Эргаш Муҳаммад (1940)

Эргаш Муҳаммад 1940 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Шоирнинг “Кунчиқар қўшиқлари”, “Заминга садоқат”, “Учинчи қутб”, “Учаётган қушлар”, “Мен туғилган уй” номли китоблари нашр этилган.

КУТИШ ВА КУЗАТИШ

Кўзларимга суркалар мезон,
Олислаб кетмоқда турналар.
Юрагимда туйғулар ларзон,
Кўз ўнгимда олам турланар.

Кўзларимга суркалар мезон,
Боққа қўнар тилларанг кулгу.
Менга ўзин этади эҳсон
Ариқ тўла тиниқ бир туйғу.

Кўзларимга суркалар мезон,
Бир йўқотиш кўкка йўғрилар.
Севинайми, йиғлайми бу он,
Янги бир чақалоқ туғилар.

Кўзларимга суркалар мезон,
Куз йўргаги кўзимга пардоз.
Кетмакдадир азиз бир меҳмон –
Турналарнинг қанотида ёз.

Кўзларимга суркалар мезон,
Яна бир бор қайтар турналар…

ҚЎЛИНГНИ ҚЎЙ ҚЎЛИМГА

Қани, дўстим, қўлингни қўй қўлимга,
Кафтга кўчсин юракдаги тафтимиз.
Куйлаб берай йўлдош бўлсанг йўлимга,
Куйга кўчсин айтолмаган гапимиз.

Қани, дўстим, қўлингни қўй қўлимга,
Кутар бизни алвон-алвон уфқлар.
Оҳиста кир, кирмоқ бўлсанг дилимга,
Дил кўшкида кўзи очиқ тонг ухлар.

Қани, дўстим, қўлингни қўй қўлимга,
Бош бармоқ ҳам кўп керилмай бирлашсин.
Эрйигитов тик боққандай ўлимга,
Тик боқайлик, кўзлар сўзсиз сирлашсин.

Қани, дўстим, қўлингни қўй қўлимга,
Йўл бошида яхши тилак тилайлик.
Куйламасман неки келса тилимга,
Эзгуликнинг тили ширин, тинглайлик.

Ҳамроҳ бўлсанг, йўлим кулар чарақлаб,
Сўнгра, мен ҳам дўст меҳрига тўярман.
Гар истасанг, кўргил, майли, варақлаб,
Юрагимни кафтинг узра қўярман.

ХАЁЛ

Орзуим кўкида кулса истиқбол,
Истиқбол офтоби бўлиб порлагай.
Умид отларида ёғдулардан ёл
Зиёга йўғрилган бахтдек порлагай –
Сўнгсиз тасаввурим даштида хаёл.

Эзгулик қўмсаган чоғида кўнгил,
Эзгулик дарахти шохалар нурдек.
Идрок эпкинида тебраниб енгил,
Фикрлар япроғин тўкади дурдек –
Сўнгсиз тасаввурим даштида хаёл.

Муҳаббат дилимга бўлганда ошна,
Муҳаббат гулхани бўлиб порлагай.
Ҳисларим талпинар саҳродек ташна,
Аланга мисоли кўкка ўрлагай –
Сўнгсиз тасаввурим даштида хаёл.

Буркаган чоғида кўнгилни қайғу,
Қайғу мўрконидир кўз олдим – уфқ.
Мўркондаги қушдек потирлар туйғу,
Қоп-қора қурумдай қуйилар қўшиқ –
Сўнгсиз тасаввурим даштида хаёл.

Ўзин кўрсатгунча, токи, кашфиёт,
Тафаккур қўйнида хаёл чопадир.
Туғилмоқ истаса бир гўзал баёт,
Албатта, уни ҳам излаб топадир –
Сўнгсиз тасаввурим даштида хаёл.

ЗАРБ

Юракдан таралар зарблар карвони,
Ютоқиб тинглайди зарбларни вужуд.
Қувончу дардларим карвон сарбони,
Зарбларда ранг-баранг оҳанглар мавжуд.

Юрагим ёнади, чақмоқдай гўё
Чақнар томирларим чақмоқлари ҳам.
Вужудим сайрайди, олам маҳлиё,
Ҳатто куйлай бошлар бармоқларим ҳам.

