Ғайрат Мажид (1976)

Ғайрат Мажид 1976 йил, 14 январда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Хўжаилмкони қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Айни дамларда у “Ёшлар” телерадиоканалида хизмат қилади. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ғайрат Мажиднинг нашр этилган китоблари рўйхати:
1. “Гул санам” (1997 й. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти.)
2. “Ҳеч кимга ўхшамайсан” (2000 й. “Ёзувчи” нашриёти)
3. “Кўзларингни соғинаман” (2006 й. “Академия” нашриёти)
4. “Кўксимдаги юлдузлар” (2008 й. “Шарқ” нашриёти)
5. “Ишққа борар йўл” (2009 й. “Ўзбекистон” нашриёти)

* * *

Ватан осмонлардан юксакда, билсанг,
Энг тоза маслагу тилакда, билсанг.
Эй одам, аввало, юракни улғайт,
Ватан юракдадир, юракда, билсанг.

* * *

Булбул ноласини гулга тўккайдир,
Осмон ёшларини гилга тўккайдир.
Дунё, сен дард нима — билмай кетасан,
Чунки дил оҳларин дилга тўккайдир.

* * *

Замон не, сен дилнинг замонида бўл,
Забон не, сен дилнинг забонида бўл.
Бошингга қисматнинг тоши ёғса ҳам,
Ҳамиша яхшилик томонида бўл.

* * *

Тоғлар сари йўллар туман ҳамиша,
Баҳор келса олам чаман ҳамиша.
Бобом айтар эди, виждон бу — элдир,
Иймон деганлари — Ватан ҳамиша.

* * *

Бир иш оғир, бири енгил кўринди,
Улар орасинда кўнгил кўринди.
Пурвиқор бул тоғлар оғамдек гўё,
Ҳар гиёҳ, ҳар майса сингил кўринди.

* * *

Тоза иймон бирла кўнгил бўлгай бут,
Дунё-чун ғам чекмоқ ишларин унут.
Ҳазрат Навоийдан мерос ҳикмат бу,
Эй дўст, тилинг бирла дилингни рост тут.

* * *

Дилни софлик билан безатмоғинг шарт,
Сенга илҳаққа қўл узатмоғинг шарт.
Норасо дунёни тузатмоқ маҳол,
Эй кўнгил, ўзингни тузатмоғинг шарт.

БАХТИЁРЛИК

Сирлашгим келади ялпизлар билан,
Қучгим келаётир қизғалдоқларни.
Биз бунёд этамиз бир кўшки азим,
Биз бунёд этамиз гўзал боғларни.

Жаннатий ифорлар сочади гуллар,
Бўйларга тўлади юрак — гулхона.
Биз шундай яшаймиз ўзимиз билан,
Биз шундай яшаймиз гўзал, мастона.

* * *

Эй янгажон, топинг менга,
Ойдан гўзал жононани.
Дудоқлари гулғунчаю
Ҳам тишлари дурдонани.

Кўрганимда рухсорини
Киприкда ёш тизилсин-эй,
Танимга жон кирсин, яна
Жоним ипи узилсин-эй.

Одобию ҳаёллари
Момоларга ўхшаб кетсин.
Келин бўлиб келганида
Кўнглим, уйим яшнаб кетсин.

Алпомишдек мард, паҳлавон
Уллар ўссин бешигида,
Барчиною Қалдирғочдек
Гуллар ўссин бешигида.

Эй янгажон, тезроқ топинг,
Гулдан гўзал жононани.
Гулрухсори Ширин, Лайли,
Зуҳро каби афсонани.

КЕТМА

Сўрама гулларнинг отини,
Гулим,
Мен, ахир, билмайман,
Танимайман,
Йўқ.
Қачон кўзларимга кириб улгурдинг,
Қадамларинг кутлуғ,
Ташрифинг қутлуғ.

Музаффар келдинг сен,
Муқаддас келдинг,
Эй менинг севгилим,
Жоним,
Жаҳоним.
Бир умрга қолгин,
Эшикларни ёп,
Кетма,
Кўзларимга келган меҳмоним.

АЙЛАНАЙИН

Кўзларимдан кўз ёш эмас, дилим томса,
Жон-эй, кўзим, дилим сенга гулим томса,
Дунё-дунё кўнгилларга тилим томса,
Айланайин ёрим, гулим, жоним Ватан.

Барчинларга элтади бу отлар яхши,
Юрагимжон, ўзинг топган зотлар яхши,
Алвон-алвон хотиралар, ёдлар яхши,
Айланайин ёрим, гулим, жоним Ватан.

Осмонлар паст, осмонларга бормайман мен,
Туфроқ турфа, барига қалб қормайман мен,
Бўлди, сендан бошқага дил ёрмайман мен,
Айланайин ёрим, гулим, жоним Ватан.

