Гўзал Бегим 1974 йили Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида тугъилган. Ўзбекистон Миллий университетинининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2001-2003 йилларда Москвадаги М.Горкий номидаги оилй адабиёт курсида таълим олган.
Шоиранинг «Сукунат жараиги» (1998), «Учаётган япроқ сояси» (2002), “Шабада қиргъогъи” номли шеърий китоблари чоп этилган. “Ўзбек модерн шеърияти” (Тошкент, 2003), “Ёшлар китоби” (Тошкент, 2008), “Анор” (Москва, 2008) тўпламларида шеърлари эълон қилинган. Ижод намуналари рус, инглиз ва қозоқ тилларига таржима қилинган.
ЭЙ СУЙДИРГУВЧИ
Эй суйдиргувчи
гул баргини юрагимдан олиб ўтган
туйғуларимнинг биллур шаклини
овоз хиёбонида эркалагувчи
саксовул ифорида рақсга тушган
сабо сандиғидан озод бўлганча
қушлар қироатин кўкка йўллаган
нигоҳ кенглигига йўл олган эй сўз
тиз чўккан товушлар сенинг қаршингда
ва юрак ҳақидаги эртаклар
Эй суйдиргувчи
кўзимнинг тим қора муҳаббатини
шаффоф сукунатга чоғиштирган зот
юрагимнинг ўнқир-чўнқирларида
шафақ уммонини барпо этгувчи
олис манзаралар ичидан
олтин жимлик ила олиб ўтгувчи
Эй суйдиргувчи
тун ва тонгнинг оралиғига
қаҳқаҳа ҳикматини илиб қўйгувчи
туйғулар қаърига
нодир буюмларни жамлаб қўйгувчим
қўлларимни очиқ ҳолида
само саройига йўллаётганда
кўз ёш жавҳарини яратган эй зот
табассум шивиридан ўсган сўзларни
муҳаббат диёрига муҳрбанд этиб
юрагимнинг мингта томони билан
эй суйдиргувчи эй суйдиргувчи
***
Мен шеър ўқияпман
кўзларимга осилган мунглар
дарё-дарё сўзлар қаршимда
қум кечади алп орзуларим
тун отяпти қорачиғимда
Мен шеър ўқияпман
юрагингиз ичида туриб
тўкиляпман тўрт томонимга
овозимда чайқалиб борар
бинафша ранг кунлар қисмати
***
Томчи ҳақидаги тасаввурларим
акс этганда тунги япроқда
ёмғир ёғар эди ё ёғмас эди
Кечаги кунимни эслатиб қўлим
намозшомгулларнинг ғамгин ҳидини
мактубларга жойлаётганди
Сувга қиё боққан ёлғизлигимда
гуллар очилмаган эди
очилмаган гулга яқин эдим мен
***
Ой тушиб келяпти
юрагимнинг изи ёмғирли шодлик
Сен ва Менинг оралиғида
туйғуларга қурилган кўприк
шивирлайди
“Мана мен келдим”
Ой тушиб келяпти
бўсағамда ойли қадамлар
овозимда солланиб турар
тун кўрфазин кечаётган соғинч
кўзларимнинг чўққиларида
у ёқдан бу ёққа ўтаётган илинж
пичирлайди
“Мана мен келдим”
Ой тушиб келяпти
Бўсағамда турибди мана
ҳаводаги мовий чизиқлар
йўқлик теграсида айланаверар
музга дўнган битта олов сўз
“Мана мен келдим”
***
Нигоҳимни гуллар силаган
Мажнунтолга қўшилган исмим
Кўз ортимда титрайди ҳаво
Юрагимга томчилар
Шабнам
Заъфаронлик кўнгли бузилган
Ой ойнаси тушар дилимга
Иродамнинг киприкларидан
Ер шарига томчилар
Овоз
Ана умидимнинг тўфонларида
Сузаётган қоғоз қайиқча
қаламимнинг юрагин тутиб
томиримга томчилар
Қуёш
***
Юрагимнинг оқарган сочи
Тушиб кетар қўлингдан бир кун
Дарахтлар остига тўкилади куз
***
Атиргул исмига исмимни қўшиб
Гулнинг иродасин ҳидладим
чайқалди мовийлик