Гули Нигор Авазова 1988 йил 2 майда Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган. 2005 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетини тамомлаган. 2008 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятида мухбир лавозимида ишлаб келмоқда.
***
Соғинаман. Кутаман.
Остонамдан ўтолмайди Вақт.
Сен кетдингу келмай қолди –
Шодлик ваъда қилган Бахт.
Кўзларимни юмиб яшадим –
Ҳижронингда куймай деб.
Лабларимни ямаб яшадим –
Фироқингни куйламай деб.
Бироқ
Томир уйғоқ, Руҳ уйғоқ –
Қўярмиди ҳиссиз, туйғусиз?!
Ғамлаб олиб Сабрдан кўпроқ
излаб кетдим Ўзлигим сенсиз…
ҚАРШИНОМА
(туркум)
I
Соғиниб яшашга маҳкум этилган –
Туйғулар синиғи дилни тилади.
Бечора бу кўнгил соғиниб билган –
Қадрдон шаҳрини тушда кўради.
Кўчалари ёруғ, тунлар чекинган –
Оппоқ оғушида улғайган юрак.
Бугун қароғимга шу меҳри инган –
Мўъжаз шаҳарчам, кераксан, керак!
Кўзимга соғинчнинг тўрини ёпдим,
Билмадим, қай томон кетяпман энди?
Ўнсам фақат сенинг меҳринг-ла ёндим,
Ахир Каъбам дея мен сени топдим!
Сўзимни аллалаб зеб берган Қаршим,
Юрагим жаннати, маъвоси, аршим!
II
Юраман, йўлмас, хаёл босаман,
Олганим ўйлову кўрганим ташвиш.
Шу ишқ дорига дилни осаман,
Қаршижоним, сендан айирди шу иш!
Кўчаларинг қароғимга урган муҳр,
Кечаларинг ёдин сочимга тақдим.
Керак бўлди жуда сен берган меҳр –
Борингча юракка этвордим тақдим.
Қуёшинг қонимда оқади, билсанг,
Ою юлдузларинг чиройимга зеб.
Қаршижоним, Гули Нигорни кўрсанг –
Ўниб айтасанми, менинг қизим деб?!
Равон кўчаларин супурар ёдим,
Чўнг соғинчларга даво хаёли.
Отам каби сени ёниб севгум жим,
Улуғ олам аро топганим, борим.
Такрорлаб бораман дийдор онларин,
Ўзимдан ўзимга паноҳ тилайман.
Товоним ерига теккан заҳотим –
Шаҳрим ифорларин тўйиб ҳидлайман.
Қуёшнинг меҳри бор қайноқ ҳавоси
Бир дам нигоҳимга ашклар ёпади.
Қайсар изтиробнинг содда давоси –
Сендек жаннатини қайдан топади?
Соғинчим қалбига жойлаганча жим
Тунда шуъласига юз чаяр моҳтоб.
Бири акам, опам, бириси иним
Менинг туғишганим ҳатто шу офтоб!
III
Фусункор Тошкентда катта шоҳбекат,
Поездлар пишқириб тўхтар атайин.
Юрагимда шаҳрим соғинчи қат-қат,
Тушунсин вагонлар, дардим айтайин.
Ахир у беғубор шаҳрим ҳавосин
Маҳкам қучганича чопар тинмайин.
Келади, кетади, билсин баҳосин –
Шу пўлат рельсларга таҳсин айтайин…
…Яна йўлга тушар поезд пишқириб
Пўлат изларига дардим ёзайин.
Энди қололмайди ҳеч нарса олиб –
Мен ҳам шу поездда кетмоғим тайин.
IV
Етар, бугунчалик дардимни тўкдим,
Ўзимча Тошкентни ёмонлаб қўйдим.
Асли ўзлигимни шу ерда туйдим,
Шаҳри Шошим, сенга-да чин меҳр қўйдим.
Ранжима, гоҳида соғинч тилар жон,
Шифо истаб гоҳо бўларман гирён.
Сенсиз ҳаётимнинг бир қисми ёбон,
Ахир сен Ўзимга чорлаган иймон.
