Ҳамидулла Акбаров. Нигоҳлари сўнмас санъаткор

(Ўзбекистон халқ артисти Обид Жалилов таваллудига 120 йил тўлди)

Камина буюк актёр Обид Жалиловнинг суҳбатларида бевосита қатнашмаган бўлсам-да, феълу табиати, актёрлик маҳорати ҳақида тўлқинланиб, ҳаяжон билан сўзланган нутқларни кўп эшитганман. Халқимизнинг ардоқли шоири, ажойиб инсон Туроб Тўла: “Унинг томошага қизиқиши тўй-маросимларни кўришидан бошланган. Бўлғуси актёр тўкин дастурхонга эмас, созандаю хонандалар ижросида атроф-жавонибни кезиб юрган дилбар оҳангларга маҳлиё бўларди”, – деганларида, бу санъаткор ўтган асрнинг 40–50-йилларида Вазири Аъзам (“Тоҳир ва Зуҳра” фильми), Мажидиддин (“Алишер Навоий” фильми), Солиҳбой (“Бой ила хизматчи” спектакли) каби ролларни ўйнаб, салбий персонажларнинг моҳир ижрочиси сифатида танилганини эсладим. Таниқли киноактёр Ўлмас Алихўжаев (Яратган раҳматига олсин!) устози шаънига илиқ сўзларни айтиб, шундай хотирлаган эди: “Обид акани ранг-баранг роллардагина эмас, машқ дақиқаларида, кундалик ҳаётда ҳам кўриб, сабоқ олганман. Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри – Ҳ.А.)да ишлаб юрган кезларим актёр билан боғлиқ бир қанча ибратли воқеаларга гувоҳ бўлганман. Бир куни Обид ака театрга маъюс кайфиятда кириб келдилар. Барча билан одатдагидек сўрашдилар, сўнг хоналарига кириб, пардоз қилдилар, кейин эса саҳнага чиқиб, навбатдаги қойилмақом ижрони намойиш этдилар. Спектакль тамом бўлгач, либосу гримдан холиланиб, уйга қайтмоққа чоғланган вақти эшик олдида турган катта гуруҳга бир назар ташладилар. Туйқус актёрнинг ҳолати ўзгарди, беихтиёр қуйилиб келаётган кўз ёшларини беркитмоқчи бўлиб, паст овозда: “Эртага, тонгда ҳувиллаб қолган хонадонимизга ташриф буюрарсизлар. Фарзанд доғидаман…” – дедилару, театрнинг узун ҳовлисига чиқиб кетдилар. Улуғ санъаткорнинг аламу изтироби бизга ҳам юқди, аммо… қойил қолдим! Қизидан жудо бўлган актёр ижро давомида буни томошабинларга мутлақо сездирмади. Санъаткорнинг шахсий кечинмалари образ талқинига фақат ижобий таъсир кўрсатиши, саҳнавий муҳитни сусайтирувчи кайфият, руҳий изтиробларни парда ортида қолдириш кераклигини ўша дамда тушундим”. Ўлмаснинг шу хотираларини москвалик олим, профессор С.С.Гинзбургга ҳайрат ила айтиб берганимда, у: “Бундай қилиш керакмикан? Инсон, аввало, яқинларига ҳамдард бўлиши, мавжуд ҳолатини беркитмаслиги керак”, – дея мулоҳазасини одоб билан билдирди. Эҳтимол, Гинзбург мулоҳазаларида жон бордир. Бироқ шуниси аниқки, гарчи ота сифатида бу йўқотиш Обид Жалилов қалбини ларзага солган бўлса-да, у буюк актёрларга хос жасорат ва матонатни намоён қилганди.Мен эса шу каби тафсилотларни эшитганимда, артистнинг “Шоҳи сўзана” спектаклидаги Мавлон, “Гуллар очилганда” фильмидаги боғбон, “Сен етим эмассан” фильмидаги Маҳкам ота каби лирик, лирик-психологик ролларини эсладим. Актёр фақат фожиа билан интиҳо топувчи саҳна ва экран асарларида эмас, турли жанр ва услубдаги спектаклу фильмларда мукаммал ижро техникасини намоён этиши, гоҳо ғазабнок, гоҳо лирик кайфиятга кириб, турфа образлар яратишига амин бўлдим. Ҳолбуки, бунга эришиш учун актёр ҳар сафар персонаж ҳолатига қайта кириши талаб этилади.

