мендеклар,
Қани, ҳамма сенга ўхшаса.
Сен борсанки, нурлидир жаҳон,
Сен дунёнинг нақшисан, Она.
Сенинг боланг ҳаммадан ёмон,
Сен ҳаммадан яхшисан, Она.