Ҳусан Карвонли (1974)

Ҳусан Карвонли 1974 йил 1 февралда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида туғилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган.
Ҳозирда “Маърифат” газетасида меҳнат қилади.
“Истиқлол умидлари” (2001), “Ўзбек модерн шеърияти” (2004), “Ёшлар китоби” (2008) алманахларида шеърлари чоп этилган. 

* * *

Балки бу энг сўнгги сафардир
Бойчечак пардасин тортган тонг
Ғамсизлик тўлдирди дилимни.

Қизғалдоқ хаёлим уфқи йўқ
Паришон ёришган чеҳрасиз
Сарғайиб ётибди кўкалам.

Илдизсиз шамолнинг кўнгли бўш
Сийналаб ўтади даштларни
Хотирим соғинчи сокиндир.

Энасин энтикиб эмгандай
Йўргакда ётади юрак гўл
Кун туғиб, тун ютган паллалар.

Хотирим соғинчи сокиндир
Сийналаб ўтади даштларни
Илдизсиз шамолнинг кўнгли бўш.

Сарғайиб ётибди кўкалам
Паришон ёришган чеҳрасиз
Қизғалдоқ хаёлим уфқи йўқ.

Ғамсизлик тўлдирди дилимни
Бойчечак пардасин тортган тонг
Балки бу энг сўнгги сафардир.

ҚИЗҒАЛДОҚ

Қизғалдоққа элангим келди,
Ўлиб қолса бўлади сенсиз.
Самарқандда қизғалдоқлар кўп.

Ҳу-ув узоқда, Қарши йўлида
Шундоққина тоғ этагида
Қизғалдоқлар ичида бир қиз.

Вақти йўқдир мени эслашга
Маъсум қизғалдоқлар ичида
Кўзларида Ҳайрат суврати.

Қизғалдоққа кўмилгим келди,
Ҳайратингга чўмилгим келди,
Қизғалдоққа айланган гўзал!

* * *

Намоздигар тўрвасин ёйди
Том устидан учди саратон
Қушлар қараб қолди Мағрибга.

Пахта гули лабини сўриб
Асалари қайтди изига
Йўқ кўчага қўнди ҳаяжон.

Укасини ияртиб ўтди
Мен соғинган томонга қараб
Ўттиз бирга кирган тошотар.

Янтоқ гули димоққа урди
Тошиб кетди томиримда ҳаёт
Хаёлимга сиғмади соғинч.

РАМАЗОН

Қишнинг қоқ чилласин оқлигини бер,
Шабнам тароватин бер менга, Аллоҳ.
Саратоннинг авжи камолотини,
Хазон ҳаловатин бер менга, Аллоҳ.

Ялдо кечасининг сабрини бергин,
Кунларнинг аввалин хуррамлигин бер.
Офтобинг авжланган кунги хуш насим,
Тирамоҳ қушларин бирдамлигин бер.

Ҳикматинг чархида айланган кунлар
Собир қулларингни этмишдир сўзон.
Ассалому алайкум, Лайлатул-қадр,
Хуш келдинг қалбимга, Моҳи рамазон!

… ЧАҚМОҚ ЮРАГИМГА ИЗЛАР ЙЎЛ

1

Тоғдан қочиб келган шабада
қовушади майсалар билан
ичиб олиб никоҳсув — шудринг.

Қуёш бўяб қўйган қирларни
эматимчик* булут паришон
йўргаклайди қизғалдоқларни.

Кўкаламнинг қўшиғин авжи
таралади том устигача
тошлоқ кўча топган тароват.

Тоғ ортидан келар ториқиб
тўполончи савр булути
чақмоқ юрагимга излар йўл.

2

Намоздигар тўрвасин ёйди 
том устидан учди саратон
қушлар қараб қолди Мағрибга.

Пахта гули лабини сўриб
асалари қайтди изига 
йўқ кўчага қўнди ҳаяжон.

Укасини ияртиб ўтди
мен соғинган томонга қараб
ўттиз бирга кирган тошотар.

Янтоқ гули димоққа урди
тошиб кетди томримда ҳаёт
хаёлимга сиғмади соғинч.

3

Кўзларимда гуллади осмон
сой бўйига чўнқайди ваҳм
эшигини қўширди кундуз.

Ангарларни ўпади шамол
салобати йиқилар жарга
бир керишиб олади дарахт.

Кўз олдимда ечинар дала
сўнг кияди қоп-қора тўнин
бекиниб олади ҳовлимга.

Тоғлар билан искашган булут
қозиқ қоқар қишлоқ устига
одам билан ўчакишгандай.

4

Пана излар совқотган шамол
суйкалади оқтўн дарахтга
терак сафи хуфтонни ўқир.

Музлаган Ой уйқуга ётар
яхлаб қолган осмон эланиб
Ерга тинмай жўнатар элчи.

Шамоллаган дарё йўталар
қавиб бўлгунича чопонин
зарга булаб кияди кейин.

Кўзойнаги хиралашган уй
кўкрак кериб боғ ўртасида
чилладан қўрийди кўкални.

*шевада: қайсар, қизиқувчан.