Кўнгилчамга булбулларим ин қўйдилар,
Баҳорлар гул адирларни чин қўйдилар,
Сўнг кўксимга бошларини жим қўйдилар,
Айланайин ёрим, гулим, жоним Ватан.

Айтмайсанми, бу қандайин оҳлар бўлди,
Оҳлар дилни гул шохига боғлар бўлди,
Боғлар боқинг, бирам гўзал чоғлар бўлди,
Айланайин ёрим, гулим, жоним Ватан.

ҲАЙРАТ

Лоларух тонгларда учган хазонлар,
Заминга беозор тушган хазонлар,
Туфроқни ёридай қучган хазонлар,
Мен кимнинг бахтиман,
Сен кимнинг бахти?

Тўлқин-тўлқин бўлиб оққан адирлар,
Товланиб кўкларга боққан адирлар,
Аланга бўлиб дил ёққан адирлар,
Мен кимнинг бахтиман,
Сен кимнинг бахти?

Шивирлаб-шивирлаб эсган шамоллар,
Гулларнинг қалбини сезган шамоллар,
Дунёни минг марта кезган шамоллар,
Мен кимнинг бахтиман,
Сен кимнинг бахти?

Ичи тўла гавҳар, маржон дарёлар,
Гоҳо маржонлари арзон дарёлар,
Гўё йўлга чиққан карвон дарёлар,
Мен кимнинг бахтиман,
Сен кимнинг бахти?

Кўзимдан думалаб тушган юлдузлар,
Кўксимни тимдалаб тушган юлдузлар,
Дил бўлиб, дил тилаб тушган юлдузлар,
Мен кимнинг бахтиман,
Сен кимнинг бахти?

ЗУЛФИЖОН

Зулфи, зулфи, зулфи жон,
Надир қалбнинг урфи, жон.
Меҳр билан очилур
Кўнгилларнинг қулфи, жон.
Орзу дилим арки, жон,
Ғам ҳам унинг кўрки, жон.
Соғинч нима билмасам,
Қилсам яхши тарки жон.
Армон умрим шарҳи, жон,
Ишончларим барқи, жон.
Зарлар билан ўлчанмас,
Юракларнинг нархи, жон.
Зулфи, зулфи, зулфи жон,
Севги қалбим урфи, жон.
Очилади ишқ билан,
Кўнгилчамнинг қулфи, жон.
Руҳим буткул шеърга жон,
Руҳдай тоза сирга жон.
Сенсиз яшаб бўлмайди,
Сен-ла, сен-ла бирга жон.

ҚЎШИҚ

Дилдаги оҳим гўзал,
Кўкдаги моҳим гўзал.
Келмайсан келгин десам,
Надир гуноҳим, гўзал.
Сочлари денгиз, дедим,
Оламда тенгсиз, дедим.
Оҳ, сенга элтар йўллар,
Бунчалар сўнгсиз, дедим.
Куз, сенинг хазонинг кўп,
Эй шамол, тўзонинг кўп.
Ошуфта кўнглим учун
Аталган армонинг кўп.
Сен ойга кўзгу, билсанг,
Умидим эзгу, билсанг,
Дунёда муҳаббату
Садоқат мангу, билсанг.

* * *

Бир мунис ифорлар димоғимдадир,
Токи, қизғалдоқзор юрак бор токим.
Бир ҳовуч тун кафту бармоғимдадир,
Айт, ким у қуёшга кетаётган, ким?!

Намчил ҳаволар ҳам кетдилар титраб,
Ҳамиша қалбимда ўйлари ҳоким.
Қарашлари менга ўхшайди, ё раб,
Айт, ким у қуёшга кетаётган, ким?!

Оламни қоплади ям-яшил туйғу,
Дунё йиғламоқда… сўкилди чоким.
Эзилиб, ҳам эзиб янграган чолғу,
Айт, ким у қуёшга кетаётган, ким?!

Ғамлар сайхонида қалбларим қуроқ,
Чиндан ҳам ўзимми, ўзимман балким.
Барибир коинот қадар бир сўроқ,
Айт, ким у қуёшга кетаётган, ким?!

Бир мунис ифорлар димоғимдадир.

* * *

Ўзича қуёшдек порлар сурайё,
Умидим тонгларга айласам сафар.
Кўзим ёшларида гуллаган дунё,
Нилуфар, нилуфар, нилуфар.

Меҳр юлдузлари кўкларда олис,
Кўзим учқунидан сачраган гавҳар.
Телба юрагимдай, ғамимдай холис,
Нилуфар, нилуфар, нилуфар.

Нафиса оҳанглар сочди дил гули,
Бу қандай тароват, бу қандай ифор.
Кун десам кунлардан тафтли, ёғдули,
Нилуфар, нилуфар, нилуфар.

