Ҳол Муҳаммад Ҳасан (1957)

Ҳол Муҳаммад Ҳасан (Холмамат Ҳасанов) – 1957 йил Сирдарё вилоятида туғилган. 1983 йил ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)нинг ҳуқуқшунослик факультетини битирган. Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясида хизмат қилади.  “Оҳува”, “Қадимий қўшиқ”, “Ул куни устоз дедилар…”, “Сулувлардан сулувсан” номли шеърий тўпламлар муаллифи. Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси.

БАХШИЁНА

«Жолғиз жилға қумдики,
У нимадир кимдики?».
Чистон

Дўмбира – дилники, дил – забонники,
Куй-қўшиқ – омон-омон замонники.
Уч-тўрт оғиз терма териб айтайин,
Ўтириги чин, эртагу достонники.
Чамбилбел қалъаси – қирқ чилтонники,
Юнус, Мисқол пари – ҳур, ғилмонники.
Қирқ йигит, Соқибулбул, Сардор… қани
Битта Ғирот Гўрўғли султонники.
Ортқанинг норники, нор карвонники
«Танга – топқанники, от – минганники».
Кўпкарида Кўҳна Дунё бековул:
«Югурганникимас, буюрганники».
Чориқ – чўпонники, қўй – қўтонники,
Ганжина – хумники, хум – илонники.
Бойи баён, чори ночор меҳмондир,
Меҳмонхона эса, ҳу… Мезбонники.
Турфа рангдан иккиси инсонники:
Қора – дононики, оқ – нодонники.
Қурту қумурсқадан қидир бошқасин
Қайси жондорники – қайси жонники…
Посра – деҳқонники, дон – хирмонники,
Дўлга тушгани – тош, тегирмонники.
Кутма ризқи насибангдан ортиғин,
Бари неъмат –Улуғ Дастурхонники.
Сирли узук, асли Сулаймонники,
Бугун у – сеники, эрта – меники.
Кун келиб гапингга кирмайди ҳеч ким,
Молу дунё омонат “беш кун”ники.
Дўмбира – куйники , куй – армонники,
Қўшиғим – элники, эл – давронники.
Элим – эл, тилим-тилим-ей ёронлар,
Топқаним «Ёлғончи»да имконники…
Билганим – билдирганим чистонники:
“Неники – не, кимники, Ким – кимники…”

ГЎЗАЛСАН

Оғироёқ аёл, сен
дунёда энг гўзалсан.
Юлдузга тегар илкинг
илкис ойга узалсанг.
Ҳулкар — бўбак, Тарозу —
беланчакка айланар,
Йўргакбоғиш менгзалмиш
Сомон йўлга азалдан…

Оғироёқ аёл, сен
борсан, очун мунаввар.
Офтоб нурин тўкар мўл
замин узра муқаррар.
Орзу ўйларинг эзгу —
санаб энтикар кўзгу,
Ойлар нақадар улкан,
Тунлар сокин нақадар.

Оғироёқ аёл, сен
муаттар гул-анбарсан.
Ўтсан, чўғташир қушсан,
гулханда самандарсан.
Сен борсан — кун тутилмас,
“Қиёмат қойим” бўлмас,
Оламни асрагучи
буюк куч — музаффарсан.

Сен парисан, гирдингда
Ҳурлар дурдай тизилган.
Тонглар отар жилмайсанг,
Эсар сабо сузилсанг…
Куйсан, қўшиқ созда сен,
Ҳамиша эъзозда сен,
Мадҳ этишга арзийсан
Шоҳбайтлик бир ғазалсан.

Оғироёқ аёл, сен
гўзалсан, чин гўзалсан.

ТОПАЖАКСАН

Ўзингни топажаксан, кўзингга қараб юрсанг,
Юзингни топажаксан, сўзингга қараб юрсанг.
Тузинг ҳалол, изинг пок, ўрнинг аниқ, қадринг нақд –
Ўғлингга қараб юрсанг, қизингга қараб юрсанг.

