Фарида Ҳусаинова (1959)

Фарида Ҳусаинова 1959 йилда туғилган. 1976-1980 йилларда Қўқон Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Шоиранинг “Сунбулгинам”, “Порлаётган шуъла” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.


Куз манзараси

Қушлар ташлаб кетди дарахтни,
Қалби тўла нолалар қолди.
Зумрад барглар соғинч ранггида,
Қароғида жолалар қолди.

Изтиробдан титрайди тани,
Кияр фақат ҳижронранг либос.
Соғинчини барг – мактубига
Ёзар тинмай ошиқларга хос.

Таскин берар раҳмат ёмғири,
Бошларини майин силайди.
Тортиқ этар биллурий сирға,
Поклантириб бахтин тилайди.

Синчков шамол сирин ўғирлаб,
Қалб изҳорин ўқийди очиб.
Ҳаддан ошса тортқилаб олиб,
Замин узра юборар сочиб.

Қалдирғоч

Ҳофизлар қолгайдир қалдирғоч бўлиб.
Ойдин Ҳожиева.

Чарх уради содиқ қалдирғоч,
Мовий кўкнинг кенг қучоғида.
У содиқ дўст, гулми ё бўзноч,
Муҳаббатдир дил ардоғида.

У меҳрни чуқур қилар ҳис,
Борми ёки дил тарозиси?
Кенг осмондан юмолмайди кўз,
Кенг осмондир мудом орзуси.

Айрилиқда бўзлайди нолон,
Кўзларига ёшлар тўлади.
Ҳатто, ёви – айёр илоннинг
Қўйнидаги ғашлар ўлади.

Чарх уради содиқ қалдирғоч,
Юксакларда, кўкнинг тоқида.
Бошларида садоқатдан тож,
Муҳаббатдир дил ардоғида.

Тўлдириб кел ҳаётнинг камин

Кўзларингдай мусаффо осмон,
Нур сочади зиёбахш умид.
Нур – камалак тортилган камон,
Парқуларин судрайди булут.

Исминг ёдга солади шамол,
Қувончингни ардоқлар кўнгил.
Ҳайрат ичра қуёш турар лол,
Ифорларин нисор этар гул.

Гар масофа йироқ бўлса ҳам,
Кўнгил яқин, ахир, азизим.
Армонларин қучоқлаб маҳкам,
Соғинчларим бедордир ҳар зум.

Ким айтади, осмон, деб, йироқ,
Хаёлларим қаноти учқур.
Туйғуларим гул очар бодроқ,
Сим қоққанда эътибор бир қур.

Умидларим майсаси дуркун,
Юмшоқ тортиб боради замин.
Борлиқ тутар мўъжиза ҳар кун,
Тўлдириб кел ҳаётнинг камин.

 

КЎНГИЛ  УЧУН СЕВМАНГИЗ

Шунчаки илтифот мен учун ётдир,
Шунчаки севмоқлик шоирга гуноҳ.
Йўқса томирларим куйиб кетар-ку,
Юрак токчасига тахланади оҳ.

Муҳаббат дилимнинг бебаҳо мулки,
Шунчаки ўзгага ишонолмайман.
Шунчаки туйғудан дилда изтироб,
Нетай, туйғулардан ҳеч тонолмайман.

Дерлар: “Кўнгил учун ўлмоқлик керак”,
Майли, азизим, бир кўрсатинг шафқат.
Лекин юрагингиз қўйинг майлига
Кўнгил учунгина севмангиз фақат.

ШОИРНИНГ ЮРАГИ

Баъзан  тушунмайди одамзод ўзин,
Қанча танқидларни кўтарар филдек.
Баъзан фиғонини чиқарар бир сўз,
Жон ипи омонат тортилар қилдек.

Эҳ, кўнгил торлари бунчалар нозик,
Шоирнинг юраги гулдан-да латиф.
Ҳақиқатни унга айтаверинг тик,
Тополсангиз агар юмшоқроқ таъриф.

ЁР ҚАДРИ

Қидирамиз бир инжа сатр,
Янги ташбеҳ туюлар нурли.
Топганимиз топмайди қадр,
Йироқдаги туюлар сирли.

Янги кийса шодланар киши,
Дилга таскин янги иморат.
Ҳар нарсанинг янгиси яхши,
Ёрнинг эса… эскиси фақат.

КЎНГИЛ НАҚШИ

Сўз ижро-ла кўрсатар самар,
Ваъда қарздир, қайтармоқ даркор.
Юракларда туғилмасин жар
Субутсизлик эркак учун ор.

«Бир сўзликни изланг эртакдан»,
Демангиз, лафз – кўнгиллар нақши.
Минг ваъдабоз, лафзсиз эркакдан,
Сўзда собит бир аёл яхши.