Гулноза Каримова (1990)

Гулноза Каримова 1990 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети магистратура босқичини тамомлаган.

ХАЁЛ

Кўзингни юмсангу тасаввур қилсанг,
Гўё ўзгармаган ҳамма-ҳаммаси.
Ва яна ўзингни бола деб билсанг,
Беш ярим ё олти ёшлар чамаси.

Яна ранглар тиниқ, ҳаво яна соф,
Бир йиғлаб овунган ёмғирдан сўнгдек.
Янги умид сочиб чиқади офтоб,
Дунёда йўлларнинг барчаси ўнгдек.

Сени ранжитганлар сенга қайтади,
Ўйинчоқ талашган тенгдошинг каби.
Келиб соддагина узрин айтади,
Гаплашмай юришнинг йўқдек сабаби.

Кулиб қўясану этасан давом,
Араз бўлмагандек гўё ўйинда…
Сўнг кўзинг очасан:
Ҳаёт бу – довон,
Уни бола бўлиб ошиш қийин-да…

МОҲИЯТ

Ҳасад, арзимайсан зарра ўйимга,
Гумон, зерикдик-ку сабаблар излаб.
Кибр, тенг келмайсан ҳатто бўйимга,
Шукр, ўзинг бергин буларга адаб.

Араз, уч кундан сўнг қимматинг битар,
Ғийбат, ҳеч кўрмадим юзинг оқлигин.
Нафсим, бунча мени аврадинг, етар,
Тавба, ўзинг айтгин бу гуноҳлигин.

Ёлғон, ҳали-ҳануз яшайсан нечун?
Тама, ёмғирдан сўнг ёғган ғуборсан.
Нафрат, йўқолади тобора кучинг,
Узр, яхшиямки, дунёда борсан.

Ҳасрат, одамларнинг елкасидан туш,
Қаҳр, ҳокимликка сенга йўл бўлсин.
Орзу, исмларинг бунчалар ҳам хуш,
Сабр, бу жонгинам сенга қул бўлсин.

Иффат, бой берма ҳеч кўнгил жиловин,
Ҳиммат, керак пайти ноёбсан нега?
Азоб, келтирдингми Тангри синовин?
Ҳайрат, ҳисларимга ўзинг бўл эга.

Меҳр, юраккинам сенга омонат,
Вафо, уйимизда биз-ла мангу қол.
Жазм, эзгуликка бошла то абад,
Иймон, борлиғимни ўзинг қўлга ол.

ЖУМБОҚ

Қувончли кунларим сизсиз ўтмайди,
Эзгин кунларимда жим туролмайсиз.
Аммо нимадир кам, недир етмайди,
Гўёки менчалик қайғуролмайсиз.

Йиғлаб юборгингиз келар дам-бадам,
Кипригим кўзёшга бўлганда тарнов.
Уйимнинг тўрига киролсангиз ҳам,
Юрагим тўрига бировсиз, биров…

Ё мен ҳаддан зиёд арзанда қалбман,
Ё кутган меҳримни ўзим бермадим.
Ёки фаришта деб сизни ўйлабман,
Балки ўзимними, яна билмадим…

Нега шундай экан – азалий жумбоқ,
Холис бўлолмайди одамзод буткул.
Қил ўтмас диллардан ўтар гоҳо тоғ,
Гоҳ олис дилларни боғлар битта гул…

БАҲОР

Кўксимни тўлдирди бинафша бўйи,
Сиёҳтус ранглари дилим яйратди.
Борлиғим эгаллаб ташрифинг ўйи,
Келар йўлларингга кўзим қаратди.

Сендан умид узган кунларим кечди
Ва ҳақдир сени ҳам ранжитганларим.
Кимлардир биз учун қасамлар ичди,
Кимлардир биз учун тўқиди ирим.

Барчаси, барчаси бир тахмин эди,
Майдагап кунларнинг мубҳам ташхиси.
Мавҳум хаёллардан қутқарди энди
Бизларни боғлаган муҳаббат ҳисси.

У борки, биз учун татийди баҳор,
Баҳорга айланиб ёшлик татийди.
Ахир гул тугади кўнгиллар якбор,
Гуллаган диллар бир-бирин танийди.

Билганим биргина шу муҳаббатдир,
Қолганлари, билмам, жуда ғалатдир,

Жуда ғалатдир…

МЕЗОН

Покиза муҳаббат билан севолсанг,
Сени ҳам севгайлар шаксиз, бегумон.
Самога тилакдан бир нур юборсанг,
Жавобан мўъжиза тўкади осмон.

Ҳеч нима жавобсиз қолмагай, ахир,
Бордан йўқ бўлмайди, йўқдан эса бор.
Ҳар неки туюлса маънисиз, тахир,
Эҳтимол маънога эмассан тайёр.

Нафратдан, ғафлатдан ўзни халос қил,
Севолгин севгига ташна ҳаётни.
Фақат тоза юрак қутқаролгай, бил,
Недир қутқаролса гар одамзодни…

БИНАФША

Бунча кичик бинафша бўйи?
Бунча чучук бинафша бўйи!
Бу бир митти гулдан бошланар
Баҳорларнинг улуғвор ўйи…

ҚОҚИГУЛЛАР

Момо ер юзини безар гул, майса,
Кўҳна ҳаёт тағин янги куй бошлар.
Осмон ерга қараб бир бор жилмайса,
Замин кўкка тутар минглаб қуёшлар.

Улар нур сочмоқни истайдилар хўп,
Кўклам ифоридан сархуш, алданиб.
Майсазор бағрида қиқирлаб тўп-тўп,
Сўнг бари булутга қолар айланиб.

Эсиб ўтганида шамоллар шитоб,
Бағри пора бўлиб тўзғийди бир-бир.
Аммо кўк измида ягона офтоб –
Улардай омонат эмас барибир…