ОР

Элибойлар уй сирин қўрга чиқиб кенгашмас,
Бўйни синиб кетсаям эл ичида, энгашмас.
Оти ўлиб мабодо ярим йўлда қолса-да,
Кетар пою пиёда, бировларга мингашмас.

ГУЛЧИ ҚИЗ

Ёноғи гул, дудоғи гул, гулчи қиз,
Гулзорингдан ким гул узди, билчи, қиз.

Ё ёлғондан юборгандир дугонанг,
Ё ўткинчи девона бир йўлчи қиз.

Тутиб олсанг тутқунингни тергама,
Занжиринг дол бўйнидан ол, қулчи қиз.

Қайчини қўй, кечиб қошиқ қонидан
Сўр-чи ҳолин, чиқар балки элчи қиз.

Балки ул ҳам менингдек бир бозигар –
Ошиғи гоҳ чикка, гоҳи олчи қиз.

Балки дили доғлидир шом гулидек,
Билмоғ эрсанг бағрини бир тилчи, қиз.

Кўксини кўр, гулми ё ёнган юрак,
Фарқин айтар энди фақат фолчи қиз…

Ёноғи гул, дудоғи гул, гулчи қиз,
Қулингнинг ҳолига назар солчи, қиз.

ТИЛАК

Ҳар киши ўссин, улғайсин, ўғил-қизи одам бўлсин.
Кўкарсин, кўкрагин керсин, кенгфеъл, кенгқадам бўлсин.

Ўчоқда ўчмасин ўти, нокасга чиқмасин оти,
Топгани тўйларга кетиб, дастурхони бекам бўлсин.

Қатордан ўрнин қидирсин, боқиб қўл бармоқларига,
Тўртовидан зиёдроғу, майли, бировдан кам бўлсин.

Мардлик мақоми-чун минбар ёхуд майдон эмас даркор,
Сўзида собиту содиқ, синовда серчидам бўлсин.

Ожизга оға бўлсин у, такаббур олдида кибор,
Эзгулик эътирофида иши алифрақам бўлсин.

Кўтарсин, кўзга суртсин то кўҳна юрт тупроғи гардин,
Элин тили, тутуми, эътиқодига маҳкам бўлсин.

Аждоди авлиё ўтган авлод комил бўлур, албат,
Оққан ариқ оқар нақли Ҳол, ҳамиша ҳамдам бўлсин.

МУСИЧА

Мусича мўй келтирур,
Беҳиштдан бўй келтирур.
Инига ун сепса ким,
Мўл ризқи рў(й) келтирур.

Мусича мўй келтирур,
Бўй қизга тўй келтирур.
Қўраларин тўлдириб,
Қуйруқли қўй келтирур.

Мусича мўй келтирур,
Кўнгилга ўй келтирур.
Кафтида дон тутса ким,
Кетмас обрўй келтирур.

Мусича мўй келтирур,
“Ку-ку”лаб куй келтирур.
Куйиб юрган йигитга
Бир парирўй келтирур.

Мусича мўй келтирур.
Уйларга тўй келтирур…


ЧОРЛОВ

Нафас қисиб агарда,
Сиғмай қолсанг шаҳарга,
Тушиб отдан, эгардан
Тоғларга кел, тоғларга.

Ошна, жўра, улфатлар,
Суюқ, сийқа суҳбатлар,
Жонга тегса “ош”, “гап”лар,
Тоғларга кел, тоғларга.

Тоғда сир бор, ҳайбат бор,
Юксакликда ҳикмат бор.
Ҳис бор, катта ҳайрат бор –
Тоғларга кел, тоғларга.

Бунда “миш-миш”, ғийбат йўқ,
Тижорат йўқ, рағбат йўқ,
Ёзув-чизув, туҳмат йўқ,
Тоғларга кел, тоғларга.

Қўл силта кам-кўстингга,
Дастингни чўз Дўстингга.
Пастлар қолсин пастингда,
Тоғларга кел, тоғларга.


СЕҲР

Тоғлар тўшига чиқсанг бас,
Улар паст кетишга қўймас.
Сеҳрлаб қўяр, сеҳрлаб,
Бундай ҳилқатни ким суймас.