Қаршидан келаман. Ой ўтмас тайин –
Яна меҳрин қўмсаб чопиб қоламан.
Келгин, қулоғингга сирим айтайин –
Сенингсиз саҳрода қолган лоламан.
11 ДЕКАБРЬ…
(Отам Чори Аваз хотирасига)
Бугун кўнглим яна хотирларга банд,
Ўжар юрагимнинг билгани соғинч.
Отам хаёллари қайғуга каманд,
Шеърлари эртам-чун беради илинж.
Сокин, тиниқ, чексиз осмоним узра
Қуёш-ойлар ўрин алмашар секин.
Йигирма тўрт йиллик умрим кузида
Гуллайди, барг ёзар, тўкилар севинч.
Бунда баҳорлар ҳам айрилиқ рангин
Кўзларим – оламга сепиб кетади.
Нетай, қайғулар-да хилма-хил, ранггин,
Юрак гоҳи безиб, безиб кетади.
Аммо изтиробнинг чўнг соясини
Онам – офтобимдир, ўчирар секин.
Мен – руҳи саргашта, далли боласин –
У шу қадар суяр, билдирмас лекин…
ШАВКАТ РАҲМОН
Раббимдан рубобий ишқни истадим,
Пойимга тиз чўкди улуғвор само.
Муножот айтганда қор парчалари
Ненидир илғадим, билмадим аммо…
Гарчи яшил ранглар сомедир бунда…
Гарчи юрагининг изтироби бор…
Кулгусин маънисин англаган кунда
Сезиб қолдим – умрим ўтибди тушда.
Ўнгимдаги сассиз суронли ҳаёт.
Менга аталгану ёқмаган баёт.
Ҳеч бирин назарга илмайин ҳайҳот –
Раббимдан рубобий ишқни истадим…
Баъзида қистадим, баъзан ўтиндим,
Аразлаб кетдиму қайтдим, юкиндим…
Ашкдамас, ҳар сўзда унга тўкилдим,
Мадад бер, ё Раббим, сенга интилдим!
Гарчи томиримда шамол сурони,
Гарчи юрагимда ҳислар туғёни.
Бузиб юбормасим митти дунёни,
Раббим, бир ишқ бергин, англай рўёни!
4/01/2013
***
Жим-житлик…
Осудалик…
Соғинишнинг шовқини аро –
жим шаҳарда юзади руҳим…
Телба қўллар юлдузни истар,
Пойим ерни маҳкам қучади.
Мен дарахтга ҳавас қилганим –
Нигоҳингиз унга тушади.
Тун… Осмонсиз ой…
Руҳим кезар соямдан нари.
Мен ўзимга чўкиб кетяпман,
Қутқармоққа қўлингиз қани?!
Нега шаҳар шовқинларида
Гул руҳимни босиб олдингиз?
Энди сиздан қандай кетайин –
Шамойилда қолган пойингиз…
Тангрим, қутқар, бу тўфонингдан,
Йўқса дунёлар ҳам остин-устундир…
Мен севгани, мени севгани –
Тушунмоққа бир дўстим йўқдир…
УМР МАНЗИЛИ
Олис манзилларни истайди кўнгил,
Узоқ манзилларга боғланган ришта.
Умид ипларини боғлабон дилга
Орзулар тўқийди масъум фаришта.
Тонггача бир ширин эртак тўқилар,
Умид манзиллари борар ёришиб.
Менинг телба туйғум шундай тўкилар,
Орзулар, умидлар, ғамлар қоришиб….
***
Телбаликнинг ёзуғи қизиқ…
Бир умр бор –
Бахтида бисёр чизиқ.
Кўрган кунин диёрида
Шодлиги гуллар гўё.
Асли дарддан туғилган
Севинчи тулларми ё?…
Яшайди телба умр,
Яшнайди ғамгин умр,
Кўрган кунин ортида
Фақат ғамхона турур.
Димоғида дард иси,
Кипригида ғам ўсган.
Гул юзининг чеккаси –
Ҳажр билан тўсилган.
Ойлар ҳеч не. Талпингани –
Қуёшдан ҳам йироқда.
Яшаяпти ҳозирча –
Ҳаёт деган титроқда…