Қаҳҳор Йўлчиев (1969)

Қаҳҳор Йўлчиев – 1969 йилда туғилган. Фарғона давлат университетининг тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Хуршидий нигоҳ”, “Мунис насим” шеърий тўпламлари; “Постмодернист адиблар” ўқув қўлланмаси; “Поэтик олам сирлари” монографияси нашр этилган.

БАҲОР

Баҳор келди, дилда ҳаяжон,
Баҳор келди,
юзда,
кўзда нур.
Баҳор келди!
Баҳор!..
Онажон,
Баҳор асли қайдан бошланур?

Ғамлардан зах босган кўнгилни,
Набиралар кулгисига тут.
Шунда, толе ранг-баранг гулин,
Йўлларингга сочади сукут.

Баҳор келди, бамисли отам,
Ҳаж сафардан қайтгани каби.
Ҳайдалган ер, ям-яшил далам,
Аждодларнинг мунис матлаби.

Гул-чечакнинг муаттар ҳиди,
Гўзалликдан маст этиб кўзни,
Уялганча сингиб ҳавога,
Уриб олар димоққа ўзни.

Энтикаман сархуш ҳаводан.
Қандай гўзал ва қандай дийдор?
Баҳор келди!
Баҳор!
Онажон!
Эзгуликлар онаси – баҳор!
Савол

Салқин кунлар шаббодасида,
Яшил боғлар ранглари синиқ.
Сувлар сокин, юзлари тиниқ,
Кимдир юрар мевали боғда.

Қуёш кекса. Ўтмайди сўзи.
Қушлар қўрқиб тўпланган шохга.
Дайди шамол – кўрмайди кўзи,
Боғдан чиқиб кетади тоғга.

Кимдан қўрқиб узилар олма,
Беҳи бехос ҳидин таратар.
Қовжирайди зарғалдоқ гуллар,
Узун кунлар нечун қисқарар?

Саволларга жавоб йўқ бунда,
Ҳамма қизиқ, шошар қайгадир.
Тушунарсиз юрганим кунда,
Қуёш юзин тўсади кимдир?

* * *

Тупроқ – вужуд,
Вужуд – тупроқ.
Кафтимдаги чизиқ бесаноқ –
Мени кутиб кезганинг йўл –
Ёлғизоёқ.

* * *

Қаторлашиб
Булутлар кетмоқда
Ҳаёт-мамот жанггига.
Кузатади тоғлар,
Боғлар,
Сувлар…
Ҳатто тупроқдан бошини кўтарди майса.

* * *

Учқур асримизнинг шиддатли куни
Ҳар онни ўлчовга солар бегумон.
Тақдирим шу эрур – ахбор замони,
Бош қашлаб туришга бермайди имкон.

Сахий куз қўйнига тўлган мевалар
Мисоли қалбларда орзулар бисёр.
Ягона бир тилда турли шевалар,
Мисоли янграйди жамики тиллар.

Қайтадан тикланар карвон йўллари,
Бир ёнда Шанхаю, бир ёнда Лондон.
Шимолий қутбга элтади бир йўл,
Бир ёнда афғонлар ёзар дастурхон.

Дунёнинг энг улуғ минбарларидан
Янграйди ўзбекча салому калом.
Юракнинг кўз етмас чуқурларидан
Уйғонар туйғулар – юртимда айём.

Ниҳоят, халқларнинг қутлуғ уйида
Ҳилпираб турибди кўк-яшил байроқ.
Ҳар одам яшайди орзу кўйида,
Кўзида порлайди улкан иштиёқ.

Бир ёнда тикланар тенгсиз шаҳарлар,
Бир ёнда ҳашарга уланар тўйлар.
Виждонлар дақиқа ҳисобин сўрар,
Бесамар ўтган он – асрга бўйлар.

Учқур асримизнинг шиддатли они
Ҳар кимни ўлчовга солар бегумон.
Яша, сев, яратгин чорлаб инсонни,
Орзулар ривожда – тор келар осмон.

* * *

Сокин тонг. Йўл бўйлаб сузади туман,
Оёғим остида оҳ тортар музлар.
Дарахтлар безабон, ҳаво ёсуман,
Зўр мақом авжида – мудрайди тузлар.

Табиат қонуни, аслида, шаксиз,
Гумон йўқ, оҳ урган музнинг дилида.
Фақат алам қилар, уч кунки рангсиз,
Туманлар қуёшни бойлаб йўлида.