Каклиги какир-какирлаб,
Кийик улоғи дикирлаб,
Қўшиқлар айтиб қайнайди
Булоғи биқир-биқирлаб.

Бурганлари бўй таратар,
Шувоғи танни яйратар,
Нар беданадай сайратар
Кавраги касир-касирлаб.

Туманли товлар – ўтовлар,
Тўзғитиб тибит собовлар.
Оқ қосабали момолар
Сирлашар пичир-пичирлаб.

Камарда зовлар, унгурлар,
Тош кўчса ёмон гумбурлар.
Аъзои бадан жимирлар
Юраклар дукур-дукурлаб.

Қотларда ўтлар олқори,
Қояда қийғир патлари.
Сув сачратар санглоқлари
Биргина сўзни зикрлаб.

Дараси – дарё ўраси,
Шаропаси – шаршараси
Йўнар қиловли қиррасин
Қайроқтошлари тўғирлаб…

Ҳайдар кокулли шамоллар
Ях чўққиларни “ёмон”лар.
Ҳуччига учар хаёллар
Чукрилар тотин ўғирлаб.

Туятобоннинг таъми хуш,
Томирин кавлар каламуш.
Нимага урди кирпи ниш
Андизлар шитир-шитирлаб?

Тошбақа тошга пусиниб
Гўлликка солар ўзини.
Қидирар ризқи рўзини
Қурту қумурсқа қимирлаб.

Кўзлар қамашар кўркидан,
Дўлана, учқат, зиркидан.
Абрик ифори бургида
Арчалар шохи ғичирлаб.

Чакамук, ҳулули пишган,
Айиқлар ейишга тушган,
Замбурлар чиппа ёпишган
Куйлашиб “минғир-минғир” лаб.

Қуённинг қавми товушқон,
Суғурга юмрон туғишган.
Тулкиман този қувишган
Тишлари такир-такирлаб.

Тунлари тўлин ойни кўр,
Минг қўйли манов бойни кўр.
Чилдирма чалиб тўкар қўр
Юлдузлар бижир-бижирлаб.

Жумурда қорин мойлари,
Ғорда сақлангич жойлари,
Бойбича келинойлари
Кубилар пишар гусирлаб.

Қишини кузга муҳрлаб
Баҳор ҳам борар охирлаб.
Таърифга бошқа Ҳолим йўқ
Тилимни тийгум “узр”лаб.

Сеҳрлаб қўйди-да сеҳрлаб…


МАЙДАНАК

Қизиқмиз табиатан,
Қишда хуноб ютамиз…
Куйдиради саратон,
Ёзда совуқ кутамиз.

Чўлда ҳозир эллик бор,
Туриб терга ботамиз.
Қирга чиқсак… чўлликлар
Чопонда совқотамиз.

Ошиқиб тоғ – дарёга,
Отга қамчи чотамиз.
Ҳар азиз авлиёга
Таъзим қилиб ўтамиз.

Руҳи покига дуо –
Ҳазрат Лангар Отамиз.
Кўкабулоқ – кўк маъво…
Ҳисларни уйғотамиз.

Мана, Майданак – майдон
Кўзга дурби(н) тутамиз.
Пасайиб келар осмон,
Борлиқни унутамиз.

Ҳарсангтошга ёнбошлаб,
Туманларни титамиз.
Семиз булутни ушлаб,
Соғиб сут ивитамиз.

Ой бўйнига солиб қўл,
Оқ ўтовда ётамиз.
Бу ердан энг яқин йўл
Юр, юлдузга кетамиз.

ЎЛАН

Отам от сурган адирлар –
Қирлар жон қадар қадрли.
Дўмбирасига жўр бўлиб,
Ўланлар айтсам арзийди.

Ойлардин ойдин ўйлари,
Карвонлар кутган бойлари.
Ордона қолди ўтган сўнг
Туялар оққан сойлари.

Туялар боқсам “ҳала”лаб,
Олдимга солсам галалаб.
Урсам норининг бўйнига,
Ўлсам парининг қўйнида.