Яна бир воқеа. Обид аканинг хонадони ўша вақтлар Навоий кўчасида жойлашган “Ватан” кинотеатрининг орқасида деб эшитардим. Биз мактабнинг 9–10-синф ўқувчилари баъзан дарсдан кейин (айрим ҳолларда дарсдан “қуён” бўлиб) кинога кирардик. Шунда ўша Ҳадра майдонида Обид Жалилов салобат билан кетаётганларини кўп кўрганман. Йўловчилар қатори актёрни кузатиб борардим. Ҳозир шуларни ёзаётган паллам ўша манзарани аниқ-тиниқ кўргандек бўляпман. Узун камзул, дўппи кийган артист теварак-атрофдагиларни худди сезмагандек йўлида давом этар, кимдир қўлини бигиз қилиб: “Анави Навоийнинг душмани. Вазир ролини ўйнаган. Роса ўхшатган-да!” – деса, яна бири: “Тоҳирни кўролмай, дор остига олиб келган ҳам шу бўлади!” – деб ёқасини ушларди. Бу манзара марказидаги артистнинг кийимидан тортиб хатти-ҳаракатигача эътиборимни тортар, бир маромда қадам ташлаши, ўтган-кетганнинг луқмасини назар-писанд қилмаслиги қизиқишимни оширарди.

Ўша кезлари ёзувчи Раҳмат Файзий мурувватли ҳамшаҳарларимиз Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри Акромованинг уруш йиллари кўрсатган жасоратини мадҳ этиб, сценарий ёза бошлаганидан хабардор эдим. Адиб билан Кўкча даҳасидаги хонадони, телевидение студияси, “Халқлар дўстлиги” номини олган майдон (ҳозирги “Истиқлол” санъат саройи – Ҳ.А.)да учрашиб, суҳбат қурганимда, қимматли маълумотларга эга бўлгандим. “Мен Лутфихоним Саримсоқова ва Обид Жалиловдан бағоят миннатдорман. Узоқ йиллар Шомаҳмудовларга қўшни бўлиб яшадим. Баҳри аяни ҳам, Шоаҳмад акани ҳам кўп ўрганиб, минг карра раҳматлар айтиб, офарин сизларга деб юрардим. Сценарий устида иш бошлаган кезларим Маҳкам ота (фильмда бош қаҳрамонларнинг исми ўзгартирилган эди – Ҳ.А.) қиёфасини Обид Жалилов ижроси, либоси, энг муҳими – ҳолатида кўра бошладим. Унинг ёнида гирдикапалак бўлиб юрган Фотима аяни Лутфихоним Саримсоқова ижросида тасаввур қилдим. Ойлар ўтиб, суратга олиш кунлари яқинлашганида, очиқ ҳавода қурилган декорация, Ботаника боғида фильм учун барпо этилган “хонадон”да Обид ака Шоаҳмад отанинг ўзгинаси бўлганини, Лутфихоним ая Баҳри аядек меҳрли, самимий эканини кўриб, беҳад қувондим. Урушдан жабр кўрган етимларга бошпана бериб, ардоқлаган, қалб қўри билан вояга етказган оддий ўзбек оиласи фильмда қанчалик ишонарли талқин қилинган бўлса, бу фақат актёрларнинг юксак маҳоратидан далолат эди”.

Энди бевосита фильмдаги Маҳкам ота образига келсак, актёр Обид Жалилов ижроси бу гал ҳам юксак савияда эканини ҳис қиламиз. Меҳрли нигоҳи, бир шингил ширин сўзи, ўзга юрт фарзандларига муҳаббати, умр йўлдоши Фотима аяга самимий муносабати, исён кўтарган Ваняни унсиз юпатиши, ғазабнок чеҳрада аста ота меҳри акс этиши ва айни ҳолатнинг йирик планда кўрсатилиши томошабин кўнглини беихтиёр юмшатади. Ўз хатосидан уялган Ваня ярашиш илинжида ота ҳузурига келади. Маҳкам ота болани олисдан кўриб, меҳри товланади, бир ярим кун мулоқотда бўлмаган ўғлига соғинч ила назар ташлайди. Бу нигоҳда самимий меҳр, қайғу ҳасрат, соғинч ва ҳижрон туйғулари бирдек мужассам. Бундай мураккаб ҳолатни оний фурсатда, турли кадрларда кўрсата олиш кўп актёрларнинг қўлидан келавермайди. Ота пешонасида марвариддек тер доналари пайдо бўлади. Кадрлар куни билан устахонадан чиқмай, оғир болға билан меҳнат қилаётган отанинг чарчоғи, ташналигидан хабар беради, гўё. Ўғли билан дийдорлашган Маҳкам ота ҳужранинг нариги чеккасида турган челакка ишора қилиб: “Сув бергин, ўғлим”, – дейди. Ваня чопқиллаб катта темир чўмичда сув олиб келади. Симириб сув ичаётган ота кўзларини ўғлидан узмайди, чанқоғи қонгач, бор ҳарорати билан фарзандини бағрига босади. Бундай манзарани унутиб бўлармиди?!

