Ҳафиза Эгамбердиева (1965)

Ҳафиза Эгамбердиева 1965 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Унинг “Кўнгил кўшки” шеърий тўплами, “Қоронғи тўқай”, “Нахшона” каби насрий китоблари чоп этилган.

* * *

Бахтнинг болишига бош қўйдиммикан,
Ёки ҳасрат ичра тўкдимми, баргим?
Қайғу чирмовуғи чирмаб руҳимни,
Тошга уриб бошим келдими ёргим?

Оқ отли шаҳзодам эдими, ёрим,
Ёлғизоёқ йўлда адашдимми ё?
Бир бутун бўлдикми, биз икки ярим,
Бахтлисиз, деб, бизни алдашдими ё?

Ортимга боқсам гар хатолар бисёр,
Узилган узумдек ўтмиш мўлтирар.
Рўпарамда эса кўкка бўй чўзиб,
Боладек беғубор орзулар турар.

Мен эса турибман кафтимда умрим,
Кеча ҳам, эрта ҳам бирдек қадрдон.
Йўқотгим келмайди топганларимни,
Юрагим, бахтлисан, дейишса, ишон.

* * *

Чуғурлашдик  учта  қиз,
Учдик  учта  томонга.
Тақдир  бизни  ажратди,
Отди  қўйиб камонга.

Йиғилишсак  бир  яйраб,
Онам  кўнгли  хуш  бўлди.
Энди  ул  кунлар  ёраб,
Энг  чиройли  туш  бўлди.

Йиғиламиз  учовлон,
Бўлолмаймиз  шодон, шўх.
Кўнглимизни  топарга
Онамиз  йўқ, она  йўқ.

Хафа  бўлманг, янгажон,
Қизлар  кўнгли   тўлмаса.
Кенг ҳовли ҳам тор экан,
Уйда она бўлмаса.

Дуога қўл очдик биз,
Эслаб  панд-сўзингизни.
Қўллаб  туринг, онажон,
Уч  она қизингизни!

* * *

Узилган баргларни йиғмоқда фаррош,
Узилган барг каби боқади ювош.
Узун супургидек узун хаёли,
Гўё у тирамоҳ аёли.
Ўтган-қайтганларни маъюс кузатар,
Фикрин супургига узатар.
Кун уриб – сарғайган рўмоли,
Лаб жуфтлар бор каби саволи.
Ўйловсиз босилган қадамлар,
Дунёни тўзитган одамлар,
Манзилга ошиққан йўловчи,
Гап билган, иш билган овловчи,
Фаррошнинг бор битта саволи,
“Уволи урмасми, уволи?!.”

* * *

Бохабармиз бир-биримиздан.
Бир новданинг икки шохида: сен ва мен
Ортда қолмоқ истамаймиз: сен ва мен.
Мақсадимиз улуғ, ният ҳам қутлуғ,
Ўсмоқ, янада ўсмоқ…
Бохабармиз бир-биримиздан,
Нур ёғса қизғаниб эмамиз,
Дўл ёғса биттадир кемамиз.
Ниҳоят, биз кутган кун келди,
Қўл ушлашиб учсак бўларди,
Қурғур кўнгил завқ-шавққа тўларди.
Лаҳза, насим кўмагида учдик кўк сари,
Зумда ортга қайтдик, э, воҳ, новдага эмас,
Тушдик ер сари.
Бохабармиз бир-биримиздан.
Фақат билмаймиз,
Энди ким биринчи хазонлар ичра?!.

* * *

Ёдингни   ёд  олган  лаҳзаси,
Дил тубига туккан бўхчаси,
Оташнинг бир парча лаҳчаси –
Хотира!
Ўзлигинг  англатур давлатинг,
Тахти  Сулаймонинг, сарватинг,
Кўзёшингга  туртки ғурбатинг –
Хотира!
Аччиқми-ширинми  сеники,
Ёдингга  оласан кўникиб,
Туғилиб, топганинг ичикиб –
Хотира!
Истамасдан  терган  хазинанг,
Беэътибор  босган ҳар зинанг,
Рози-ризолигинг, зор, гинанг –
Хотира!
Ул, айрилиқ исмли нақшдур,
Юракка ўт қалаб ёқишдир,
Кечадан эртага боқишдир –
Хотира!

* * *

Чордана қурганча мўйсафид осмон
Юлдузлардан тасбеҳ ўгирар.
Ҳасрат калаваси чувалиб, дунё
Юрагимда чархин йигирар.

Кўз узгани қўймас тобакай,
Тун кўйлагин оппоқ ямоғи.
Жим кутишар булутлар ҳар ён
Бошланишин намчил савоғин.

Тун кўйлагин сўкилар чоки,
Йўқотади осмон тасбеҳин.
Ёш боладек кезиб борлиқни
Ўйнай бошлар коптогин секин.

Хаёлимнинг маҳзун куйини
Бузар тонгнинг ташвиш, қутқуси.
Чарх овозин босиб кетади
Гўдакларнинг шодон кулгуси.

* * *

Қолдим бу кун тиз чўкиб,
Сенсиз ўтган кунларда.
Қандай кетдим мен чўкиб,
Адоғи йўқ ўйларда?..

Сенсиз ўтган кунларда
Исмим қўйдим йўқотиб.
Қоп-қоронғи кунларга
Ташлаб кетдинг ўқ отиб.

Қандай кетдим мен чўкиб,
Тополмади ҳеч кимса.
Чиқармидим курашиб,
Бирорта хас илинса.

Адоғи йўқ ўйларнинг,
Интиҳоси борми, айт?
Бошлаб катта тўйларни,
Яхшиси ёнимга қайт.

* * *

Ой ортидан оқди кўзларим,
Юлдузлар юрагим сувидан бўкди.
Ноиложлик эккан илинж дарахти
Туннинг кафтларига япроғин тўкди.

Чарчадим, сукунат исканжасида,
Минг бир томчи бўлиб, эзилиб кетдим.
Нега бу ҳаётнинг қоқ панжасида
Онагинам, сендан узилиб кетдим?

Энди, кўкка боқиб кўзларим толур,
Маъюс чеҳранг бўлиб кўринур ой ҳам.
Бир узун жилғалар изсиз йўқолур,
Қолдирган рўмолинг офтобга ёйсам…