Эркин Самандар (1935-2024)

Эркин Самандар 1935 йили Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Навхос қишлоғида туғилган. Хоразм Давлат педагогика олий билимгоҳини тугатган. Хоразм вилоятининг ноҳия рўзномаларида, «Хоразм ҳақиқати» рўзномасида, «Ёшлик» ҳамда Ўзбекистон радиотелевидениеси адабий-драматик кўрсатувлари бўлим бошлиғи, Республика Вазирлар маҳкамаси раисннинг ўринбосари лавозимларида фаолият юритди.
Унинг биринчи шеърий тўплами «Аму жилолари» номи билан 1966 йилда чоп этилади. Сўнгра «Осмон тўла нур» «Дунёнинг ёшлиги» (1970), «Вафо деган гавҳар» (1975), «Севги фасллари» (1973), «Шедрост рассвета» (1973), «Менинг йигит вақтим» (1979), «Қабул соатлари» (1980), «Соҳилдаги болалар» (1982), «Сайланма», «Юракка йўл» каби ўндан ортиқ шеърий мажмуалари чоп этилган. 2024 йил 14 апрель куни Урганч шаҳрида вафот этган.


БАҲОР ОҚШОМЛАРИ

(Туркум)

* * *

Гулдек кулар олам беозор,
Гулдек атир сочади чўп ҳам.
Чунки келмиш элимга баҳор,
Чунки кулмиш дилимда кўклам.
Симёғочда қушлар чуғ-чуғур,
Бир-бирига сўйлайди эртак.
Чунки боғда туғилмишдир нур,
Юрагимда бўртмиш гулкуртак.

* * *

Икки тундир сени кутаман,
Икки тундир сен — айтар сўзим,
Ҳар шарпага қулоқ тутаман,
Ҳар нуқтага тикаман кўзим.
Икки тундир бағрим бўлиб хун
Сифат топдим ҳуснингга ўхшаш:
Бу икки тун сочингдай узун,
Бу икки тун қошингдай туташ.

* * *

То тонггача суҳбат қурдик биз,
Ёдга олдик висол онларин.
Орзулардан яйраб иккимиз,
Эсладик ишқ хиёбонларин.
Учмас унда биз қолдирган из,
Гулларга ранг берар жамолинг.
Сўзлашдик шу ҳақда иккимиз—
Мен ва сенинг ширин хаёлинг.

* * *

Севаман. Борлиғим тилсимда,
Сўзимни саболар тингласин.
Мен билан бирлашиб кулсин-да,
Мен билан қўшилиб йиғласин.
Се-ва-ман! Майлига эшитиб,
Тоғ, дара ҳайратда қолсинлар.
Сабою, тоғу тош кўплашиб
Севгимни дилдорга айтсинлар.

* * *

Апрель. Сархуш, сармаст бир оқшом,
Мен ўт эдим, сен олов эдинг.
Севаман, деб мен ичсам қасам,
Сен ҳам дилдан, севаман, дединг.
Қанча кутдим шу битта сўзинг,
Борми энди менда ҳам армон.
Тонг отгач, ўз сўзингни ўзинг
Унутма деб фақат қўрқаман.

* * *

Юрагингни муз деб билардим,
Илимайди, дердим ҳеч қачон.
Днлингда қиш қаҳрин кўрардим
Кулганида юртда саратон.
Қандай оташ бағрингда ёнди,
Қайдин келди олов танангга!
Мен не учун қувонмай энди
Муз деганим бўлса аланга.

* * *

Мен ёмон эканман сенинг наздингда,
Юзимга айтганинг учун ташаккур.
Эрку ихтиёрим олиб ўзимдан,
Мени ёмон қилган кўзингдаги нур.
Юздаги холингдан мен ёмон бўлдим,
Лабдаги жилвангдан ёмонман, ҳайҳот.
Мен каби «ёмонлар» бўлганлар, билдим,
Биттаси Мажнундир, биттаси Фарҳод.

* * *

Отавер, отавер таъна тошини,
Ҳориб-толгунингча, тўйгунингча от.
Аёллар қўлида бу тош отилиб,
Авлоддан-авлодга ўтувчи бисот…
Келдинг деб от уни, келмадинг деб от,
Севдинг деб от уни, севмадинг деб от.
Таънанг тошларига беради бардош
Кипригинг ўқига чидаган бу бош.

* * *

Икки тоифага бўлинмиш башар,
Бор эрур яшашнинг икки маъноси.
Бу дунё ичида икки дунё яшар:
Ошиқлар
Ва ишқсизлар дунёси.
Биринчи дунёда тўрт фасл кўркам,
Тўрт фасл одамнинг ишқдир ҳамдами.
Сенинг ҳамдаминг не, билолмам ҳеч ҳам,
Эй, иккинчи дунё одами?

* * *

Ачинмайман аччиқ кунларга,
Дилга ошно зилдай оғир дам.
Ҳаёт борки, азал-азалдан
Насибадир ошиққа ситам.
Бошқа бўлар тоти севгининг,
Суйилганлар, суйганлар билар,
Аччиқ дамнинг ширинлигини
Айрилиқда куйганлар билар.

* * *

Юпатаман кўнглимни гоҳи,
Вақти йўқдир дейман келишга.
Кунлар ўтиб ва сувлар оқиб,
ЁЗ келмаса, келар-да қишга…
Келмади деб куймам армонда,
Ҳижрон мени этолмас карахт.
Унинг билан битта замонда,
Бир заминда яшаш ўзи бахт.

* * *

Жилға куйлаганда сенмисан, дебман,
Танбур куйлаганда сенмисан, дебман.
Уқдайин отилиб чиқибман боққа,
Булбул сайраганда сенмисан, дебман.
Утли хонишингга зор этдинг, ахир,
Оёқ товушингга зор этдинг, ахир.
Шунчалар зор этиш раъйинг бор экан,
Не учун ўзингга ёр этдинг, ахир!

* * *

Гоҳ кулиб ташлар нигоҳ,
Ҳажрида ўртайди гоҳ.
Гоҳ саҳар йўл пойладим,
Гоҳи тун оҳ-войладим.
Ҳам мени хон айлади,
Ҳам мени қон айлади.
Ўзи бир тинчгина қиз,
Ўзи бир кичкина қиз.

* * *

Сен тоғларга олиб келдииг нур,
Тоғлар сенга қўшиқ бердилар.
Сенга қоя осмоний ғурур
Ва ўзининг ёшини тилар.
Мен тоғларга сени деб келдим,
Тоғлар менга ишқ бердилар.
Менга қоя боқар-да, пок дил
Ва ўзининг бардошин тилар.

* * *

Мусаффодир бу кунлар борлиқ,
Навбаҳорнинг қучоғи гардсиз.
Майсаларда тирноқча доғ йўқ,
Нурдай тоза лолаю ялпиз.
Умримизда тоза бир даврон
Гул очмоқда навбаҳор мисол.
Севги боғи кулсин деб алвон,
Куртак ёзиб келмоқда висол.