Актёр фильмда нигоҳлар ҳал қилувчи ўрин тутишини таъкидлар экан, шундай дейди: “Қаранг, Маҳкам ота рафиқаси Фотимага қандай назар ташлаяпти, асраб олган, бироқ юрагининг бир парчасига айланган болаларига-чи? Бир зумда ўтиб кетаётган кадрларда турли халқ фарзандларини ювиб-тараб, меҳр бераётган умр йўлдошига миннатдорчилиги, ачинишу ардоғини бирдек ифодалаш керак эди. Сўз билан эмас, ўзгача нигоҳ, юрак қўри билан”.

Энди театр дунёсига назар ташлаймиз. 1961 йил атоқли шоир ва драматург Мақсуд Шайхзоданинг шекспирона эҳтирос билан ёзилган “Мирзо Улуғбек” тарихий фожиаси ҳозирги Миллий театрда саҳнага қўйилади. Режиссёр Александр Гинзбург пьесадаги энг характерли ва зиддиятли персонажлардан бири – Пири Зиндонийни Обид Жалиловга ишониб топширади. Ярим асрлик зиндон азобини кўриб, ёруғ оламдан узилиб қолган Пири Зиндоний Мирзо Улуғбек (Шукур Бурҳонов) билан мулоқотида мағрур оҳангда сўзлайди, маслаги, эътиқодидан қайтмайди. Шайхзода фожиасида образнинг теран дунёси, фикрлар эволюциясини яратиш учун барча тасвиру изоҳлар яққол кўриниб турарди. Буюк Соҳибқиронга бўйсунмаган иродали, довюрак бу шахс заковатли олим – Улуғбек қатл этилгач, шу вақтгача ёш тўкмаганини таъкидлар экан: “Энди ҳеч кимсадан уялмай мен йиғлайман, юрак қони билан йиғлайман, етим қолган эл дардига куйиб йиғлайман”, – дея дарду изтиробини тўкиб солганида, томошага келганлар ҳаяжондан қалқиб кетарди. Мирзо Улуғбекдек “олам кўрмаган султон” фожиасидан мутаассир шахснинг сўнгсиз фарёди, юрак эврилишлари буюк олим жаллодларига нафрат уйғотарди.

Спектаклда қирқ йил мамлакатни адолат билан бошқариб, юлдузлар жадвалини тузган, самоватнинг сирли тоқига қадам қўйиб, тарих саҳнида абадий ном қолдирган – Мирзо Улуғбек сиймосини Пири Зиндоний нигоҳи билан идрок этиш мумкин.

Обид Жалилов фаолиятининг фавқулодда аҳамияти шундаки, у ўтмиш, ўз даври (ўтган асрнинг 30–60-йиллари) ва бугунги кун учун бирдек эстетик-маърифий қимматга эга. Ҳозир актёрлардан саҳна ва экран асарлари, турфа сериаллару ток-шоуларда қизғин, узлуксиз иштирок талаб қилинаётганида, ижро ҳамда уни таъминловчи ҳодисалар ҳақида ўйлаб қоласан.

Адолат юзасидан шуни айтиш керакки, Обид Жалилов ижросидаги барча роллар адабий жиҳатдан мукаммал яратилган, деб бўлмайди. Ҳатто Абдулла Қаҳҳордек устоз адиб қаламига мансуб “Шоҳи сўзана” пьесаси ва шу асосда ёзилган сценарийда бош қаҳрамон – Мавлон образининг бир ёқлама экани актёр ижросига таъсир кўрсатганди.

