Гавҳар Усмонова (1970)

Гавҳар Усмонова 1970 йилда Нарпай туманида туғилган. СамДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

СЕН – ГУЛСАН

Пойида изғирин гуллаган,
Розини зоғларга сўйлаган,
Хазонлар қўшиғин куйлаган,
Сен – гулсан!

Бағрингга яшириб ишқ ёдин,
Тингламай булбулнинг фарёдин,
Гўзаллик изладинг дунёдин,
Сен – гулсан!

Сен – гулсан, гулзорга ёқмаган,
Кўнглида ойдинлик оқмаган
Шодликлар жамалак тақмаган.
Сен – гулсан!

Кўзида табассум йиғлаган,
Сен – гулсан, ёт қўллар тегмаган.
Йилларга бошини эгмаган…
Сен – гулсан!

Қатқалоқ заминнинг бағрида,
Ғазабнинг ғазабли қаҳрида.
Уйғонган саробнинг баҳрида.
Сен – гулсан!

Жисмида армонлар тош қотган,
Қувончи кўз ёшин юпатган.
Ғам тонгин умидлар уйғотган,
Сен – гулсан!

ЭСЛАШ

Нигоҳида бутун бир ҳаёт,
Меҳр тўкар илоҳий шуур.
Шеърларидан топардим қанот,
Қўшиғидан тараларди нур.

Қақроқ дилга оққан булоқми?
Фарғоналар шунча узоқми?

Кимни дард-у кимни ишқ атаб,
Эҳтиётлаб гўё кафтида.
Ёмон кўз-у сўзлардан асраб,
Иситарди юрак тафтида.

Осмонимни тўлдирган моҳми?
Фарғоналар шунча узоқми?

Нозик баҳор бир гули униб,
Яшнар эди мисраларида.
Шабнамларни кўрмайин раво,
Сувлар қуяр эди барида.

Энди кўнглим хазонми, боғми?
Фарғоналар шунча узоқми?

Тоза, ҳадсиз хаёлларида,
Яйрар эди ҳуркак бир оҳу.
Оҳ, у дамлар – ширин хотира,
Оҳ, у дамлар – энг аччиқ қайғу.

Суянганим ҳу ўша тоғми?
Фарғоналар шунча узоқми?

Ҳар кўрганда юрак тоғ эди,
Йиллар олиб кетди тоғимни.
Руҳим хазон билмас боғ эди,
Кузлар сарғайтирди боғимни.

Энди йўллар баъзан тузоқми?
Фарғоналар шунча узоқми?