Ўйларинг чангида тўхтаб қолди вақт,
Соҳира туйғулар рангида саҳар.
Бахтлардан ясалган илоҳий бир тахт,
Нилуфар, нилуфар, нилуфар.

* * *

Оҳ, бунчалар гўзал бу сукун,
Осмон жимдир, замин ҳам жимдир.
Мен кимнидир эсладим шу пайт,
Кимдир мени унутди, Кимдир.

Шовқин-сурон, бақир-чақирлар,
Гулни синдир, кўнгилни синдир.
Мен йўқотдим кимнидир шу чоқ,
Кимдир мени топди, ҳа, Кимдир.

* * *

Сендан нени яширай, дунё,
Кимлар жасур, ботир бўлади.
Тўлқинлари қалбим дарёсин,
Нигоҳимда содир бўлади.

Харсангларинг эрийди қордай,
Ёшим-маржон, нодир бўлади.
Қодир эгам ҳолим забундир,
Сен бор дилим қодир бўлади.

Оппоқ гуллар бошимда маним,
Қара, оппоқ адир бўлади.
Холис-холис орзуларим мўл,
Бир кун гўзал надир бўлади.

Кунлар кунга айланар унда,
Зангор-зангор хотир бўлади.
Илдизларим дунё бошидан,
Гул сочар, гул отур бўлади.

* * *

Ҳеч кимга кўрсатмайман,
Қалбимдаги ярамни.
Дунёга бергим келмас,
Кўксимдаги ноламни.
Худо ўзинг асрагин,
Қайсаргина боламни.
Ёлғизгина боламни.
Ўжаргина боламни.
Эрка ўсган айтганин,
Қилдирмасадан қўймайди.
Мен биламан бу ҳолда,
Кўплар уни суймайди.
Мен гул бўлсам ажралмас,
Япроғим-да, боламжон,
Авайлайман, асрайман,
Қароғим-да, боламжон.
Эр йигитдир, нокаслар
Отган тошдан қўрқмайди,
Юрагига зил бўлиб
Ботган тошдан қўрқмайди.
Дил дардида, розиман,
Нотинч куни кўп бўлсин,
Лек умр сўқмоғида
Севинч куни кўп бўлсин.
Оламларга нурафшон,
Ҳаёт бергиси келар.
Ҳеч ким айта олмаган,
Баёт бергиси келар.
Худо, ўзинг асрагин,
Ёлғизгина боламни.
Қайсаргина боламни,
Ўжаргина боламни.

* * *

Рост эрур дил эртаги,
Бу гилам учоғим-да.
Лолами лабингдаги,
Қуёшми қучоғимда.

Япроқлар оқиб борар,
Тупроқлар оқиб борар.
Титроқлар оқиб борар,
Бу росту ушшоғимда.

Оҳ, оғриқ узун бўлди,
Минг сирли афсун бўлди.
Кимлардан изн бўлди,
Ишқми дил-ўчоғимда.

Очилиб ётурсанми,
Соч илиб ётурсанми.
Сочилиб ётурсанми,
Ҳар бўлак, ушоғимда.

* * *

Баланд-баланд тоғлардан,
Учиб борар тулпорим.
Сени излаб боғлардан,
Ўтаяпман, дилдорим.

Баҳор берган тугунни,
Очдим дунё чаманзор.
Гулдан гўзал ҳуснингни,
Кўрмоққа дил интизор.

Умрим ўтиб борадур,
Ўтмас сенинг ғамларинг.
Дунё, дилим сўродур,
Тугайдими камларинг.

Ҳавас қилган сарвлар,
Бўйларингдан айлансам.
Шамолларда саросар,
Сочларингга бойлансам.

Ой нимадир боқмайман,
Юзинг ундан чиройли.
Оҳуларга қарасам,
Кўзинг ундан чиройли.

Сенсиз ҳаёт айт, надир,
Сен қўшиғим, алёрим.
Баҳор, менга топиб бер,
Қайда менинг баҳорим.

* * *

Макр тўла дунё, сергакроқ бўлгин,
Ва барча тошларга тайёр тур юрак.
Ахир, мўъжизага кўмиб оламни,
Барибир, барибир яшашинг керак.

Чайир қайғуларинг бағрида, маҳкам
Қаддингни тик тутгин, тераклар каби.
Йўқ, бунда ҳамманинг бизга тикилган
Покиза эмасдир кўзлар матлаби.

Эскирган ўйларнинг баҳридан ўтгил,
Чиркин кулгуларга берма эътибор.
Биламан, минг марта қийнаб ўзингни
Яна юпатасан ўзингни минг бор.

Юрак, насиҳатлар сенга не даркор,
Шундай ҳам ҳисларинг нурли, зиёли.
Сенга ёруғ бахтлар бермоқ истайман,
Дунёнинг энг мунис, эрка аёли.