Таниқли болалар шоири Ҳабиб Раҳмат 1941 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Бўлажак шоирнинг илк асарлари „Ғунча“, „Гулхан“, „Тонг юлдузи“ каби вақтли матбуот нашрларида босилиб чиққан. Қудрат Ҳикматнинг ижодий мактабида маҳоратини оширган Ҳабиб Раҳмат мактабгача ёшдаги кичкинтойларнинг севимли шоирларидан бирига айланди.
Ҳабиб Раҳмат кўп йиллар давомида босмахоналарда хизмат қилди. Ҳаёт мактабида чиниққан, турмушнинг пасту баланд синовларидан дадил ўтганлиги учун ҳам унинг шеърлари ташбиҳларга, кутилмаган қиёсларга бой.
Ҳабиб Раҳматнинг „Сизни Ватан эркалар“, „Бизнинг звено“, „Қулоқсиз улоқ“, „Ари ва Али“, „Қушлар бозори“, „Қизиқ совғалар“, „Ботир аскарча“ деб номланган қатор китоблари босилиб чиққан.
ДИЛ СЎЗЛАРИ
Оқ каптарим чиройли,
Кўк каптарим чиройли.
Тинчлик қуши дейдиган
Дил гапларим чиройли.
Кўк тоқида чарх урса,
Бир даста гулга ўхшар.
Қуёш бошида кулса,
Бир ҳовуч нурга ўхшар.
Парвоз айланг элма-эл,
Қанотингиз толмасин.
Ер юзига „тинчлик“ денг,
Эшитмаган қолмасин.
ҲАР ДАЛАНИНГ…
Ҳар даланинг ўз файзи,
Таровати бошқадир.
Меҳнат қилган қўлларга
Саховати бошқадир.
Ойнинг ипак нурлари
Далаларга қуюлгай.
Қуёш берган ҳарорат
Ерга дармон туюлгай.
Қаттиқ ерни қазилаб
Юрган деҳқон бобомдир.
Кузда тўкин ҳосили
Дала тутган инъомдир.
Далам,
Бобом бағри кенг,
Дилда зўр ният банддир.
Бегона ўт ўсмасин
Иштиёқи баланддир.
Ҳаракатда — барака,
Бобом нақли ёдимда.
Шундай ишлар қилайин
Бари ҳали олдинда.
МEН ҲАМ…
Менинг ойим иш қиларлар
Пишиқ-пухта, саришта.
Мақташади тенгқурлари:
„Бу аёл бир фаришта“.
Иштиёқда тинглар одам,
Гап-сўзлари бир майин.
Каттани ҳам, кичикни ҳам
Сизлайдилар бирдайин.
Кулсалар-чи, юзларидан
Нурми, гулми ёғилар.
Мен уламинг қизлариман,
Бирам ўхшагим келар.
БУЛОҚ
Турна кўзли булоқча
Қайнаб ётар биқирлаб.
Қайнар-у тошиб кетмас,
Кулган бўлар қиқирлаб.
Тамовчадан йўл очиб,
Оқиб-чопиб кетади.
Боғни қўмсар, у томон
Йўллар топиб кетади.
КУРАШ
Мард лочинга ҳужум қилди
Бир тўп қузғун — босқинчи.
Якка лочин олишарди
Кетмасин деб тоғ тинчи.
Дедиларки: „Улар кўпдир,
Чекил ёки бўл таслим“.
Садо келди: — Таслим бўлиш
Менинг учун бу ўлим.
Ор қиламан кесак каби
Секин-аста нурашдан.
Мен лочинман, енгилсам ҳам
Кураш бўлсин курашдай.
АФРИКАЛИК ЙЎЛБАРС
Йўлбарс юрар қафасда,
Кўрдик дадам,
Мен, Ғайни.
Ҳазил қилдилар дадам:
— Ишлар қалай, оғайни?
Йўлбарс парво қилмайди,
Укам секин жилмайди:
— Африкадан келган у,
Тилимизни билмайди.