Қорақалпоғистон халқ шоираси. 1948 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетида ўқиган. “Ҳаяжоннинг етти ранги”, “Ойдин остона”, “Севиб қолсин”, “Дарёга ботаётган қуёш” , “Излаганларим” , “Ойбалдоқ”, “Муҳаббат юрти” номли китоблари нашр қилинган. 2011 йилда “Энг улуғ, энг азиз” танловининг ғолибаси бўлган.
Вақт эртаклари
Менинг оламимда бўшлиқлар йўқдир,
Чексизликларида узоқ манзиллар.
Зулматлар йўқ унда, нурлар тўкилиб,
Фақат баҳор бўлиб қолган фасллар.
Менинг оламимда майин оҳанглар,
Ишқ тўлқинларида юлдузлар куйлар.
Рангли мушак каби отилар тонглар,
Вақт эртакларини тўқир сеҳрлар.
Менинг оламимда ёлғонлар йўқдир,
Нафис бир ҳикматга айланган рашк ҳам.
Денгизлар моҳият яратар, дарё
Ақл нурларидан тошади кўркам.
Менинг оламимда биз абадиймиз,
Тақдир ҳам йўқ унда, унда йўқ вақт ҳам.
Менинг оламимда бир покизалик,
Оддийлик нури-ла ясанар хуррам.
Менинг оламимнинг бошланиши йўқ,
Демак кўринмайди унинг охири.
У яратилган мен туғилмасимдан,
Унда жамдир ишқнинг тақдири.
Сўз билан ҳайратни чизиб беролмам,
Сўз билан чизолмам муҳаббатни ҳам.
Бир томчи шудрингда денгиз кўринса,
Бир дона лолада ер курраси жам.
Кутиб ол
Очил бугун кўнглим эшиклари,
Болаликни чорла бор овозинг-ла.
Ёшлик завқи билан тўлиб кетсин-да,
Чекка кўчадаги кичик бир кулба.
Муҳаббат учун очиқ бўл юрак,
Ҳар томирингга сингсин нафосат.
Юлдузларга ўтсин ўт нигоҳ,
Агар учсам бўл маҳкам қанот.
Кенгроқ очил, кичик сўқмоғим,
Майса, дарахтларга улангин.
Митти ниначининг нафис қаноти
Кучли қанотларга айлансин.
Умр, янгра тоза сас бўлиб,
Ақлимни тозала чанг-ғуборлардан.
Тоғлар виқоридай қудратга тўлиб,
Йиллар орасидан чиқиб келай мен.
Юрак садо берсин янги кунларга,
Ишончга, руҳингга бер сайқал.
Энг ёруғ нур билан шуълалан,
Вақт занжирларидан узилиб, тарқал.
Юрагим юлдузлар ичига жойлан,
У ерда яралар янги кун.
Нур билан узилиб, ерга туш,
Кутиб ол…
Янгидир ҳаётинг бугун…
Ёмғир томчилари
Бир, икки, уч…
Ёмғир томчиларин санайман,
Кўкда булутларга қарайман.
Булутларнинг ортида само,
Самоларга туташ коинот.
Юлдузларни санаш мумкинми?
Чўлларда қумларнинг доначаларин
Санаб бўларми?
Рўёбга чиқмаган
Орзулардан қолган алам доғларни,
Қуриган боғларда тўкилган япроқларни
Ёки синган кўнгил парчаларини,
Умр бўйи юзга томган ёш доначаларин
Ким санаб чиққан?..
Бир , икки, уч…
Ёмғир томчиларин санайман.
Туш сеҳри
Қуёш бунча эрта уфққа шошилар,
Тушларимнинг сири яшар шафақда.
Жийда гулларининг атри сочилар:
Қирларга, йўлларга, атрофга.
Жийда гулларидай олтин ранг нурлар,
Жийда баргларидай кумуш ранг осмон.
Оламга ёйилган хушбўй атирлар,
Кўнгил осойишта, умид беармон.
Жийдаларнинг майда гуллари аста
Қўнғироқчаларин чалар йўлларда.
Ишонгим келади гул хушбўйлари
Асрайди юракни зулмат тунлардан.
Жийдали хуш оқшом уйқуга кетар,
Бир ширин тушларга бошини қўйиб.
Ўтади, ўтади, бу кун ҳам ўтар,
Юрак деворига дардини ўйиб.
Юлдузлар осмондан тушгандай
Майли, боғлар мени олиб қолмасин,
Боғда ёлғиз ўзим нетаман?
Юлдузлар осмондан тушгандай
Ерга шеърларимни ёзиб кетаман.
Унда боғ, ўрмон ҳам, дарё ҳам яшар,
Майсалар ичида оқар булоқлар.
Нурларга ўзини уриб капалак
Сирли бир оламга эшиклар очар.
Унда тутлардаги пилла қуртлари
Нафис, шаффоф ипак тўқийди.
Ипак рўмоллар ҳам шабнамга тўшалиб
Мен ерга ёзган шеърларни ўқийди.