Бахтинисо Маҳмудова (1993-2019)

Бахтинисо Маҳмудова 1993 йили туғилган. “Юрт келажаги – 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолибаси. “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

ВАТАН

Мен шеърдай ўқидим дарахтларини,
Ёдладим баргининг холларигача.
Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,
Қучдим ёзларию қорларигача.

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди –
Шамол бўсасида ёнди киприклар.
Икки жаҳонларни туташтиргудай
Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

Бобомни кўраман тоғига қараб,
Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.
Уйқумга кўчгани сира тушлармас, –
Даладан дил терган қушлари ёди.

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,
Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.
Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,
Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?
Нурлар тўшаб борар қуёш изига.
Кошки, ватан бўлсам кўнглимдан ўтган
Улуғвор Ватаннинг битта ҳисига…

ДИЛ БОНГИ

Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар,
Нигоҳлари сўлим, оҳанги сокин.
Лек ичимга сингмиш шамоллар, еллар,
Юрагимда шовқин, руҳимда шовқин.

Кимнинг исмидир бу илҳақ, титрак сас,
Ҳаёт қайси дилдан чалаяпти бонг?
Ҳаддидан ўтолмай, кунларимгамас,
Тушларимга шошиб кираяпти тонг.

Мен ҳам шошаяпман бетоқат ва зор,
Қадамин тезлатар кўзимдаги ёш.
Фақат… кетмаса-ю боғлардан баҳор,
Ботгани шошмаса бўлдийди қуёш.

Турналар қайтади, ҳа, улар қайтар,
Келарим, кетарим бир йўл менинг ҳам.
Дунё эрмак учун ёзмасин қайдлар –
Юзингни бекитгин, бекит, пешонам…

Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар…

ИШОНЧ

Заминнинг кўзига жойлашганимда,
Юрагимни тутса қушлар кўз ёши.
Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан
Айланиб кетганда дунёнинг боши.

Мезонлари менга сафарга чиқса,
Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса.
Дарахт одам бўлиб, сабо тилида
Нафасларим билан гаплашаверса.

Дард ёмғирдай юзга тўкилганида
Бошимни силаса Айюб бардоши.
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши –

Сиз етиб келасиз орзулар билан…

ҚАЙТИШ

Агарда қайтмасам…
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб…

БАРҲАЁТ СЎЗ

Фасллар алмашинур, кимларга қалам йўниб,
Дилдан чиққан каломнинг бегонаси бўлмагай.
Юрак деразасининг олдида оппоқ бўлиб
Гуллар Ҳамид Олимжон – кеч кузда ҳам сўлмагай.

Дунё юкли карвондир – кўзи ёшли, бири камли,
Бағридаги кемтиклар зари билан тўлмагай.
Ҳаёт! Сени куйлади гоҳ суйиб, гоҳ аламли,
Айтган сўзи – барҳаёт, Зулфия ҳеч ўлмагай.

ШАМОЛ

Бу шамоллар тиним билмайди,
Бу шамоллар – эрка шамоллар.
Тўрт фаслида юрса ҳам дайдиб,
Адирлари олмас малоллар.

О, мен шамол эдим бир пайтлар,
Қирларида сапчиб ўйнаган.
Куйим ўсди… кўпайди дардлар,
Ва… ўйлаганим ўйлаган.

Дунёларим оддийдан оддий,
Мен-да малол билмасман, нетдим.
Сен ҳам битта эрка шамолдай
Юрагимда эсдингу кетдинг…

ТИЛАК

Рангин тушлар кўринг, азизим,
Рангин бўлсин дунёларингиз.
Меникидир оқ ва қоралар,
Меникидир энди ёдингиз.

Энди менман хатодан адо,
Энди мен энг тоза жазоман.
Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир,
Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

Гоҳ бездирса, оқу қоралар,
Дил йиғласа мендан нарида.
Рангин қўшиқ куйласангиз бас,
Юрагимнинг қиблаларида…