Ойнинг қўтонлаб оғиши,
Ойда бир ёмғир ёғиши,
Қўрани нурга белабди
Тўлнинг суртери туғиши.

Газалар боши қораймиш,
Даҳналар оғзи тораймиш,
Бослиғиб чиққан бойбича
Тушларин йўлга йўраймиш.

Ярқировуқ ярқираса,
Бориблар ҳолин сўрасам.
Соғинганини билдириб,
Жобсорлар очиб қараса.

Сочбовларини сочоқлаб,
Жўмалагини мунчоқлаб,
Чошгоҳда ўтар отарга
Қўшкадисини қучоқлаб.

Кийган ҳаққари ковуши,
Тошларга тегиб товуши.
Зовларни олар забтига
“Чирий”лаб чибич соғиши.

Кўганда габа қўзилар,
Ийдириб бўйни чўзилар.
Жамрашганида манграшиб,
Эмача бовринг эзилар.

Қоғаноқ, гилагай ичиб,
Жегда – кебанагин ечиб,
Чўлиғи чалар сибизиқ
Масирқаб, дунёдан кечиб.

Бир тутам соқол иякда
Така ториғар киякда.
“Бобов”ларингни бас қил-ей,
Ҳали сенга рўз қаёқда.

Ҳаволар ёғар тов-товға,
Туялар келар мотовға.
Муртини суртиб “бой” ота,
Кириблар ке-етди ўтовга…


ТЎРТЛИКЛАР

* * *
Эр кишининг эркалиги кучдадир.
Белин букар кушандаси учтадир.
Боши учун етар баъзан бири ҳам:
Бири намдир, бири ғамдир, бири кам…

* * *
Минг йиллардан бери жўрам Исоқ Тўра
Шеър қадрига кўпроқ етар мендан кўра.
Кўзларидан кўрса бўлар юрагини
Ҳар сония виждонидан сўраб урар.

* * *
Юзда ҳам ёшларни кўрса,
юзингиз ёришиб турсин,
Кўролмасдан кампирингиз
кунора уришиб турсин.

* * *
Қўшнилар киришиб турсин,
лабларин буришиб турсин,
Ичингиз юришиб турсин –
ишингиз юришиб турсин.

ТЕНГЛАМА

Кимки бахтсиз – эрур серхотир,
(касрин тортиб яшар одамлар)
Ёди йўқлар бутун – бахтлидир,
Вақт – Ҳакам ҳисобланса гар.

Занглаб ётган ўқдир – хотира
(ё қора кун маҳражи – заҳар
Ёхуд илдиз чиқарган яра) –
Вақт – Малҳам ҳисобланса гар.

Лолга суврат, кўздир басирга
(юрак ҳайдолмаган хира қон
Оқиб келар милён асрдан) –
Вақт – Рақам ҳисобланса гар.

Демак, эҳтимолда турмас Бахт –
Хотирага терс – кўпайгич сон.
Мавҳумотнинг исботидир Вақт,
Дунё – бир кам ҳисобланса гар.

ВАТАН

Шафақу шафтоли гулидан хушрўй,
андалиб навоси – тилидан хушрўй,
назмгўй хоманинг йўлидан хушрўй
хилқат бор –
Бир азиз. Би-ир азиз…

Замбуруғнинг захира ганжидан ширин,
Аразкаш сулувнинг ранжидан ширин,
Ҳур гўдак “инга”син авжидан ширин
Хилқат бор –
Бир азиз. Би-ир азиз…

Капалак қаноти патидан майин,
оҳунинг, олқорнинг сутидан майин,
чоҳда чоғ кабутар хатидан майин
хилқат бор –
Бир азиз. Би-ир азиз…

Илк розни рад қилган қўшни қизидай,
кўнгилни кўтарган фолбин сўзидай,
дабдуруст очилган басир кўзидай
хилқат бор –
Бир азиз. Би-ир азиз…

Беминнат яширган бор гуноҳимиз –
Бу хилқат – МУҚАДДАС САЖДАГОҲИМИЗ.