Тинглайман,
Мен бўлиб тинглайди олам,
Кўнглимнинг кўшкидан таралар зарблар.
Мен ҳофиз эмасман, қўлимда қалам,
Юрагим зарбига айланар ҳарфлар.

Вужудим тўлғанар, жўшиб куйлар қалб,
Мен куй қадар ўсдим…
Сен мени қўй, жим…
Мен фақат уйғотдим юрагингда зарб,
Ўз қалбинг зарбига қулоқ сол, дўстим.

РЎЁБ

Кўзларимда соғиниб яшар,
Сенга тўйиб боқмоқ нигоҳи.
Умидларим сен томон шошар,
Ахир, сенсан толе даргоҳи.

Орзуимнинг кўзлари сенда,
Бўлмоқ истар кўксингга нишон.
Сенсиз йўқдир ҳаловат менда.
Ҳаловатим сен ўзинг ишон.

Умидларим қолмасин етим,
Орзуларим бўлмасин рўё.
Интиқликдан толиқиб кетдим,
Кўрсатсанг-чи, ўзингни рўёб.

Орзуимни ой қилиб осай,
Қани, рўёб, сийнангни бургил.
Нигоҳимни бўсадек босай,
Рўёб, кулиб қаршида тургил.

Кўзларимда соғиниб яшар,
Сенга тўйиб боқмоқ нигоҳи.
Умидларим сен томон шошар,
Ахир, сенсан толе даргоҳи.

ТАБИАТ

Гўёки табиат соҳибжамол қиз,
Нозанин қиз янглиғ нозланар бу дам.
Ошиқ қалбим каби уни этиб ҳис,
Кўркам либосларга буркайди кўклам.

Гўёки табиат соҳибжамол қиз,
Ёз унга қалб тафтин тўкади ҳар дам.
Сахий қалбим каби уни этиб ҳис,
Ҳосилдан зираклар тоқади ёз ҳам.

Гўёки табиат соҳибжамол қиз,
Тегажак куз унга гиргиттон ҳар дам.
Ҳавойи хазонга уни ўраб куз,
Авраб ечинтирар, қолгани мубҳам.

Гўёки табиат соҳибжамол қиз,
Қиш уни ухлатиб суқланар ҳар дам.
Мендек жунжиктирар ғалати бир ҳис,
Оқ чойшабга ўраб дийдирар қиш ҳам.

Гўёки табиат соҳибжамол қиз,
Ҳар хил кўзда кўрар ҳар фасл уни.
Меҳр ила кўриб ҳуснини тўкис,
Кўкламу ёз мисол бўлинг мафтуни.

МЕҲР ЭШИГИ

Остонамда қараб турган ким бўлди?
Қарамоққа журъат топмай қотдим, жим.
Қўзичоқнинг дупурига уй тўлди…
Сен эмасми болалигим, шўхлигим?

Остонамда қараб турган ким бўлди,
Қарамоққа журъат топмай қотдим, жим?
Ёш қалқиган хўрсиниққа уй тўлди…
Сен эмасми армонларим, ўкинчим?

Остонамда қараб турган ким бўлди,
Қарамоққа журъат топмай қотдим, жим?
Пирпираган шам нурига уй тўлди…
Сен эмасми ўчиб, ёнган умидим?

Остонамда қараб турган ким бўлди,
Қарамоққа журъат топмай қотдим, жим?
Қўшиқларнинг чорловига уй тўлди…
Сен эмасми уйғоқ ўтган тунларим?

Остонамда қараб турган ким бўлди,
Қарамоққа журъат топмай қотдим, жим?
Югурик от дупурига уй тўлди…
Сен эмасми жилов билмас орзуим?

Кимлигингни билмоқ учун ўгрилиб,
Аста ортга қарамоққа ботиндим.
Кулиб, ўксиб, ёниб, чорлаб, югуриб –
Ўтган умрим қучоғимга отилди…

Ўзин отди, хаёл каби югуриб –
Қучоғидан меҳрлари сочилди.
Ўлтирибман. Тасбеҳ тизиб, ўгириб,
Ватан! Меҳрим эшиклари очилди…