Гулзебо 1975 йилда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган. Тошкент Давлат университетининг (Ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. МТРКнинг “Ёшлар” радиоканилида муҳаррир вазифасида хизмат қилади. Шеърлари турли матбуот нашрларида эълон қилинган.
* * *
Не ҳамидгуй дарахт эди у,
Шохларидан тасбиҳ этдилар.
Томчи-томчи томган кўз ёшдай,
Ипга тизиб олиб кетдилар.
Не ҳамидгуй дарахт эди у,
Танасидан рубоб этдилар.
Ишқ куйига созлаб торларин,
Рубоб кўксин кабоб этдилар.
Тасбиҳ тушди кимнинг қўлига?
Ғафлат ичра айлантирди у.
Оҳлар уриб тўқсон тўққиз мард,
Айланар “ё Аллоҳ”, “ё Ҳу”.
Ул рубобни олди бир ошиқ,
Ишқ-ҳижрондан айлади хониш.
Кўнгил рубоб ила бирлашди,
Тараларди ажиб ўртаниш.
Қўшни эди кимса ва ошиқ,
Тасбиҳ рубоб ила фироқда.
Ғафлат ин қурган ул дилдан,
Ишқ осмон қадар йироқда.
Хуллас, етиб сознинг овози,
Тасбиҳ ажиб ғавғо бошлади.
Қутулмоқ-чун ғофил қўлидан,
Ипни бехос узиб ташлади.
Не ҳамидгуй дарахт ахир у!
* * *
Кўкка елка тутган қоялар,
Исмингни жимгина айтаверади.
Минг йиллик тошларнинг ажиб фарёди,
Отлар туёғидан қайтаверади.
Меҳробдан бошини кўтарган мисол,
Уфқдан бош кўтарар қуёш.
Ишқли кун бошланар, яшагим келар.
Севгингда ҳаёт бор, зикрингда бардош.
* * *
Яратганга табассум қил…
Шукрлар айт, зикрлар айт.
Боққил, қандай меҳрибон зот,
Тафаккур қил, фикрлар айт.
Яратганга табассум қил…
Қудратин намоён этгай,
Ҳар иши ҳикмат бирладир,
Ҳикматларин аён этгай.
Яратганга табассум қил…
Мўъжиза армуғон этгай.
Ғайб сирлари илоҳийдир,
Гаҳи сирин баён этгай.
Яратганга табассум қил…
Раҳматидин нишон этгай.
Қўрқув ила, умид бирла,
Дилда файз ошиён этгай.
Яратганга табассум қил…