* * *
Шеърият, бунчалар ширинсан,
ширмисан, болмисан, тилим лол
онамнинг овунчли алласин
қувончли қўшиғи, далдасин
орзуи армони – ҳаммасин
жам қилиб жонимда турибсан.
Севгидай суюксан, сирлисан
сатрлар бамисли мусалсал
сеҳргар созларнинг садосин
саъваю қумрилар навосин
ёввойи ҳур ҳислар ҳавосин
туйдириб кўксима кирибсан.

Шеърият, бедаво дардмисан
касрингда не каслар бемажол
дийдаси сув бўлиб силқиган
сийрати кўзидан балқиган
тўкилиб тутдайин қалқиган
ҳасратга, ҳайратга тўлиқсан.

Маънолар мужассам манбасин
муқаддас мисралар мукаммал
суралар саж бирла ҳар оят
шоҳ байту – шоҳиста бағоят
эзгу сўз ўзидан иноят
Ки улуғлардан-да улуғсан.

Шеърият, на хилқат маъносан
рақибми рафиққа равосан
зиёсан, зебосан, аълосан
баъзида бошга минг балосан
билганим бир кам бу дунёда
камида бири кўп дунёсан.

* * *

Дўстим, чиққанмисан чўққига ҳеч бир
кўрганмисан қорнинг қуртини,
на дарахт, на бута битмас тап-тақир
супада харсанглар юртини.
Қуёш бир чиройли чиқади тоғда
Туманнинг устидан кузатсанг
қоядан қатим нур қуйилган чоғда
қўлинг куйиб қолар узатсанг.
Қуйида кирпиниш арчалар қуюқ
булутлар йиртиғи – пистоқи…
юрагинг тирнар, гоҳ уюшар, уйиб
тошиб кетар қафасдан гоҳи.
Димоғинг қитиқлар гиёҳлар иси
кийик каби сакра дер недир,
қулочинг қанотдай силкиб, сен эса
бургут бўлавергунг барибир.
Суғурнинг сап-сариқ боласи – юмрон
бақрайиб боқади ҳайиқмай
тутишга йўқ сира ҳафсала, имкон.
Куртиклаб қолган оч айиқдай
бурама шохиними қайрайди олқор
мўмиёли қот қиррасига.
Шаршара – ишлари чийралган чилтор
кўлнинг кумуш кунгурасида,
оёғинг остидан кўчиб тош-қийир
борлиқни босади гулдирак,
кўзингга таҳдидли тикилар ғойир
кеча тухум ёрган қийғирак
эсингдан айирар бир зум сеҳрлаб.
Зар тўла баркашдек офтоб,
силаб-сийпалайсан тоғни меҳр-ла.
Ҳаёт тотли туюлар шу тоб
чилдирма мисоли чалгинг келади
баркашни ботириб зиёга
олтинчи кун яшаб қолгинг келади.
Ишқинг тушиб бир кам дунёда
дўстим, чиқиб кўргин чўққига сен бир…

ОЙКУМУШ

Ойкумуш ойдинда сойга
Тушди бир чўмилгани.
Чўзди қўл шотут шохига
Шоҳисини илгани.

Титраюр ёлборса дур –
Тугмасига тегмаси.
Ёпишуб ёлборса дур –
Ёқут ёқода ўлгани.

Эмраниб тебранди сой,
Кордек баданга урди ях.
Абраро бурканди ой,
Ёшрунча юзин юлгани.

Шўх шамол ўйнатса шохин
Мушку анбар анқитиб.
Баридин тутмиш шотут,
Қирмизига кўмилгани.

Сумбула-сумбул кокил
Сув юзида кўрсатса юз.
Юзди юзлаб аждаҳо
Ганжини кўз-кўз қилгани.

Чиқмади юлдуз ёниб
Сўнг сўнди топмай бир илож,
Олмосини олмоси-ла
На кесиб, на тилгани.

Шоҳининг ол доғини
Одам хуни деб олдама,
Ол дағи май ким, маъқул
Ҳар ким Ҳолини билгани.


СИБИЗИҚ

Бойбувамнинг қизи – Сулув,
Исмидан ҳам ўзи сулув.
Карашмали қарашлари
Кўнглимга солар кўп ғулу.