Обид аканинг ўгитларини эшитмаганман. Аммо унинг иштирокидаги фильмларни қайта-қайта кўрганимда, умрбод санъатни севиб, кино сирларини бевосита суратга олиш майдонлари, овоз ёзиш, монтаж студияларида англаб, ўзлаштириб, машҳур киноактёр даражасига етганини англайман ва ғойибона бўлса-да, буюк санъаткор билан суҳбатлашгандек бўламан. “Мана бу йирик планда қаҳрамоним кўп гапиришига ҳожат йўқ. Зийрак объектив илғаб олади. Ҳолатга кириб, тўлқинланиб турсанг бас. Кайфиятни нигоҳинг билан кўрсатишинг мумкин”, – деб “Тоҳир ва Зуҳра”даги Вазири Аъзам образини таърифлайди актёр. Миллий кинематографиямизнинг мумтоз намуналаридан бири – “Алишер Навоий” фильмидаги Мажидиддин характери хусусида сўз кетганида, “Қаҳрамоним ҳолати партнёрим – Асад Исматов (Ҳусайн Бойқаро)га ҳам боғлиқ. Қаранг: мени тинглайди-ю, кўзимга боқмайди. Тескари қараб эшитади. Ҳозирча эшитади-ю, индамайди. Менга – Мажидиддинга таъсир этаяпти бу ҳолат. Ичи тўла ғазаб, адоват. Бақириб, кескин жисмоний ҳаракат қилиб эмас, аламли сўзларни сокин, ички эҳтирос билан айтиш, шу дамда жумлалар нишонга тегишига эътибор бериш лозим. Бундай ҳолатни – икки шахс муносабати, муҳитни камера, микрафон илғаб олади, тасмага муҳрлайди”, – дея ўз кўримларини баён этади. Бу ўгитлар машҳур кадрларнинг суратга олиниш жараёнини тасаввуримизда жонлантиради.

Шу тахлит Обид ака билан пинҳона суҳбатим давом этади. Бу мусоҳабада актёр катта тажрибаси, шоҳ асарлар поэтикасидан келиб чиқиб ўгитларини изҳор қилади. Кино сирлари, табиатини озми-кўпми ўрганиб, тадқиқ қилиб юрган мутахассис сифатида бу қуйма фикрларни бажонидил тинглайман. Зеро, актёр мулоҳазалари маъруза шаклида эмас, муайян кинолавҳалар, саҳна кўринишлари, психологик портретлар, кадр ва унинг ортида янгровчи сўз, таъсирчан монологда акс этади.

Бу актёрнинг театр ва кинодаги фаолиятини синчиклаб ўрганаётган тадқиқотчи икки санъат ўртасидаги тафовут ва муштарак жиҳатларни аниқ-тиниқ ҳис қилади. Айтайлик, унинг саҳна ва экрандаги Мажидиддини ижро техникаси жиҳатидан бутунлай бир-биридан фарқланади. Гарчи образ юки бир хил бўлса-да, ижроларнинг биринчиси театр эстетикаси, шарт-шароитлари ҳисобга олиниб, иккинчиси кино поэтикаси, табиати назарда тутилиб яратилганига иқрор бўлади.

Обид Жалилов болалар учун суратга олинган фильмларда ҳам ажо­йиб образлар яратди. Режиссёр Комил Ёрматовнинг “Пахтаой” бадиий фильмидаги Гармсел роли бу йўлдаги самарали изланишлардан бири бўлди. Мазкур замонавий эртак-фильм анча мураккаб композицияга асосланган бўлиб, актёрдан катта маҳорат талаб қиларди. Обид Жалилов ижросидаги Гармсел гоҳ девдек баҳайбат, гоҳ чумолидек беозор бўлиб кўринади, гоҳ қаҳқаҳа уриб, атрофни ларзага солса, гоҳ мулойим сўз айтиб, барчага завқ улашади.

Устоз санъаткор Обид Жалилов икки санъат теграсида хизмат қилди, ижрочилик техникаси ҳам шунга мувофиқ шаклланди, чинакам камолга етди. Саҳна санъати анъаналарини ўзлаштириб, роль устида чуқур изланишлар олиб борган актёр маҳорату тажрибасини экран асарларига татбиқ этди. Умумий ва ўрта пландаги кадрларда узун монологдан ихчам диалоглар, йирик портретларга ўтиш, камерани техник восита эмас, шерик актёр (партнёр) деб билиш, суратга олиш жараёнини муайян тад­рижсиз тасаввур қилиш каби ҳолатлар баъзи актёрлар ижодига салбий таъсир кўрсатади. Репетициялар чоғи матн, роль устида муттасил ишлашга одатланган Обид ака бу каби кино “тўғоноқлари”ни сабот билан енгиб ўтди. Ўз навбатида санъаткорнинг экран асарларида орттирган тажрибаси театр саҳналарида ҳам асқотди.

Шу кунларда таваллудига 120 йил тўлган улкан санъаткор, ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин сиймоларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Обид Жалилов ёди хотирамизда доим яшайди. Актёр яратган мактаб, турфа образлар шодаси узоқ йиллар руҳиятимизни тоблаб, маънавий тозариш ва юксалишга хизмат қилиши шубҳасиз.

«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 11-сон