Гўзал Рўзиева (1986)

Гўзал Рўзиева 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти, Жондор туманида туғилган. 1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган.
“Тонг сабоси” номли шеърлар (2004) тўплами нашрдан чиққан.


ЗАРАФШОНГА

Кабутардек потирлаб кўнглим,
Кенгликларни соғинади гоҳ.
Зарафшоннинг бўйидаги чим,
Дўнгликларни соғинади гоҳ.

Мен қишлоқдан чиқиб кетгандим,
Покиза ҳис, тиниқ қалб билан.
Доғлар тўлган, ямоқ юракни
Олиб ортга қандай қайтаман?!

Ўлчовлари сарҳадсиз шаҳар,
Тўртбурчак уй, тўртбурчак томлар.
Тўрт бурчидан тугунлаб қалбни,
Яшар экан бунда одамлар…

Онам кирлар осган дорарқон,
Тушларимга киряпти бот-бот.
Орзуларим илган ипларни,
Силкиб бунда ўйнайди ҳаёт.

Отам дерди, тўқмоқли ҳақ сўз,
Аммо, борин сўзлаб юргандим.
Бугун ҳар не кўргач, балиқдек
Гунг яшашни ўргандим!..

Тош йўл…Тош уй…Тошдан юраклар…
Соғиндим чанг йўлда изимни.
Эслайсанми,онажон қишлоқ
Шаҳарлик тошкўнгил қизингни!

Кечир мени, зарлар дарёси,
Айтолмайман энди қолганин.
Сезаяпман, қайтаман бир кун,
Кечмишларни ювиб олгани…


ФАРҚ

Болаликда ғалатийдим — ўйинчоқлар ўйнамасдим,
Хаёлчанроқ, ўйчан эдим, боладайин қувнамасдим.
Аммо, бугун тақдир мени қўғирчоққа ўхшатмоқда,
Юрагимни юлиб олиб, билганича ўйнатмоқда.

Эслаяпман, болаликда само тўла юлдуз эди,
Онам алла айтса — кеча, сўнг қолгани кундуз эди.
Бугун энди осмонимнинг юлдузлари йўқолгандек,
Дунёга тун этак ёйган, кундузлари йўқолгандек…

У дамларда кўчалар ҳам шўху-шандон қадам эди,
Бегона йўқ — унда ҳамма меҳри иссиқ одам эди.
Бугун дилни ачиштирар шўр сўзларнинг тузлари-ей,
Одамга ўхшамай борар, одамларнинг кўзлари-ей!..

Эҳ, у онлар!.. Осмон шундоқ қўл узатсам яқин эди,
Замин эса юмшоқ, тафти мисол қайноқ чақин эди.
Бугун мана само олис масофага тенгигандек,
Ер тобора нураб борар, бўшлиқ томон сингигандек…

Ўжар эдим, айтганимга эришмасам қўймас эдим,
Қўл чўзганим беришмаса, йиғлаб-йиғлаб тўймас эдим.
Эвоҳ, бугун эришмаган орзуларга тўлаяпман,
Гарчанд, кўзлар туби ёшли, мағрур туриб кулаяпман!..

Хуллас, энди ёпиб бўлмас, юрагимнинг дарзларини,
Армон билан тўлаяпман, шод кунлардан қарзларимни…
Қачонлардир жамалаклар таққан сочим қисқарибди,
Она, катта бўлгунимча дунё шунча ўзгарибди…

КЕЛ, ДУНЁНИ КЎТАРИБ ҚЎЙГИН…

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…
Ўтиб кетай унинг остидан.
Гапимга ё йиғла, ё кулгин,
Юриб бўлмай қолди устида.

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…
Тоза еллар тегсин кўксига.
Милиард йилки кўзи тўла мунг,
Миллион йилдан бери ўксиган.

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…
Қуёш биздан узоқлашяпти.
Ойнинг доғи кўринмай қолди,
Зуҳал бунча йироқлашяпти…

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…
Подалардан тўзон қадамлар.
Динозаврлар чопиб юрганди,
Унда оғир чиқди одамлар.

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…
Бўшлиқ уни тортиб бормоқда.
Кўксидаги яралар вулқон,
Ортганидан ортиб бормоқда!..

Кел, дунёни кўтариб қўйгин…

* * *

Эсламаймиз бир-биримизни,
На бирор хат, на бир қўнғироқ.
Биз тескари магнитлар гўё,
На яқинмиз, лекин на йироқ.
Сўнг келасиз.
Ўйчан қиёфа,
қаддингиз тик, нигоҳингиз ўқ.
Шу лаҳзада англайман бирдан,
Оламда сиз!
Бошқа ҳеч ким йўқ.
Кўйлагимнинг нақшларига,
Кўзларимга термуласиз жим.
Дейсиз: Йўлим тушди шу томон,
Сизни ҳам бир кўрай деб кирдим.
Ичидан чирт синади ногоҳ,
Ташрифингиз хуш ёққан кўнгил.
Лаҳзалик бахт сезар зирқироқ,
Кўзларига тортилгандек мил…
Сўнг чекасиз, ўрлайди тутун.
Сизни ўрар халқали туман.
Бахтимизни асрий туманлик,
Қоплагандек ғашлик сезаман!
Кетасиз!
Қалб гулдурослари
Сизга етмас, қайтаролмайди.
Аммо…
Соғинч нуқси ўтириб қолган
Кўзларингиз алдаёлмайди!
Хайр демам,кузатолмайман,
Юрагимда номаълум ҳадик.
Изингиздан сурилар парда…
Тик қаддингиз тортгандек эгик.
Хаёлларга бераман изн,
Кўксим тобор тортаверар ғаш.
Кўйлагимнинг нақшларидек,
Нега бизнинг тақдирлар чалкаш..?
”Хайр” оғир,
”Алвидо” азоб,
Дарпардани ғижимлайман жим.
Ишқимизнинг гулгун юзига
Қай кун парда тортдик, азизим?
Келгандингиз, демадим “Қолинг…”,
Сизни эмас, ўзни алдадим.
Шу лаҳзада…
Тепада кимдир
иккимизни ёмон қарғади!..

***

Яхшиям йўллар жим,
Гапирмас йўллар,
Яхшиям тошларнинг тошлиги бор гап.
Агар, тилга кирса баногоҳ улар
Чақириб келарди сизни атайлаб…

Яхшиям осмоннинг осмонлиги ҳақ,
Йўқса, соғинчимни сизга айтарди.
Ёмғирга айланиб кўз ёшларимдан,
Кўксингизга тўкилиб қайтарди!..

Яхшиям симларнинг тили йўқ ҳали,
Эшитади холос, сўзлагинимни.
Фақат у-телефон билар тунлари,
Гўшакка осилиб йиғлаганимни…

Яхшиям дарахтлар шовуллар фақат,
Қўрқаман бир куни қолсалар сўзлаб.
Исмингиз ўйилган сершох пўстлоққа,
Миллион марталаб босган эдим лаб…

Яхшиям Сиз борсиз соқов дунёда,
Турналар,қушларнинг борлиги каби.
Гоҳ рўё,гоҳида жаннатий туҳфа
Оромбахш тушларнинг борлиги каби.

Яхшиям Сиз борсиз тилсиз дунёда!..