Сулувнинг ёши ўн бешда,
Енг, ёқолари чимкешта.
Қўлим узатсам қунишар,
Қарчиғайдан ҳурккан қушдай.

Қуралайди кўз, қош… сулув,
Кўксида муздан тош, Сулув.
Тошбағирлиги майли-ку,
Тойдан асов – бебош, Сулув.

Сулувни сойга эндирсам,
Ҳарсангтошларга миндирсам.
Сибизиғамга сел қилиб,
Келинликларга кўндирсам…

Осмондаги, ҳой, Ой сулув,
Юлдузларингни ёй сулув.
Бу дунёларда бормикан
Мендан ҳам ўтган бой, Сулув.

Сулув, сулувим, жон Сулув.

БОЙБИЧА

Боғчасида бойбича
Сайр этар ўз зайлича.
Қушчага айлансаму
Сайрасам уча-уча:

– Бойбича, ай, бойбича,
Бўзами бу кўзача…
Эсим оғиб бородур,
Сувсаблар ича-ича.

Бойбича, ҳей, бойбича,
Ҳозир кундузми, кеча?
Ақлу ҳушдан адашдим
Қуёш неча, ой неча?

Бойбича-ей, бойбича,
Раҳминг келмайди ҳеч-а.
Наззора қилсанг нетар
Бир бора ўздан кеча…

Бойбича, жон, бойбича,
Қушга карам қил пича.
Пойингни тавоф этсин
Тузоғин еча. Еча…

Бойбича, воҳ, бойбича,
Ўзим тўқ, кўзим оч-а.
Кўз олдингда жон берай
Кўзангни қуча-қуча.

Бойбича, оҳ, бойбича…


ШУВИЛЛАК

Шувиллагим шувиллар,
Овози гув-гувиллар.
Товушидан олар тин
Олис-яқин овуллар.

Тинглар дара, унгир-ғор,
Тоғ тўшида тўнгган қор,
Жунбишдаги ҳар жондор,
Жўр бўлишар увиллаб.

Зовлардан садо қайтар,
Қосаға қўшиқ айтар,
Чалсам қайта ва қайта
Ичим бўшар ҳувиллаб.

Шувиллагим шувиллар,
Зомбирлар зув-зувиллар.
Сақлаёлмай сирларин
Гуллаб қўяди гуллар.

Тошдан тошга сачрар сув,
Арча бургин тўкар дув,
Бўй тарқатиб чарчар, ҳув
Шамол – кенжа довулга…

Оқ ўтовдан бир оққиз,
Чиқар оғзида саққиз.
Ўн етти ё ўн саккиз…
Бир-бир босиб ҳимиллар.


ҚИЗ ҚЎШИҒИ

Бек боласи бетайин
Эса эна, нетайин.
Қулоғим қонатканин
Қандаям унутайин.

Овулни оралатиб,
Ўтовдан мўралатиб,
Саман отин силайди
Юрагим яралатиб.

Бўйи бўйимдан ўтди,
Бир ўй ўйимдан ўтди.
Бир овуз гап қотолмай
Тилин чайнади, ютди.

Бек боласи бетайин,
Садағаси кетайин.
Тушунмайди ичимди –
Ё синайди атайин.

Синасин-а синасин
(Итам бир пас тин осин).
Ҳайит ўтиб кетган сўнг
Ўзи қўйсин хинасин…

Дарди дагар гўшида,
Гўшидамас, тўшида.
Кунлар солай бошига
Ҳар кун кириб тушига.

Бек боласи бетайин,
Гунайидан ўтайин.
“Ўпка-гина” гинамди
Олиб ортга отайин.

Бўз-бўзгина, бўзгина,
Чалай чанқовузгина.
Гумон тарқаб тумандай,
Тўйлар бўсин тезгина.

Бек боласи бўз бола,
Қурғур қийғиркўз бола.
Кутиб кўзи тўрт бўлди
Нетай, мендай қиз бола.

Бек боласи бетайин,
Садағаси кетайин.