Гўзалой Солиҳ (Матёқубова) 1984 йил 13 январда Хоразм вилояти Янгибозор туманида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Олий адабиёт” курсини тугатган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида (бакалавр), Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида (магистр) таҳсил олган.
“Хаёл сўқмоғи” шеърий тўплами (2009), “Меҳр риштаси” (2010) ҳикоялар тўплами, “Ғолиба” (2019) қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилган. Ижод намуналари рус, инглиз, турк, азарбайжон, ветьнам тилларига таржима қилинган.
“Огаҳий”, “Асиланинг жасорати” ҳужжатли фильмлари ва Суриядаги болалар ҳаёти ҳақида “Ҳали уруш тугамади” қисқа метражли фильмининг муаллифидир. Ўзбекистон давлат драма театрида “Туркистон болалари” пьесаси саҳналаштирилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
* * *
Оппоқ тонг отмоқда – баҳорнинг тонги
Тоғлар орқасидан мўралар қуёш.
Булбул навосидан уйғонган олам,
Яшамоқ истайди ўзича бебош.
Ўйноқлаб учади шўх бир қалдирғоч,
Шудрингни тўкади болари гулдан.
Туриб гул баргида очилган қийғос
Сўрайди капалак сўзлашмоқ дилдан.
Кел, капалакжон, кел, сиримни айтай,
Баҳорни севаман бор вужудимла.
Яшагим келади шодон ва хуррам,
Оламни забт этгум келар кулгула.
* * *
Жийда боғи гуллабди қаранг,
Жимжимадор гуллари майин.
Жийда гули исин совурар,
Шамол сочин силаган сайин.
Жийда боғи гуллабди қаранг,
Тароватин кўз-кўз қилади.
Ифорини таратиб, чунон,
Атиргулнинг бағрин тилади.
* * *
Хиралашди қалбим кўзгуси,
Туман ичра қолди борлиғим.
Танимадим ўзим ўзимни,
Билинмади ҳатто борлигим.
Яшайвердим тақдирга кўниб,
Шундай ўтди эрта ҳамда кеч.
Бунга кўнди вужуд ризоси,
Аммо юрак кўнолмади ҳеч.
Уввос солди бағримни тилиб,
Овозидан титради дунё.
Нолишидан менинг дардларим
Томчи бўлиб тўкилар гўё.
* * *
Кимсиз?
Айтинг, кутганиммисиз
Ёки қисматимда адашган кимса?
Кимсиз, пешонамга битилган ғамми,
Ва ё кипригимга бойланган ғусса?
Аламмисиз, таъқиб қилган минг йилдан бери,
Балки, сочларимга танғилган бахт – сиз?
Қачондир йўқотганим аллақайдадир,
Топинганим, энг сўнгги аҳд – сиз?
Балки, оний бир лаҳзада туғилган эртак,
Гуноҳу савобимга айланган сўз – сиз.
Балки, баҳоримдан қолган хотира,
Ҳали ҳаётимга келмаган куз – сиз.
Тобора юракка сингиб бораётган:
Англанмас, ўқилмас, буюк сирим – сиз.