Ҳалима Аҳмедова (1960)

Ҳалима Аҳмедова 1960 йилда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Пўлоти қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1983). Биринчи шеърий тўплами — «Кўзимнинг тили» (1986). Шундан сўнг шоиранинг «Тунги марваридгуллар» (1987), «Эрк даричаси (1996), «Тийрамох» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизликда адашган манму?
Оллоҳ, кафтларингда бир куни
Майса бўлиб эгиламанму?

Ёмғир каби ёғилса жоним,
Қароғларим бўлармикин жом?
Тиғ урилган бағрим қонига
Юрагини чаярму оқшом?

Мен нур бўлиб ўпсам жимгина,
Дил шаҳрининг эртакларини,
Тилларида сўзлашаманму
Онам қабрин чечакларини?

Қушлар кўзин қорачиғида,
Асир этиб кўмилган манму?
О, жаҳаннам оташи, сандан
Қочиб, санга интиламанму?

Кўз ёш каби силқиган жонни
Ичканида ичиккан дийдор,
Дил қонидан ман сарҳуш ўлсам,
Бандангманму, айт, Парвардигор?!

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизлиқда адашган манму?..

* * *

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Кишанлар ясадим қоронғу тундан.
Қонаган оёғин кўзимга суртиб,
Бир юрак сўрадим телба Жунундан.

Вужудни хокистар этди аланга,
Япроқни куйдирди тийра бўзларим.
Қайта дарахт бўлиб юксатарманми,
Тупрокқа тўлганда ишқли кўзларим?

Яратган, азобинг ичра очилдим,
Гарчи нигоҳингда ниҳон эдим ман.
Заминга хокистар бўлиб қоришдим,
Қушлар кўзидаги осмон эдим ман.

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Ашким дарёсидан юраккинам нам.
Дилнинг кўз ёшини қурита олмас
Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам.

Сўнгагим ичида оққан баҳорлар,
Ё раб, музлагайми умрим сўнгида?
Менинг ишққа тўла ўжар юрагим
Чирсиллаб ёнмоқда кўзим ўнгида.

Ёнган юрагимни кўмаман ўзим,
Япрокдар бандида қолар доғларим.
Бир кун дарахт бўлиб юксалсам, Оллоҳ,
Мени танигайми кузги боғларим?!

* * *

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Балки у хаёлим, балки афсонам.
Покиза кунларин шу йўлга боглаб,
Кечмоқда қисматим – йўловчи санам.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Юрагим вужуддан кетар ситилиб,
Яшайман кимнингдир ёдидан қочган –
Адашган арвоҳдай унга интилиб.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Руҳимни излайман, қайда у, эвоҳ?
Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,
Унда кўмилганми руҳим бегуноҳ?

Уфклар ортида зангори йўл бор,
Ўлим эрк устига қадалган туғдир.
Кетаман, қонталаш уфқ ортига,
Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?
Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,
Сен кимни изисан, кўзимдаги мунг?
Уфқлар ортида зангори йўл бор…

ЎҒЛИМГА ДАРСЛИКЛАР

1. Табиат дарси

Ҳар битта дарахтда бир дил яшайди,
Тиқилгани сари ўсади кўнглим.
Уларга қулоқ сол, уларни тушун,
Дарахтлар алдашни билмайди, ўғлим.

Жажжи юрагингда кимнинг соғинчи,
Сезаман, не қилай, бошқадир йўлим.
Сенга дадангдан ҳам меҳрибон, яқин,
Дарахтлар номардлик қилмайди, ўғлим.

Жасур бўл, кўзингда кўрмай сира ёш,
Ҳар қандай аламни ичингга ют жим.
Дўстлардан азизроқ, дўстлардан баланд,
Дарахтлар ҳеч қачон сотмайди, ўғлим.

Қачондир барваста йигит бўлурсан,
Толеингни кўриб тўлгайдир кўнглим.
Улардан садоқат сабоғини ол,
Дарахтлар хиёнат қилмайди, ўғлим.

2. Адабиёт дарси

Гоҳо бўм-бўш кўнглим оралаб
Судралади кузак шамоли.
Сарғайган гул япрокларига
Дилим чизар ишқнинг хаёлин.

Тўкилмоқда томчилаб умр
Малакларнинг гул косасидан.
Мен туғилган эдим-ку бир кун
Ёмгирларнинг сирли сасидан.

Дарахт эдим, эгилмас дарахт,
Ўсардим нур эмганим сайин.
Яшил дунё соғинчларида
Бир кун хазон бўлмоғим тайин.

Шоир эдим, бебош юрагим, –
Талашарди руҳим, само, ер.
Мен сендайин пайтимда, ўғлим,
Далаларга ўргатардим шеър…

Ўғлим, сендан бошқа кимим бор,
Кўзларингда оқади дилим.
Шеърдай Мажнун кунларим ҳаққи,
Сен дунёни шоир қил, ўғлим!

3. Математика дарси

Мен анча бўш эдим, толиқар эдим,
Ақлим чалкаштириб кетганда сонлар.
Ҳали ҳам қалбимни ўртайди баъзан –
Қалби тенгламага ўхшаш инсонлар.

Сен эса мириқиб ечасан мисол,
Жажжи бармоқларинг яйраб санайсан.
Мени ғамларимдан айиргин, десам,
Ишониб-ишонмай кулиб қарайсан.

Ҳаёт масалалар туркуми экан,
Кимнидир кимидан айирар ўлим.
Кимдир кўпайтирар чўнтакда чўғни,
Сен қалбда чўғингни кўпайтир, ўғлим.

Ҳақни ноҳақларга қўшиб қўймагин,
Камбағални бойдан айирма ҳеч вақт.
Менинг билимдоним, кичик оқилим,
Сенга насиб бўлсин мен кўрмаган бахт.

Бир кун вужудимдан айрилади жон,
Қай илдиз остида чирқирар дилим.
Ўшанда мен севган бир туп райҳонни
Қорайган қабримга қўшиб қўй, ўғлим.

* * *

Кундай ёруғ қоронғулиқда
Ойнинг нафасига едиринг дилни.
Бедил бўлиб киринг мастона –
Маъюс хаёлига қаро сунбулнинг.
Кундай ёруғ қоронғуликда
Киприкда чизингиз туннинг суратин.
Йиқилган осмонга секин шивирланг,
Тонгда очилгувчи ғунча ҳайратин.
Кундай ёруғ қоронғулиқда…