Ҳумоюн (1964)

Ҳумоюн (Ҳумоюн Акбаров)  1964 йили туғилган. 1980-1985 йиллар ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)нинг ўзбек филология­си факультетида, 1997-1998 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган.
Ҳозирга қадар шоирнинг “Унутилган гул”, “Юракдаги рангин камалак”, “Дилхирож”, “Кўнглим гули”, “Ёшлик бекати” каби шеърий тўпламлари чоп этилган.


Йўллар

Заминда кенг, равон йўллар бор,
Сўқмоқ бўлган улар қачондир.
Катта-кичик,
нотекис ё тор,
Сўқмоқ бўлган улар, барибир.

Ҳаётда-чи,
йўл кўп ниҳоят,
Хаёл бўлган улар, аввало.
Ширин орзу бўлган ё ният,
Ижобати турлича аммо.

Аммо, бир гап бордир –
ёмон йўл,
Яхшиларни оралаб ўтган.
Тўғри эмас,
гоҳи ўнгу сўл
Эзгуликни қоралаб ўтган.

Борса гумон,
…келмас йўллар ҳам,
Йўл тушмаган тоғу чўллар ҳам,
Йўл топилмас тошдек диллар ҳам,
Тилагим шу сени қўлларман,
Эй, йўловчи, йўлингни берсин!

* * *

Ой қайиғи cузар оҳиста,
Оппоқ булут тўлқинларида.
Соҳилини бораркан излаб,
Сингар тунги осмон қаърига.

Жимирлаган юлдузлар олис,
Нурга ташна борлиқ. Сукунат.
Тун соядай, бир бутун, ёлғиз
Дайдиб юрар ўйларим фақат.

* * *

Ажиб хаёлларни тўзғитар шамол,
Соя солар дилга булутли осмон.
Сукунат чўкканда кўнгилда малол,
Рутубатли ҳаво… Мудрарсан бир он…

Уйғотиб юборар момогулдурак,
Ғафлат пардаларин йиртару шитоб,
Ёмғирда ювилар ғубордан юрак,
Кўнгил равшан тортар,
жилмаяр офтоб…

Ёмғир симфонияси

Ёмғир ёғар бир текис:
Боғларга, кўчаларга,
Гоҳ созли, гоҳи сассиз,
Кунга ҳам кечаларга.

Сайр этарман бағрида,
Ҳар кўчада турфа соз.
Томларда доирада,
Майсада мунис овоз.

Ёмғир ёғар бир текис,
Равшан тортади ранглар.
Гоҳ шовқин, гоҳи сассиз,
Ҳаёт куйи жаранглар.

* * *

Ҳилол ошиб ўтди довондан,
Тун ярми оғди.
Зуҳро мужда беради тонгдан
Тонгларнинг олди.

Тун. Ёлғизлик. Ажиб чиройга
Ошиқдир кўзим.
Қандай оғир ёлғизлик ойга,
Ойим – ёлғизим.

* * *

Борлиқ ичра муаллақ сабр,
Шивирламас ҳатто елвизак.
Дарахтзор жим, осмон негадир
Рутубатдан беради дарак.

Сабр ҳамон қуёшни кутар,
Нафас олмай осуда борлиқ.
Офтоб, наҳот, ерни унутар,
Наҳот, нурин этмайди тортиқ?

Неча кунки, юраклар хижил,
Яна ёмғир забтига олар.
Ҳаволар ҳам мисли зил-замбил,
Қиш охирлаб қолган паллалар.

* * *

Билмайман, кўнглингда нелар бор сенинг,
Билмайман, не кечар хаёлларингдан?
Билганим, рухсоринг ўйларим менинг,
Билганим, юрагим айрилмас сендан.

Билганинг, севишим, муҳаббатимни,
Билганинг, мен сени била олмасман.
Билмайсан, битаркан севги хатингни
Кимга юборасан уни дафъатан?


Бедорлик

Ярим тунда бедорлик келди,
Кутилмаган меҳмон, бемаҳал.
Ошёним ўйларга тўлди
Ҳеч ким бермас бизларга халал.

Ўйлар, бунча учқурсиз, ахир,
Қачон сизга етиб оларман?
Бедорликни олиб қайгадир
Кетганингиз билмай қоларман…