Эшқобил Вали (1965)

Эшқобил Вали 1965 йилда Пастдарғом туманида туғилган. Самарқанд Давлат Университида таҳсил олган. Ҳозирда СамДЧТИ жаҳон адабиёти кафедраси мудири, «Хорижий филология: тил, адабиёт, таълим» илмий-услубий, адабий-бадиий журналининг масъул котиби. Унинг «Пахса қишлоғим» , «Минг иккинчи кеча» , «Сукунат мулки» каби китоблари чоп этилган.

* * *

Яшай билсам қучоғингда қадрга монанд,
Чин қадрга рутба йўқдир, бундан-да баланд,
Олий бахтим, ғурурим – мен сенга фарзанд,
Қонима-қон, қутлуғ макон – Самарқанд бу!

Қўллаб турар топинганни пок руҳлари,
Бунда унут юпунликнинг андуҳлари,
Эртак сўйлар буюк мозий қолдиқлари,
Садқаи жон, қутлуғ макон – Самарқанд бу!

Минорида гиёҳ ўсар ўзбекона,
Соясида юлдуз санар, шоҳ шоҳона,
Бунга омад излаб келар, дўст, бегона,
Риштаи жон, қутлуғ макон – Самарқанд бу!

Кетолмайман, бошқа бирор-бир маконга,
Жой бўлмас-ку, қўш муҳаббат битта жонга,
Алишмайман шон-шуҳратни Самарқандга,
Жонима-жон, қутлуғ макон – Самарқанд бу!

* * *

Фол очганим болаликда  бекор-бекор,
Учиб кетган  орзуларим турнақатор,
Етказмасми дилгинангга зарра озор,
Эй, бахтли бахтсизим, бормисан, омон?!.

Сўнмас экан мухаббатнинг  чироғи ҳеч,
Кўнгил порлаб қолар экан эртами-кеч,
Хотирамда сўнмас бўлган танҳо севинч,
Эй, бахтли бахтсизим, бормисан шодон?!.

Ялтироқ  сарполарнинг жозибаси кўп,
Бахт аталган кўшкнинг шоҳсупаси кўп,
Энди  кўнгилларнинг  соҳибаси  кўп,
Эй, бахтли бахтсизим, соғиндим  ёмон?!.

Кибор орзуларнинг содда ҳаммоли,
Сенсиз ҳар кунимнинг ортар малоли,
Сен – висол, мен – айрилиқ, жуфти ҳалоли,
Эй, бахтли бахтсизим, қўлласин осмон!..

* * *

Биз ҳавода муаллақ вақтмиз:
Гоҳ эртароқ, гоҳида кечмиз.
Ўтмиш экиб кетган дарахтмиз:
Гоҳ мевали, гоҳида ҳечмиз.

…Март тугмасин ечар ялпизнинг,
Кўк уммонга чўкади тақрон.
Уйқулари учар қўнғизнинг,
Ўз ҳолига табиат ҳайрон.

Айланади вақт – тегирмон,
Симсимланиб ёнади излар.
Вақт тандири узатади нон –
Дийдадаги тош қотган ҳисдан.

* * *

Мен, ишқ деб йиқилдим, туриб кетаман,
Сен тан олмасанг-да, юриб кетаман.
Боши берк кўчангнинг чанггини ютиб,
Кишмишхўр отимни буриб кетаман.

Алпомиш атайман, энди, ўзимни,
Бойчибор бўлади кишмишхўр отим.
Танҳо кезиб юргум, бийдай Чамбилни,
Балки учратарман Қоражон зотин.

Ачинмайман, асло, ачинма сен ҳам,
Жавобсиз муҳаббат – бўлмағур бир гап.
Ҳали туғилмаган Барчиной дилбар,
Ҳали ўлпон сўраш бўлмаган одат…

Бу қишлоқнинг кўчалари тор экан…

* * *

Сукут-ла боқаман, теварак-ёнга:
Кимлардир – муғамбир, кимлардир – сўзбоз.
Кўксимда бир нарса олар аланга:
Оз-оз,
оз-оз,
оз-оз.

Кимларга ишондим, алдади мени,
Кимларга меҳр бердим, қилди хиёнат.
Хўрсиниб эслайман, энди ҳар куни,
Қалбимнинг қаърига чўкиб диёнат.

Хомталаш туйғулар залворли, оғир,
Малоллик келтирар ёнимда сўзбоз.
Кўксимда бир нарса симиллаб оғрир:
Оз-оз,
оз-оз,
оз-оз…

* * *

Ўн беш кунлик ойдин кунгурак
Лабларингга тўкмиш  табассум.
Регистонда сайр этган малак,
Мен ҳуснингдан лол қолдим бир зум.

Тиллакори  деворида  нақш,
Қароғимга битилган ашъор.
Бунча сўлим, бунча оромбахш,
Изларингдан таралган ифор?

На мулким  бор, на етар ҳукмим,
Тўхтатгали сени муваққат.
Юрагимда лиқ тўла ишқим
Регистонга ва… сенга фақат!

Ой рашк қилган бу мовий гумбаз,
Бибихоним тўқиган  палак.
Шер қувлаган,  ҳув, ўшал оҳу,
Сен учрагач, йўқолган юрак!