Гавҳар Ибодуллаева (1961)

Гавҳар Ибодуллаева 1961 йилда туғилган. Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. “Қутлуғ сўзлар”, “Бир вужуд соғинч”, “Юрагимда яшаётган сир”  номли китоблари чоп этилган. Асарлари “Уч томир”, “Муборак кунлар”, “Эллик наво”, “Шовот мавжлари”, “Тўмарис издошлари”, “Хоразм оҳанглари”, “Онажон”, “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” каби тўпламлар, “Ўзбек адабиёти антологияси” дан ўрин олган.

* * *

Фақат кўзим яшайди сиз-ла,
нигоҳим зимнида
бир суврат муқим.

Фақат рангим яшайди сиз-ла,
қайноқ кафтларингиз
соғиниб.

Фақат сўзим яшайди сиз-ла,
ҳар куни минг бора
исмингиз алқаб.

Фақат бўзим яшайди сиз-ла,
келар йўлингизда
оғриниб.

Юрагим. Тилагим. Хоҳиш. Иродам.
Орзуим. Армоним. Оҳим. Ва зорим.
Бари-бари  сиз билан бирга.

Фақат,
ўзим яшай олмайман
сиз билан…

* * *

Севаман денг,
қисмат йўлига
бу сўзингиз садақа бўлсин.
Севаман денг,
маъшуқа руҳнинг
шодон бўлиб, қалби-да тўлсин.

Севаман денг,
иномни қалбдан
этагимга ташланг нон каби.
Зору нолон
очиққан қалбнинг
кўзи тўйсин, тўйинсин таъби.

Хайр қилинг,
бир томчи сувдай
токи, жон вужудга қуйилсин.
Севаманг денг,
шафоат этинг,
пешонамнинг шўри ювилсин.

Севаман денг,
шу зар тиллони
бир чақадай солинг кафтимга.
Сўнгги нафас,
сўнгги дамгача
божу хирож бўлсин бахтимга.

Севаман денг, марҳамат қилинг,
тортиқ этинг дунёга ишқни.
Сўнгра ҳайдаб
солинг майлига,
сўнгра қайтиб очманг эшикни…

Фақат,
севаман денг бир бора…

* * *

Ҳаммаси тугади,
ҳаммаси тамом,
ҳукми Ҳақ –
видони чўзиб нетаман?
Дийдамдан дур бўлиб оқар
дунёнгиз,
мен унга дилимни қўйиб кетаман!

Ҳаммаси тугади,
ҳаммаси тамом,
энди нақд сукутнинг қўлин тутаман.
Фикрим – чош,
кўзим – ёш,
дилингиз эса тош,
шу тошга исмимни ўйиб кетаман!

* * *

Сизни соғинсам гар,
юрагим
эсимга келади.

Эсимга келса гар
юрагим,
соғина бошлайман ўзимни.

Ўзимни соғина бошласам,
сиз чиқиб келасиз
қалбим тубидан.

* * *

Бунча сўроқлайсиз севасанми деб,
Сизни севдим дейиш осон эканми?
Тилларим увушса, жоним увушса,
Севги дилга ботган санчиқ, тиконми?

Сизни ўйлар бўлсам, лаҳзалар йилдек,
Кун-куним сихласа, умрим тиғласа.
Киприк қоқолмасам тунлар  ғам босиб,
Кипригим устида соғинч ухласа.

Сизга юрар бўлсам, йўлим гулласа,
Руҳимда бошланса Наврўз айёми.
Дилим оқиб кетса мендан илгари,
Севги қирғоқ билмас тошқин дарёми?

Сизни кўрар бўлсам, ўз дунём абас,
Дилни пораласам, бағримни тилсам.
Майли, кўрмасам-да, майли, етмасам,
Ҳажрингиз малолин бўйнимга илсам!

Сизни топар бўлсам, ўзни йўқотсам,
Жонимга ёприлса ҳислар қуюни.
Илкис довдирасам, тинсам, тутилсам,
Бошим гангиса бу бахтдан суюниб.

Сизга талпинишдан толмаса юрак,
Охири бўлмаса бу ширин тушнинг.
Айтинг, нима қилсин, айтинг, не десин,
Забони бўлмаса шўрлик бу  қушнинг?

Бунча сўроқламанг севасанми деб,
Сизни севдим дейиш осон эканми?..

* * *

Сулув йигит, ҳув йигит,
Гоҳ масъум, гоҳ қув йигит,
Умр – оқар сув, йигит,
Қайтмас имкон муборак!

Шаҳло кўзим, ёш кўзим.
Эгилди-ку бош, кўзим.
Нечун жимсан, тош, кўзим,
Жон ўртар он муборак!

Қора сочим, тун сочим,
Гоҳ алиф, гоҳ нун сочим,
Бу не қора кун, сочим,
Зулф паришон муборак!

Хазон кўнглим, боғ кўнглим,
Гоҳ жарлик, гоҳ тоғ кўнглим,
Қаён  боқсам  доғ кўнглим,
Мангу ҳижрон муборак!

Ўксик бағрим, хуш бағрим,
Қулочи оққуш, бағрим,
Бу ўнгми ё туш, бағрим,
Лиммо-лим қон муборак!

Чиройли қиз, гўзал қиз,
Кулгичлари – ғазал қиз,
Муҳаббат йўқ, азал, қиз,
Гўзал армон муборак!…

Чиройли қиз, гўзал қиз,
Сулув йигит, ҳ-у-у-у-в йигит!..